Халқаро конференцияда меҳнат бозори талаблари муҳокама қилинмоқда

Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институтида Халқаро Меҳнат Ташкилотининг бир гуруҳ вакиллари иштирокида ўзгарувчан меҳнат бозори даврида ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш мавзусига бағишланган 3 кунлик халқаро конференция ўз ишини бошлади. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Молдова, Тожикистон, Грузия, Украина каби давлатларнинг вакиллари қатнашмоқда. Мутахассислар нима учун ишчиларни янги соҳага ўқитиш ва қандай тўғри ўқитиш кераклиги ва шунга яқин мавзуларни муҳокама қилишмоқда.

Сўзга чиққанлар самарасиз малака ошириш тизимларини модернизация қилиш, жамоа шартномаларида бу масалаларни акс эттириш лозимлиги айтиб ўтишди. Таъкидланишича, айрим аъзолар касаба уюшмаларини ҳалигача санаторийга йўлланма берадиган ташкилот сифатида билади.

Бу таассуротни ўзгартириш учун, касаба уюшмасининг овози баландроқ жаранглаши, иш берувчи томони билан ходимлар ҳақ-ҳуқуқи масаласида мулоқот мунтазам бўлиши кераклиги ҳам айтиб ўтилди.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари томонидан халқаро конвенцияларнинг қабул қилиниши ва амалиётда қандай самара бераётгани, олдинда турган вазифалар ҳақида ҳам сўз бормоқда.
Зебо Намозова,
Қувонч Тўраев,
Ishonch.uz







