Халқ банки харажатларни нималарга асосланиб режа қилмоқда?
Тармоқда “ёши улуғ, 150 йиллик банк” – Халқ банкининг капитал харажатлари схемаси бўйича маълумотлар тарқалди. Айтилишича, Халқ банки 2026 йилда бундай харажатлар учун 1,5 трлн (1 523 385 млн) сўмдан зиёд пул сарфлашни режалаштирмоқда. Ушбу сумма анча-мунча кишини шошириб қўйиши аниқ. Маълумки, ушбу ташкилот давлат банки саналади. Амалга оширилиши кутилаётган сарф-харажатлар Ўзбекистондаги деярли барча солиқ тўловчиларга оид десак, адашмаймиз.
Ҳужжатга кўра, капитал харажатлар турли харидларни ўз ичига олади. Жумладан, ҳар бир чоракда ҳавони намлантирувчи ускуналар хариди учун жами 700 млн сўм, ноутбук, моноблок, монитор ва бошқалар сотиб олишга жами 31,1 млрд сарфланади. Мебеллар, жиҳозлар ва ускуналар хариди учун жами 105,5 млрд, принтерларнинг ўзига 3,9 млрд сўм ажратилади. Халқ банки 2026 йил давомида 29,4 млрд сўмга автомашина сотиб олишни режалаштирган. Исломий дарча тизимини жорий қилиш учун эса жами 24,6 млрд сўм сарфланади.
Шунингдек, “Хазна” иловаси орқали ипотека ва автокредитларни онлайн ажратиш учун 3- ва 4-чоракларда жами 4,5 млрд сўм харажат кўзда тутилган. Яна бир йирик сумма —салкам 526 млрд сўм банк биноларида амалга ошириладиган қурилишлар учун сарфланиши белгиланган. “Айнан қайси бинолар экани мавҳум. Бу пулга бутун бошли янги банк тармоғини барпо этса бўлади, назаримда...” дея таъкидлайди Телеграм тармоғидаги platforma.uz канали муаллифи.
Шунча катта харажатга яраша, даромад ҳам бўладида, деб ўйлаган бўлсангиз керак. Биз ҳам ушбу маълумотлар билан танишгач, биринчи навбатда банкнинг олган фойдалари миқдори бўйича қизиқиб кўрдик. Иқтисодий соҳага ихтисослашган нашрларда бу борада батафсил маълумотлар келтириб ўтилган. Қуйидаги маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида энг кўп фойда олган банклар ичида Халқ банки кучли ўнликка кира олмаган. Жумладан, 2025 йил январь-июнь ойлари давомида Ўзбекистон банклари жами 6,5 трлн соф фойда олган. Бу ўтган ярим йилликка нисбатан 991 млрд сўмга (18 фоизга) кўпдир.
Ўтган ярим йилда энг кўп соф фойда олган ўнта банклардан учтаси — Ўзмиллийбанк (1-ўрин), Ўзсаноатқурилишбанк (2-ўрин) ва Бизнесни ривожлантириш банки (8-ўрин) давлатга тегишли банклар, еттитаси — Hamkorbank, Капиталбанк, Ориент Финанс банк, Ипак Йўли банки, Трастбанк (3-7 - ўринлар), KDB Bank (9-ўрин) ва Давр банк (10-ўрин) давлатга тегишли бўлмаган банклардир. Гувоҳи бўлганингиздек, улар орасида Халқ банки йўқ.
Бу банк 2025 йилнинг биринчи ярмида 154 мрд сўмдан ошиқ даромад олган ва 15-ўринни эгаллаган. Фойда миқдори 2024 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 19 млрд сўмдан ошиқроққа кўпдир. Халқ банки 2024 йилда 268,5 млрд сўм соф фойда кўрган. Бундай фойда миқдори фонида 1,5 трлн сўмлик харажатлар абсурд кўриниши табиий... Жадвалдаги рақамлардан келиб чиқиб таҳлил қиладиган бўлсак, биргина автомашина ва мебель, ускуналар сотиб олиш харажатлари банкнинг ярим йиллик фойдаси миқдорига деярли тенг бўлиб қолмоқда. Банк тизими ва операциялари фақат фойда келтирилишга йўналтирилиши лозимлиги барчамизга аён. Аммо бир йиллик фойдаси (деярли 270 млрд сўм)дан икки баробар кўпроқ пул бинолар таъмирига ишлатиб юбориладиган тизим қандай гуллаб, ривожланиб кетиши бизга қоронғу. Агарда ушбу маблағ турли инвестициялар, кредитлар ва бошқа лойиҳаларга тикилганда балки тушунган бўлардик. Чунки юқорида тилга олган банк операциялари бевосита унга фойда келтирадиган амалиётлар саналади. Бундан ташқари, кўпчилик хусусий банкларнинг фойда олишда Халқ банкидан ўзиб кетиши ҳам унга нисбатан бироз ишончсизликни уйғотади.
Халқ банки аввалдан бошқалар эриша олмаган турли имтиёзлар билан сийланиб келган. Масалан, 2017 йилда ушбу банкка пенсия ва нафақаларни тарқатиш ҳуқуқи тақдим этилганди. Кейинчалик, 2021 йилга келиб, ушбу имконият тендер асосида амалга оширилиши белгиланди. Лекин пенсиялар бўйича катта улуш барибир Халқ банкида қолди.
Капитал харажатлар учун режа жадвалида бошқа саволлар ҳам бисёр. Масалан, Халқ банки сунъий интеллект тизимини ривожлантириш учун 20 млрд сўмдан ошиқ харажатларни оширмоқчи эканини қайд этган. Аммо у қандай харидлар бўлиши, сунъий интеллект тизимини ривожлантириш учун нималар қилиниши, қандай ускуналар сотиб олиниши ва бошқа тафсилотлар мутлақо келтирилмаган. Шунингдек, бошқа капитал харажатлар деган бандда 80 млрд сўмдан ошиқ маблағ ажратилиши акс этган. Бу ҳам кичик рақам эмас.
Маълумот ўрнида: келаси йили бюджет тақсимотида Олий Мажлис Сенатининг бир йиллик харажати 120 млрд сўмдан атрофида эканини таққос учун келтириш ўринли. Кўринадики, Халқ банкининг харажатлари Сенатдан 12 маротаба кўпроқ.
Шу ўринда яна бир қизиқ рақам эътиборимизни тортди: Марказий банкка кўра, сўнгги вақтларда аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича Халқ банки етакчи экан. Умуман олганда, аҳоли омонатлари жамғаришда баҳордан буён давлат банклари етакчилик қилишмоқда. 2025 йил октябрдаги ҳолат бўйича Халқ банки (+1,0 трлн.сўм), Агробанк (+760 млрд.сўм) ва Миллийбанк (+489 млрд.сўм) энг кўп омонат йиққан. Демак, Ўзбекистон аҳолиси Халқ банкига кўпроқ ишонмоқда ва “тишининг кавагидаги маблағлар”ни тақдим этмоқда. Биргина шу омонатлар бўйича етакчилик ҳам банкнинг халқ олдидаги масъулиятини янада оширади, назаримизда.
Туғилаётган саволлар ва фикрлар банк матбуот хизмати ва мутасаддилари учун яхшигина мавзу бўлса, ажаб эмас. Бугунги очиқлик замонида халқдан, инчунун журналистлардан бирон маълумотни яшириш жуда қийин, балки имконсиз ҳамдир. Номида “халқ” сўзи жаранглаб турган банк аҳолига бошқалардан яқинроқ ва очиқроқ бўлса мақсадга мувофиқ бўларди. Тарқалаётган ва муҳокама қилинаётган миллиардлар (балки триллионлар) шунчаки жавобсиз қолиб кетса, бу Халқ банки учун ярашиқли гап бўлмаслиги аниқ.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0