Глобал миқёсдаги эътироф: Зироат Мирзиёевага топширилган ЖССТ мукофоти кимларга берилади?
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, «Zamin» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева болалар онкологияси соҳасида тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш ва ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини илгари суришдаги етакчилиги учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) WHO Director-General’s Award 2026 халқаро мукофоти билан тақдирланди.

Бу қандай мукофот?
2019 йилда таъсис этилган мазкур мукофот глобал соғлиқни сақлаш соҳасида алоҳида етакчилик кўрсатган, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга катта ҳисса қўшган шахсларга берилади. Лауреатларни ЖССТ Бош директори шахсан танлайди.
Мукофот турли йилларда жаҳон миқёсида танилган сиёсат арбоблари, олимлар ва тиббиёт соҳаси вакилларига топширилган.
Мукофотнинг машҳур соҳиблари:
Миа Моттли — Барбадос Бош вазири. Иқлим ўзгаришининг саломатликка таъсири ва микробларга қарши препаратларга чидамлиликка қарши курашдаги етакчилиги учун 2024 йилда тақдирланган.
Каталин Карико ва Дрю Вайсман — COVID-19га қарши мРНК вакциналарини яратишга асос бўлган илмий тадқиқотлари учун 2024 йилда мукофотланган. Улар 2023 йилда Нобель мукофотига ҳам сазовор бўлган.
Питер Пиот — Эбола вируси ва ОИВ/ОИТСга қарши глобал курашга қўшган ҳиссаси учун 2023 йилда тақдирланган.
Пол Фармер — кам таъминланган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш ва соғлиқни сақлашда тенгликни таъминлаш йўлидаги хизматлари учун 2022 йилда вафотидан сўнг мукофотланган.
Зироат Мирзиёеванинг фаолияти эътирофи
Зироат Мирзиёеванинг болалар онкологияси соҳасида тиббий ёрдамни ривожлантириш, оғир касалликларга чалинган болалар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини илгари суриш борасидаги фаолияти алоҳида эътироф этилди.
ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус уни болалар, айниқса, онкологик касалликларга қарши курашаётган болалар ҳуқуқларининг фаол ҳимоячиси сифатида таърифлади.
Мазкур мукофот Ўзбекистонда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ва онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларга берилган халқаро эътирофдир.







