Иссиқкўл бўйидаги 4 та пансионат Ўзбекистон томонига берилади

Мазкур оромгоҳлар 2016 йилда Қирғизистон томони бошқарувига олиб қўйилган ва кейинчалик АҚШдаги Халқаро арбитраж ушбу масалани Ўзбекистон фойдасига ҳукм қилган эди.

12:00 | 03.10.2024
•
483
Иссиқкўл бўйидаги 4 та пансионат Ўзбекистон томонига берилади
Катталаштириш

Президент Мирзиёев жорий йил 27 сентябрда Қирғиз Республикаси Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-рекреация хўжалиги объектларини 49 йилга ижарага олишга доир Битимни тасдиқлаш ҳақидаги қарорни имзолади.

Ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб Давлат активларини бошқариш агентлиги белгиланган.

Президент қарори билан Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон томонидан ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган тўғрисида Қирғизистон томонига тегишли билдиришнома юбориш вазифаси юкланган.

Ҳужжат кўл қирғоғида жойлашган рекреация зоналарига эгалик ҳуқуқини тартибга солиш, шунингдек, уларнинг кейинги фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган бўлиб, гап «Марказий Осиёнинг олтин қумлари» (собиқ «Бостери»), «Роҳат-НБУ» (собиқ «Рахат»), «Дилором» (собиқ «Энесай»), шунингдек, қурилиши тугалланмаган «Бўстон» пансионатлари ҳақида кетмоқда.

Мазкур оромгоҳлар собиқ СССР давлатлари ўртасида 1992 йилда имзоланган битимга кўра, Ўзбекистонга тегишли бўлган. Аввалроқ,

2016 йилнинг апрелида эса собиқ бош вазири Темир Сариевнинг қарори билан ушбу тўртта пансионат Қирғизистон юрисдикцияси остига ўтган. Ўзбекистон томони эса бу қарор устидан АҚШдаги халқаро арбитражсудига берган ва суд Ўзбекистон фойдасига 40 млн АҚШ доллари ундириш ҳақида ҳукм чиқарган.

Жапаров эса, ўз пайтида, бу маблағни тўлашга имкон бўлмагани учун Ўзбекистон томони билан пансионатларни ижарага бериш бўйича келишувга эришилганини айтганди.

Жорий йил 18 июлда Садир Жапаровнинг Тошкентга ташрифи доирасида 16 та ҳужжат, жумладан, Иссиқкўлдаги курорт-ҳордиқ хўжалиги объектлари бўйича ҳукуматлараро битим имзоланган.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси эса ушбу келишувни жорий йилниг 23 сентябрида тасдиқлаган эди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади