Дунёнинг энг кучли сузувчилари Тошкентда

Бугун – 8 октябрь куни Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида жойлашган сув спорти саройида сузиш бўйича жаҳон кубоги учун беллашувлар бошланади.

08:36 | 08.10.2026
•
41
Дунёнинг энг кучли сузувчилари Тошкентда
Катталаштириш

«Ипак йўли» тури доирасида ташкил этилаётган мусобақада курраи заминимизнинг Африка, Америка, Европа, Австралия ва Осиё қитъаларидан 40 та давлатнинг 400 нафарга яқин маҳоратли вакиллари иштирок этади.

Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 51 нафар сузувчи стартга чиқади. Мусобақа дастуридан аёллар ва эркаклар ўртасида жами 34 та яккалик йўналиш ўрин олган.

Унда спортчилар 50, 100, 200 ва 400 метрга эркин, 50, 100 ва 200 метрга чалқанча, брасс ва баттерфляй усулларида, шунингдек, 100, 200 ва 400 метрга комплекс сузиш бўйича баҳс олиб боришади. Аёллар 1500 метрга, эркаклар эса 800 метрга эркин усулда стартга чиқишади.

Бугун саралаш баҳслари соат 10:00 да бошланиб, финаллар соат 19:00 да ўтказилади. 9 ва 10 октябрь кунлари саралаш мусобақалари соат 10:00 да, финаллар эса соат 18:00 да старт олади.

Тошкентдаги мусобақада жаҳон сузиш спортининг таниқли вакиллари ҳам қатнашмоқда. Жумладан, Олимпия чемпиони Камерон Макэвой ва тўрт карра Олимпия медали соҳиби Шивон Хоги каби спортчилар иштирокчилар сафидан жой олган.

Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Элдор Усмонов, Илья Сибирцев, Хуршиджон Турсунов, Анастасия Зеленская, Паризод Абдукаримова, Осиёхон Режапова ва Нигина Шарафова каби сузувчилар мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жорий йилги жаҳон кубоги уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич 1-3 октябрь кунлари Боку шаҳрида ўтказилди. Мусобақанинг учинчи босқичи 15-17 октябрь кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтади.

Жаҳон кубоги учун ўтказилаётган ушбу мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 1,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу маблаққа жаҳон рекордини ўрнатган ҳамда уч босқич якунида «Crown» соҳибига айланган спортчилар учун бериладиган қўшимча мукофотлар киритилмаган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади