Мурунтовда меҳнат қадри қандай таъминланмоқда?

11:55 | 13.11.2026
•
24

Навоий кон-металлургия комбинатининг йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири бўлган Мурунтов конида иш суръати бир зум ҳам сусаймайди. Бу ерда ҳар куни улкан ҳажмдаги кон массаси қазиб олиниб, қайта ишлаш заводларига етказилади. Бурғилашдан бошлаб рудани қазиб олиш, ташиш ва темир йўл орқали белгиланган манзилга олиб боришгача бўлган жараёнлар ягона ишлаб чиқариш тизимини ташкил этади.

Бундай кўламдаги ишни фақат замонавий техника ва илғор технологиялар билан таъминлаб бўлмайди. Унинг ортида ўз касбининг масъулиятини чуқур ҳис қиладиган, малакаси ва тажрибаси билан ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаётган минглаб инсонларнинг меҳнати туради. Демак, кончиликда ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳақида сўз борганда, инсон омили ва унинг хавфсизлиги масаласи ҳамиша биринчи ўринда туриши керак.

Айнан шу нуқтада касаба уюшмасининг ўрни ва масъулияти янада яққол намоён бўлади. У ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, иш берувчи ва меҳнат жамоаси ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Меҳнат шароитларини яхшилаш, хавфсизлик талабларига риоя этилишига кўмаклашиш, ходимларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ушбу фаолиятнинг муҳим йўналишларидандир.

Касаба уюшмаси ходимнинг фақатгина ишдаги шарт-шароитини таъминлабгина қолмай, меҳнатдан ташқари ҳаёти, ҳордиқ чиқариши, саломатлигини тиклаши ва оиласи билан мазмунли вақт ўтказиши ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлашининг ҳам бирдек қамраб олмоқда. Мурунтов кони меҳнат жамоасида бу борада ҳам муайян имкониятлар яратилган. Ходимларга дам олиш масканларига йўлланмалар ажратиш, саёҳатлар ташкил этиш ва турли ижтимоий тадбирларни ўтказиш орқали уларнинг меҳнат фаолиятидан ташқари эҳтиёжларига ҳам эътибор қаратилмоқда.

Мурунтов конидаги фаолият шуни кўрсатадики, йирик ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий баҳоси нафақат қазиб олинаётган руда ҳажми, балки унда меҳнат қилаётган инсонлар учун яратилган шароит билан ҳам ўлчанади. Ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат муҳитини шакллантириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлаб чиқариш барқарорлигининг муҳим шартидир.

Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади