Иш ҳақининг 5 фоизини пенсияга йўналтирган фуқарога давлатдан қўшимча маблағ берилади
Фуқароларнинг кексаликдаги даромад манбаларини кенгайтириш ва пенсия жамғариш тизимини янада жозибадор қилиш мақсадида янги механизмларни жорий этиш таклиф этилмоқда.

Унга кўра, 7,6 млн сўмгача иш ҳақи олувчи фуқаро ойлик даромадининг 5 фоизини ихтиёрий равишда пенсия жамғариб борса, давлат ҳам ушбу маблағнинг даромад даражасига қараб 50 фоизигача қисмини қўшиб бериши мумкин.
Шунингдек, юқори даромаднинг бир қисмини фуқаронинг шахсий пенсия ҳисобварағига йўналтириш механизми таклиф этилмоқда. 7,6 млн сўмдан юқори даромаднинг 1 фоизи тўланган ижтимоий солиқ ҳисобидан фуқаронинг шахсий пенсия ҳисобварағига автоматик ўтказилади. Ушбу улушни 2040 йилгача босқичма-босқич 3 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур механизмнинг ишлашини қуйидаги мисол орқали кўриш мумкин: 2,8 млн сўм иш ҳақи олувчи фуқаро ҳар ой 140 минг сўмдан жамғарса, давлат томонидан 42 минг сўм қўшилиши мумкин. Натижада 25 йил давомида фоиз даромадлари билан бирга 93,5 млн сўм маблағ шаклланиши ва давлат пенсиясига қўшимча равишда ойига тахминан 445 минг сўм тўлов олиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.
Таъкидланишича, янги механизмлар фуқароларнинг пенсияга чиққандан кейинги молиявий имкониятларини кенгайтириш ҳамда узоқ муддатли пенсия жамғармаларини рағбатлантиришга қаратилган.







