ҚИЗАМИҚ: хасталик кучайиб боряптими ёки олдини олишга кучимиз етмаяптими?
Қизамиқ тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ЖССТ 2019 йилдаёқ Ўзбекистонда у билан боғлиқ вазият жиддийлашганини қайд этиб, эпидемик тарқалиш қайта тикланган, деган хулосага келган. Ўша йили мамлакатнинг барча ҳудудларида касалланишлар кўпайган. Мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги 1672 та лабораторияда тасдиқланган ҳолат қайд этилган. Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида касалланишлар сони ортган.

Гарчи расмий эмлаш қамрови юқори кўрсатилган бўлса-да, ЖССТ эпидемиологик назорат сифатини кучайтириш, лаборатория текширувлари ва генотиплашни яхшилаш зарурлигини таъкидлаганди. Аммо бизда 2019 йили санитария-эпидемиология хизматидаги ислоҳотлар натижасида тахминан ўн мингдан ортиқ тиббиёт ходими қисқаришга тушгани назорат ва эпидемиологик текширувлар сифатига таъсир қилди, деган фикрни билдирувчилар ҳам йўқ эмас.
Боз устига, 2020 йилда COVID-19 пандемияси бутун соғлиқни сақлаш тизимини зўриқтириб, унинг бутун диққат эътиборини коронавирусга қаратди. Бундай шароитда режали эмлаш, профилактик кўриклар ва эпидемиологик назорат каби йўналишларда узилишлар юзага келганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шу боис ўша дард ўлкамизнинг мавсумий «меҳмони»га айланиб қолди, чоғи. Акс ҳолда, 2023 йилда 1192 та ҳолат кузатилмаган, 2024-2025 йилларда гўдаклар бу дардга чалинмаган бўларди.
Қизамиққа қарши вакцинация қамрови юқорилагани ҳақида расмий ҳисоботлар берилаётган бир пайтда, касалликнинг тарқалиши жамоавий иммунитет масаласини чуқур таҳлил этишни талаб қилади. Чунки эмлашнинг умумий фоизи юқори бўлиши ҳар бир ҳудудда ва ҳар бир ёш гуруҳида иммун ҳимояси бир хил даражада дегани эмас. Айрим болалар вакцина олмаган, айримларида эмлашнинг бир дозаси билан чекланилган ёки ҳисоботдаги қамров билан амалдаги ҳолат ўртасида фарқ бўлиши мумкин-ку.
– Ачинарлиси, қатор давлатларда эмлаш ишлари кўнгилдагидек ташкил этилмагани боис касаллик мамлакатимизга кириб келиши ҳолатлари кузатилмоқда. Орамизда қизамиқни турли расм-русумлар билан боғлаб, беэътибор қолдирувчилар ҳам бор, – дейди шифокор Ў.Нуриллаев. – Хасталикнинг асоратлари йиллар ўтиб ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу дарддан сўнг бола соғлом ривожланаётгандек кўринса-да, кейинчалик ҳаракатларида ўзгаришлар кузатилиши эҳтимолдан холи эмас. Бугунги кунда қизамиққа қарши нафақат давлат тиббиёт муассасаларида, балки айрим хусусий клиникаларда ҳам ишончли эмланиш имкони мавжуд. Бу масалага ота-оналар бефарқ муносабатда бўлмасликлари керак.
Ҳозир айни қизамиқ мавсуми арафасида турибмиз. Бугун «Қанча киши эмланди?» деган савол бериш эмас, «Кимлар эмланмай қолди ва нима сабабдан?» қабилидаги таҳлилий ёндашув зарур. Чунки вакцинация жараёнларида узилишлар рўй бериши, эмлаш муддатининг ўтиб кетиши ҳолатлари ҳам учрамоқда экан.
Биз кимнидир айблаш фикридан йироқмиз, аммо хасталикнинг олдини олиш энг долзарб масалалигича қолаётгани барчани безовта қилиши керак.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ИШОНЧ»
"Ishonch" газетасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 116- сонидан олинди.







