Иқлимшунос олимлар: 2024 йил тарихдаги энг иссиқ йиллардан бири бўлади
2024 йилда ҳаво ҳарорати ўтган йили ўрнатилган рекорд кўрсаткичлардан ҳам юқори бўлиши мумкин. Бу ҳақда ҳозирдан хориж ОАВ орқали олимлар бонг урмоқда.
Войков номидаги Бош геофизика обсерваториясининг етакчи илмий ходими, физика-математика фанлари номзоди Андрей Киселевнинг айтишича, энг иссиқ йиллар одатда Эл-Нино ҳодисаси билан боғлиқ бўлиб, тинч океанининг экваториал қисми одатдагидан 3 даражага иссиқроқ бўлади. –2023 йилда ер аҳолиси Эл-Нинонинг таъсирига дуч келди. Ғайритабиий иссиқ об-ҳаво туфайли табиатга катта зарар етди. Бироқ бизнинг хулосаларимизга кўра, иссиқ об-ҳаво 2024 йилда янада авжига чиқади. Яъни, 2024 йил энг иссиқ йил бўлиши мумкин дейди– Киселев.
Иқлимшунос олимларнинг фикрига кўра, рекорд даражадаги иссиқликдан Бенгал кўрфази, Филиппин ва Кариб денгизи мамлакатлари аҳолиси энг кўп зарар кўради.
2024 йилдаги глобал юқори ҳарорат мисли кўрилмаган иссиқлик тўлқинларини келтириб чиқариши мумкин. The Guardian хабарига кўра, исиш яқин ойларда тинч океанида пайдо бўлиши кутилаётган Эл-Нино ҳодисаси билан боғлиқ бўлади.
2024 йилда ўртача ҳарорат биринчи марта олдинги даражадан 1,5 даражага ошади. Эл-Нино таъсири ҳозирги иқлим ўзгариши жараёнларига таъсир қилади ва уларни сезиларли даражада кучайтиради. Тинч океанининг ғарбий қирғоғида жойлашган мамлакатлар иссиқлик ва қурғоқчиликка дуч келиши мумкин. Олимлар келажакдаги табиий таҳдидларга қарши туриш учун халқаро иқлим моделлаштириш марказини яратишга чақирмоқда.
Ўтган 2023 да кузатилган иссиқ йилда глобал ҳарорат ўртача 1,4 даражадан ошган эди. Бу йил бу кўрсаткич 1,5 даражага кўтарилиши мумкин.
Бироқ, баъзи олимлар бундай башоратларнинг ҳақиқийлигига шубҳа қилади. Иқлимшунос, география фанлари доктори Нина Зайцева узоқ муддатли прогнозлаш ишончсиз эканлигини таъкидлади. Эҳтимол, бундай хабарлар оммавий ахборот воситаларининг рейтингини оширишга хизмат қилади дея баҳолайди.
Иқлим ўзгариши нималарга боғлиқ?
– Бу кўплаб омилларга боғлиқ –дейди "Табиат уйи" экологик бюллетенининг бош муҳаррири Андрей Фролов. – Иссиқлик аста-секин ўсиши ва кейин пасайиши кузатилиши табиий ҳол. 2023-2024 йилларда қуёш фаоллигининг максимал даражаси кузатилди. Ёдингизда бўлса, 2022 йилда Ёқутистондаги ўрмонлар иссиқ ва қуруқ иқлимдан ёниб кетди. Ҳарорат минтақаларга қараб фарқ қилади. Ер юзининг қаеридадир 2024 йил ҳақиқаттан ҳам тарихдаги энг иссиқ йил бўлади, лекин ернинг бошқа бурчагида бошқача об-ҳаво кузатилади. Иқлим, қуёш фаоллигидан ташқари, ер юзидаги ҳароратнинг тақсимланишига ҳам боғлиқ.
Феруза Раҳимова,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0