Иш берувчи ходимни махсус кийим-бош билан таъминлашга мажбурми?
Савол:
– Хусусий МЧЖда ишлайман. Айтишларича, иш берувчи барча ходимларни махсус кийим – бош ва бошқа воситалар билан таъминлаши керак экан. Қонунчиликда маъмуриятга қандай мажбуриятлар юклатилган?
Зебо Нишонова, Самарқанд вилояти
Ушбу саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори Усмон Каримов жавоб берди.
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 363–моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири)нинг 18-моддаларига асосан иш берувчи ўрнатилган тартибда тузилган жамоа шартномаси ёки жамоа келишувида зарарли ва хавфли меҳнат шароитларида ишловчи ўз ходимларига махсус кийим-бош, махсус оёқ кийимлари ва бошқа ҳимоялаш воситаларини бепул тарқатиш, уларни сақлаш ва фойдаланиш тартибини белгилаб қўйиши керак. Агар бундай келишувлар мавжуд бўлмаса, бу ишларни ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда амалга ошириши керак.
Иш берувчининг махсус кийим–бош, махсус оёқ кийимлари ва сақловчи мосламаларни тарқатиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича мажбуриятлари қуйидагилардан иборат бўлади:
– махсус кийим-бош, махсус оёқ кийимлари ва сақловчи мосламаларнинг шакли ва турларидан келиб чиқиб уларни сақлаш, тозалаш, ювиш, дизенфекциялаш ва зарарсизлантириш учун зарур шароитларни яратиш;
– корхонадаги мавжуд зарарли ва хавфли касблар ҳамда ишларнинг рўйхатини шакллантириш;
– махсус кийим-бош, махсус оёқ кийимлари ва бошқа шахсий ҳимояловчи воситалар билан таъминлаш бўйича тармоқ меъёрларига асосан корхонада мавжуд касблар, ишларнинг зарарлилиги, хавфлилиги ва оғирлигидан келиб чиқиб ушбу ҳимоя воситалари билан таъминлаш бўйича корхонанинг меъёрларини ишлаб чиқиш;
– касблар, ишларнинг зарарлилиги, хавфлилиги ва оғирлигидан ҳамда ишловчиларнинг ўлчамларидан келиб чиқиб ушбу маҳсулотларга бўлган талабни аниқлаш;
– ишловчиларни тўлиқ ва ўз вақтида ушбу шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
– ишловчиларни улардан фойдаланиш қоидалари билан таништириш ва ходимларнинг ушбу шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланаётганликларини доимий назорат қилиб бориш;
– ушбу шахсий ҳимоялаш воситаларини ўз вақтида ва сифатли тозалаш, ювиш, дизенфекциялаш ва зарарсизлантиришни тўғри йўлга қўйиш ва бошқалар.
Сиз ҳам зарарли меҳнат шароитда ишлаётган бўлсангиз, қонунчиликда белгиланган барча афзалликлардан фойдаланишга ҳақлисиз.
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0