“Гайка” усулидан алданиб қолманг
Кўпинча, савдодаги ҳалоллик ҳақида гап кетганда тарози – Худо рози дейишади. Бу билан тарозида тўғри тортиб, харидорнинг ҳақига ҳиёнат қилмасликка чақирилади.
Лекин барибир бозор – шайтоннинг уяси, деган гап бор. Шунинг учун сотувчига алданиб қолмаслик керак. Алдов, фириб беришнинг эса жуда кўп усуллари бор экан.
Бозорларда машҳур бўлганлардан алдовларнинг бири бу «гайка» усули. Аслида, ҳеч ким озиқ-овқат пакетига гайка қўшиб қўймайди. Одатда устаси фаранг, ҳийлагар сотувчи қўрғошин ёки темир буюмни олиб, тарозига тушганда овоз чиқармаслиги учун юмшоқ қоғозга ўрайди.
Кейин харидингизни тортишда, сотувчи эҳтиёткорлик билан жимгина пакетнинг ортига қоғозга ўроғлик гайкани қўяди. Бундай айёр “қурилма” туфайли оғирликни 50, баъзан эса 150 г. га ошириш мумкин.Бу эса сотувчининг очкўзлигига боғлиқ. Маҳсулот тортилгач, харидор сезмаслиги учун гайка тезда тарозидан пастга тушириб юборилади.
Мисол учун, 1 килограмм мандаринни 40 минг сўмга сотиб олмоқчи бўлсангиз, кўз очиб юмгунча 4-6 минг сўмга чув тушуришади.
Харидорнинг алдашнинг яна бир усулида балиқ овлашда қўлланиладиган ингичка елим ип (леска) тарозига кўринмасдиган қилиб тортилади. Маҳсулот тортилаётганда ипни бир учини сотувчи оёғида босиб туради. Бу ҳийла билан харид қилинаётган товар 100-200 грамм ортиқча тортилади. Энди қанчага чув туширишганлигини эса харидингизни нархига қараб ҳисоблаб олаверинг.
Шунинг учун бозорлардан бирор нима харид қилаётганингизда, албатта, назорат тарозисидан фойдаланиб, харидингизни қайта тортиб кўришга сира эринманг.
Анваржон Халимов
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0