Юлдузлар бренди – «Adidas» компанияси қандай тарихни босиб ўтган?
Adidas – дунёдаги энг йирик спорт кийимлари, поябзал ва жиҳозлар ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, Nike компаниясидан кейин иккинчи ўринда туради. Ушбу немис компаниясининг тарихи 70 йилдан узоқроқ даврга бориб тақалади.
Adidas асосчиси поябзалчи Адольф Дасслер ҳисобланади. Адольф болалигини "поябзалчилар шаҳри" сифатида танилган Герзогенаурах шаҳрида ўтказади. Ажабланарлиси, бу кичик Бавария шаҳрида мисли кўрилмаган миқдордаги поябзал устахоналари тўпланган эди. Балки шунинг учун ҳам кучли рақобат муҳитида немис ёшлари келажакдаги ютуқлар учун зарур бўлган кўникмаларни эгаллашга муваффақ бўлган.
Adidas компаниясининг яратилиш тарихи ҳақида ҳикоя қилишдан олдин, шуни айтиб ўтмоқчимизки, Дасслерлар оиласи дунёга нафақат Adidas, балки у билан тенг даражада машҳур бўлган «Puma» брендини ҳам тақдим этган.
Гап шундаки, Дасслерлар болаликдан пул қадрини билишган, чунки улар унчалик бой бўлмаган ва ҳамма нарсага фақат меҳнат эвазига эришган. 1920 йилларнинг бошларида улар кичик поябзал фабрикасини очадилар. Адольф Дасслер ва унинг акаси Рудольф Дасслер биргаликда поябзал бизнесини йўлга қўйишди. Дастлаб улар ногиронлар учун шиппак ва махсус поябзал тикиш билан шуғулланишган.
20 йилларнинг ўрталарига келиб эса фабрика кунига юзга яқин поябзал ишлаб чиқара бошлади. Кутилмаганда ака-ука Дасслер спорт поябзалига эътибор қаратишди ва 1928 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўра бошлашди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари ўз самарасини берди. Германиялик югурувчи Каролин Радке ака-ука Дасслернинг поябзалида 800 метрга югуриб, жаҳон рекордини ўрнатиб, Олимпия олтин медалини қўлга киритди. Бу улар учун яхшигина шуҳрат келтирди.
Бир йил ўтгач, фабрика футбол бутсаларини, бироздан кейин эса теннис поябзалларини ишлаб чиқаришни бошлади. Дасслер компанияси жадал ривожланиб борди ва 1939 йилга келиб "Gebrüder Dassler Sportschuhfabrik" кенг турдаги ишлаб чиқариш корхонасига эга эди. Бироқ Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан корхона давлат фойдасига мусодара қилинди. Заводнинг имкониятларидан фойдаланиб, у ерда ҳарбийлар учун қурол ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ҳаракат қилишди, аммо бу техник жиҳатдан имконсиз эди, кейин Дасслер заводи аскарлар учун кийим-кечак ишлаб чиқаришга ўтди.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан ва Дасслерлар отасининг ўлимидан сўнг, икки ака-ука Адольф ва Рудольф ўртасида жанжал содир бўлди. Можарога нима сабаб бўлганлиги маълум эмас, аммо ака-ука ўртасида жиддий жанжал келиб чиқади ва улар компанияни бўлишиб олади.
Айнан ўша пайтда Рудольф Дасслер «Puma»га, Адольф Дасслер эса «Adidas» компанияларига эгалик қила бошлашди.
Икки компания ва иккита ака-ука ашаддий рақибга айланди. Эҳтимол, айнан шу шиддатли рақобат вақт ўтиши билан иккала компанияни ҳам спорт кийимлари ва поябзал ишлаб чиқариш бўйича етакчилар даражасига кўтаргандир.
Ўйлайманки, кўпчилигимиз Adidasни учта чизиқ билан боғлаймиз. Ажабланарлиси шундаки, ишлаб чиқарувчи бундай декоратив элементни фақат 50 йилларнинг бошларида поябзалига қўллашни бошлаган. Адольф Дасслернинг ўзи поябзал учун ушбу дизайн вариантини ўйлаб топгани ҳақида афсоналар мавжуд. Бироқ, Финляндиянинг спорт поябзали ишлаб чиқарувчиси Карҳу аллақачон ушбу дизайндан фойдаланганлиги маълум бўлди. 1952 йилги Олимпиададан сўнг, Адольф Дасслер музокаралар давомида Финляндия Карҳу вакилларидан бундай дизайнга бўлган ҳуқуқларни сотиб олишга муваффақ бўлди.
Шу пайтдан бошлаб Adidas барчамизга таниш бўлган услубга эга бўлганди. Компания тез суръатлар билан ривожланади. Компания бутсалари билан тўлиқ жиҳозланган Германия терма жамоаси 1954 йилги ФИФА Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди. Бу компаниянинг кенгайишига кучли туртки беради. Adidas бренди тобора оммалашиб, таниқли бўлиб борди. Бошқа Европа мамлакатларида заводларини очади. 1960 йилги Олимпиада ўйинларида спортчиларнинг ярмидан кўпи Adidas поябзалида қатнашишади.
Японияда бўлиб ўтган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларида Adidas вазни 270 грамдан ошмайдиган спорт пояфзалларини тақдим этади, бу замонавий стандартлар бўйича ҳам яхши кўрсаткич эди. 60 йилларнинг охирига келиб эса Adidas фақат оёқ-кийим ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмасдан, спорт кийимларини ишлаб чиқаришни ҳам бошлади.