Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ўзбек тилига муносабат намуналими?

Яқинда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллигини нишонладик. Ҳамма ташкилотларда тилимизни қадрлаш мавзусидаги бадиий кечалар, тадбирлар ташкил этилди. Чиройли гаплар, шеъру ашъорлар ўқилди. Албатта бундай тадбирлар ҳам ўз йўлига фойдали. Аммо тилимиз ривожи учун қандай амалий ишларга қўл ураяпмиз? Биргина давлат ташкилотларида иш ҳужжатлари нечоғлик ўзбек тилида юритилмоқда? Бу борада қандай ютуқ ва камчиликларимиз бор?

13:31 | 31.10.2024
•
242
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ўзбек тилига муносабат намуналими?
Катталаштириш

Ушбу саволлар атрофида муҳокамаларга бой бўлган тадбирлардан бири Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбир аввалида департамент раҳбари ўринбосари Бекзод Шукуров сўзга чиқар экан янги алифбога ўтиш борасидаги аҳвол ҳақида гапириб ўтди.

– Муҳим ишларимиздан бири алифбо масаласи бўлиб, биз руҳан лотин алифбосига ўтолмаяпмиз, шунинг учун унга ўтишимиз сурилаяпти, – деди у. – Орамизда кўпчилик ишхоналарда иш ҳужжатлари лотин алифбосида олиб борилаётган бўлса-да, матнларни аввалига кириллчада ёзиб, кейин лотинчага ўгираяпмиз, тўғрими? (Даврадагиларнинг кўпчилиги бу фикрни тасдиқлади.) Мана шу нарса бизни орқага тортаяпти. Масъулнинг айтишича, давлат идораларида иш ҳужжатлари айрим истисноларни айтмаганда тўлиқ янги алифбода юритилмоқда. Аммо хусусий секторда ёки бўлмаса бошқаруви бевосита ҳукуматга бўйсунмайдиган нодавлат ташкилотлар, суд, прокуратура каби идораларда иш ҳужжатлари кирилл алифбосида бўлаётганлиги кузатилмоқда. Лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбоси билан боғлиқ сўнгги ўзгаришларнинг ҳукумат қарори асосида тасдиқланишини кутиб ўтирмасдан, тезроқ ўтишимиз керак, дея таъкидлади Б. Шукуров.

Шундан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Обиддин Маҳмудов вазирлик тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Бугунги кунда вазирликда ўзбек тили меъёрлари ва қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш мақсадида Давлат тили масалалари бўйича меъёрий талабларга риоя қилишни таъминлаш бўлими ташкил этилган. Ўтган йилдан буён ҳар чоракда “Вазирлик тизимида ўзбек тилида иш юритиш учун қоидалар қўлланмаси”нинг электрон шакли тайёрлаб келинмоқда. У марказий бошқарув аппарати билан бирга барча ҳудудий бўлинмаларга юборилади. Жорий йилда вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган раҳбар ходимларда халқ билан муомала маданияти, оғзаки нутқ, мулоқот маҳоратини ошириш мақсадида “Нотиқлик санъати академияси” нодавлат таълим муассасаси томонидан “Нотиқлик санъати: коммуникатив компетентлик, мулоқот ва муомала маданияти асослари” мавзусида 20 соатлик ўқув курси ташкил этилди. Унда марказий аппаратда фаолият юритаётган 30 нафар раҳбар ходим, хусусан, департамент директорлари, мустақил бошқарма ва бўлим бошлиқлари малака оширди.

Вазирлик фойесидаги инфокиоскда ҳар куни “Кун ҳикмати”, “Кун саволи” рукни остида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ва “Иқтисодиёт атамаларининг изоҳли луғати”дан ҳар бир сўз маъносининг шарҳи, қизиқарли маълумотлар инфографик усулда ёритиб борилиши йўлга қўйилган.

“Нодир овозлар” номли маънавий-маърифий эшиттиришда аудио асарлар мутолааси, таниқли ёзувчи-шоирларнинг ўзлари ўқиган ижод намуналари ҳамда машҳур санъаткорлар томонидан ижро этилган мумтоз қўшиқлар сараланиб, вазирлик электрон манзили орқали барча ҳудудий бўлинмаларга тарқатилмоқда.

“Бир жамоада бирлашамиз!” мотивацион электрон журнал Вазирлик тизимидаги ходимларнинг маънавий руҳиятини ошириш, жамоада умумжамоавий мақсадлар муштараклигини таъминлашга йўналтирилган бўлиб, ҳар ойда барча марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларга электрон тарзда тарқатилмоқда. Шунингдек, “Иқтисодиёт атамаларининг изоҳли луғати” китоби чоп этилди. Унда 4500 мингдан ошиқ иқтисодий сўзларнинг лексографик изоҳи содда ва оммабоп тарзда берилган, лингвистик экспертизадан ўтказилган, китобнинг электрон шакли ҳам бор.

Бир сўз билан айтганда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шу ва бошқа ишлари билан ўзбек тили қоидаларига амал қилишда, иш-ҳужжатларининг ўзбекча юритилишида, лотин алифбосига ўтиш масаласида бошқа ташкилотларга ўрнак ва намуна бўлаётганини кўрсатди. Айниқса, тадбирда вазирлик ходимлари томонидан Абдулҳамид Чўлпон ва Ойбек ўртасидаги суҳбат учрашувининг саҳналаштирилгани ҳамда Нодирабегим ва Увайсий ғазалларидан бадиий чиқишлар намойиш этилгани меҳмонларда катта таассурот қилдирди.

Зебо НАМОЗОВА,

ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади