Германия қурилишда ишловчи ўзбекистонликларни ишга таклиф қилмоқда

Ойлик маош 3 минг евродан ошади.

14:09 | 11.11.2026
•
26
Германия қурилишда ишловчи ўзбекистонликларни ишга таклиф қилмоқда
Катталаштириш

Германиянинг йирик темир йўл компанияси — Deutsche Bahn ўзбекистонлик қурилиш мутахассисларини ишга таклиф қилмоқда. Дастлаб номзодлар Тошкент шаҳрида компания маблағлари ҳисобидан ташкил этиладиган 8 ойлик бепул немис тили курсларида таҳсил олади. Ишга қабул қилиниш учун улар немис тилидан B1 даражасидаги имтиҳонни муваффақиятли топшириши лозим.

Миграция агентлиги маълум қилишича, таклиф этилаётган иш ўринлари темир йўл инфратузилмаси, вокзаллар, платформалар ва бошқа қурилиш объектларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш ишлари билан боғлиқ.

Мутахассислар ғишт териш, қолип ўрнатиш, бетонлаш, пойдевор қуриш, ер ости қурилиш ишлари, қозиqlar қоқиш, бурғилаш ва устунлар ўрнатиш каби вазифаларни бажаради. Шунингдек, оддий геодезик ўлчаш ишлари ҳам уларнинг хизмат вазифаларига киради.

Таклифга кўра, ишчиларнинг ойлик брутто иш ҳақи 3 418,84 евродан бошланади. Иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунларида бажарилган меҳнат учун қўшимча ҳақ тўланади. Ходимларга йилига 30 кунлик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади.

Шунингдек, Германияда турар жой топиш ва яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш жараёнларида ёрдам кўрсатилади.

Номзодлар қандай талабларга жавоб бериши керак?

Дастурда иштирок этиш учун қурилиш соҳасида касбий таълим олган бўлиш талаб этилади. Хусусан, бино ва иншоотлар қурилиши, ер ости объектлари, бетон ишлари ёки йўл қурилиши йўналишларида мутахассисликка эга номзодларга устуворлик берилади.

Қурилиш майдонларида иш тажрибаси, амалий ҳунармандчилик кўникмалари ва техник билимлар ҳам муҳим ҳисобланади. Номзодлар жамоада ишлашга, жисмоний меҳнатга ва турли қурилиш объектларида фаолият юритишга тайёр бўлиши керак. Айрим ҳолларда иш жойида тунаб қолиш талаб этилиши мумкин.

B тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси ва немис тилини билиш қўшимча устунлик беради. Бироқ дастурга дастлабки саралаш босқичида немис тилини билиш мажбурий талаб сифатида белгиланмаган. Танлаб олинган номзодлар 8 ойлик бепул курсда тил ўрганиб, B1 даражасидаги имтиҳондан ўтиши шарт.

Қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Ҳужжат топшириш жараёнида номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
— мактаб аттестати ва баҳолар кўрсатилган иловаси;
— мавжуд бўлса, ўрта махсус ёки олий таълим дипломи ва унинг иловаси;
— таржимаи ҳол (резюме);
— иш тажрибасини тасдиқловчи ҳужжатлар;
— паспорт;
— мавжуд бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси.
Муҳим жиҳати, таълимга оид барча мавжуд ҳужжатлар тўлиқ бўлиши ва ариза топшириш тизимига юкланиши керак.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади