Германияда ишлаш учун 200 та бўш иш ўрни таклиф этилмоқда

15:16 | 14.09.2026
10
Германияда ишлаш учун 200 та бўш иш ўрни таклиф этилмоқда
Катталаштириш

Миграция агентлиги ҳамда Германиянинг «RRG AG» ташкилоти ҳамкорлигида қурилиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар учун Германияда ишлаш имконияти яратилмоқда.

Дастур доирасида жами 200 та иш ўрни таклиф этилмоқда. Номзодлар ҳафтасига 5 кун, 40 соатдан ишлайди. Меҳнат шартномаси муддатсиз тузилиб, унда 6 ойлик синов муддати белгиланади.

Иш ҳақи ойига **2 500 евро (солиқлардан кейин қўлга тегадиган сумма)**ни ташкил этади. Германиядаги турар жой харажати ойига 300 евро бўлиб, озиқ-овқат харажатлари ҳам номзоднинг зиммасида бўлади.

Бўш иш ўринлари қуйидаги йўналишларни қамраб олган:
— ғишт терувчи;
— дурадгор;
— қурилиш чилангари;
— саноат механиги;
— қурилиш крани оператори;
— қурилиш пайвандчиси;
— қурилиш бетон қуювчиси.

Дастурда 18 ёшдан 39 ёшгача бўлган, олий ёки касб-ҳунар таълими дипломига эга фуқаролар иштирок этиши мумкин. Номзоддан тегишли йўналиш бўйича камида 2 йиллик техникум ёки коллеж дипломи ҳамда сўнгги 5 йил ичида шу соҳада камида 2 йиллик иш тажрибаси талаб этилади.

Дастурнинг муҳим жиҳатларидан бири — номзодлар учун немис тилини бепул ўрганиш имконияти яратилган. Улар Тошкент шаҳридаги «Berlitz» ўқув марказида 8 ой давомида А1 даражадан В1 даражагача немис тилини ўрганади. Ўқиш харажатлари Миграция агентлиги ва иш берувчи томонидан қопланади.

Шунингдек, немис тили бўйича сертификат имтиҳони, виза ва авиачипта харажатлари ҳам иш берувчи ҳисобидан амалга оширилади.
Германиядаги меҳнат шароитлари, жумладан, иш ҳақи, устама тўловлар, суғурта, таътил ва бошқа имтиёзлар маҳаллий ходимлар учун белгиланган шартлар билан тенг даражада таъминланади.

Меҳнат фаолияти Германияда йўлга қўйилганидан сўнг ходимларнинг оила аъзоларини доимий яшаш учун олиб келиш ҳамда фарзандлар учун нафақа олиш имконияти ҳам мавжуд.

Аризалар 30 сентябрга қадар қабул қилинади. Иш берувчилар билан онлайн суҳбатлар октябрь ойидан бошлаб ҳар ҳафта ўтказилади. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар гуруҳлар шаклланишига қараб немис тили курсларига жалб этилади.

Дастурда иштирок этиш ва вакансиялар бўйича рўйхатдан ўтиш учун 1282 қисқа рақами орқали Миграция агентлигига мурожаат қилиш мумкин.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

402 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади