Қирғизистоннинг Хитойдан 1,4 миллиард доллар қарзи бор

16:36 | 14.09.2026
19
Қирғизистоннинг Хитойдан 1,4 миллиард доллар  қарзи бор
Катталаштириш

Қирғизистоннинг Хитой олдидаги ташқи қарзи 1,9 миллиард доллардан 1,4 миллиард долларгача қисқарди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мамлакат сўнгги йилларда Хитойдан янги кредитлар жалб қилмаган. Илгари олинган қарзлар босқичма-босқич қайтарилаётгани боис Пекин олдидаги мажбуриятлар миқдори ҳам камайиб бормоқда.

Айни пайтда Хитойга тўғри келадиган қарз Қирғизистон ташқи қарзининг 20 фоизидан бироз кўпроғини ташкил этади.

Қосималиевнинг қайд этишича, мамлакатнинг давлат қарзи сиёсатига кўра, бирор давлат олдидаги мажбуриятлар умумий ташқи қарзнинг 50 фоизидан ошмаслиги керак. Қирғизистон ушбу кўрсаткични сезиларли даражада пасайтирган ва Пекиндан янги қарз олиш амалиётини тўхтатган.
Хитойдан кейин Қирғизистоннинг йирик кредиторлари қаторида Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси бор. Ушбу молия институтлари мамлакатга асосан узоқ муддатли ва имтиёзли шартларда кредитлар ажратади.

Шунингдек, Қирғизистон давлат қарзи ЯИМнинг қарийб 42 фоизига тенг экани маълум қилинди. Мамлакат қонунчилигида бу кўрсаткични 60 фоизгача оширишга рухсат берилган бўлса-да, давлат раҳбарияти уни 50 фоиздан паст даражада ушлаб туриш вазифасини белгилаган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

419 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади