Гарварддан Оролбўйигача: минтақа тиббиёти глобал даражага кўтарилмоқда

Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси халқаро тажриба алмашинуви доирасида дунёнинг етакчи илмий марказлари, жумладан, АҚШнинг нуфузли Гарвард ва Питсбург университетлари, Германиянинг «MedCare24» клиникаси ҳамда Рига Нордик университети билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйди.
Ушбу алоқалар натижасида хорижлик етакчи профессорлар иштирокида қўшма ўқув курслари ва телемедицина амалиёти йўлга қўйилиб, маҳаллий шифокорларга халқаро сертификатлар берилади. Бу эса жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини пойтахтга бормасдан, тўғридан-тўғри ҳудуднинг ўзида амалиётга татбиқ этиш имконини яратади.
Академиянинг яна бир асосий вазифаси — Орол денгизи қуриши билан боғлиқ ўзига хос экологик муаммоларга илмий ечим топишдир. Бу ерда тоза ичимлик суви хавфсизлиги, нафас йўллари ҳамда онкологик касалликларнинг олдини олишга қаратилган экологик тиббиёт ва жамоат саломатлиги бўйича махсус илмий мактаб иш бошлайди.
Мазкур халқаро илмий ҳамкорлик Оролбўйи аҳолиси йиллардан буён дуч келаётган ўзига хос касалликларга замонавий жаҳон фани ютуқлари орқали самарали шифо топишга замин яратади.







