Каримовнинг ўтмишдоши, Лавровнинг устози: Рафиқ Нишонов юз ёшга тўлди
Ўтган асрнинг 80-йилларида, собиқ Иттифоқ қулаш арафасида сиёсий воқеалар қизғин кечди. Бунинг асосий сабабларидан бири Михаил Горбачёв бошлаган қайта қуриш сиёсати эди. Бу Ўзбекистонга ҳам таъсир қилмай қолмади.
Ўша даврда Ўзбекистонни бир муддат Рафиқ Нишонов бошқарди. Агар тирик бўлган Нишонов 2026 йил 15 январ куни роппа-роса юз ёшга тўлган бўларди. Унинг даври мураккаб ва қийин пайтга тўғри келди. Албатта, сиёсатчининг фаолиятига вақт ва халқнинг ўзи баҳо беради. Қуйида совет даврида Ўзбекистон раҳбарларидан бири бўлган шахс сиймосига тўхталамиз.
Рафиқ Нишонович Нишонов 1926 йил 15 январда Ғазалкентда деҳқон оиласида туғилган. Унинг бобоси шаҳрисабзлик эди. 1949 йилдан бери Совет Иттифоқи Коммунистик партияси аъзоси бўлган. Бўлажак амалдор Тошкент кечки педагогика институтини (1959) тарих ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тугатган. Тарих фанлари номзоди (1969). 1942 йилдан бошлаб у Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чирчиқ колхозида колхозчи бўлиб ишлаган. 1943 йилда у Бўстонлиқ тумани Ғазалкент қишлоқ кенгаши ижроия қўмитаси котиби бўлган. 1944 йилдан Бўстонлиқ тумани комсомол қўмитаси инструктори ва иккинчи котиби бўлган. 1945 йилдан 1950 йилгача у Совет Армияси сафида хизмат қилган. Армияда хизмат қилиб қайтгач, Нишонов давлат ишига киради ва аста-секин сиёсат пиллапояларида кўтарила бошлайди.
1950 йилдан у Тошкентдаги Ўзбекистон комсомолининг Октябрь туман қўмитасида бўлим мудири бўлган. Кўп ўтмай, яъни 1951 йилда у партия ишига ўтди, у Ўзбекистон Коммунистик партияси Октябр туман қўмитасида инструктор, бўлим мудири ва котиби лавозимларида ишлаган. 1955 йилдан Ўзбекистон ССР Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси сиёсий бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. 1956 йилда Ўзбекистон Компартияси Тошкент шаҳар қўмитаси бўлим бошлиғи бўлган. 1959 йилдан эса Ўзбекистон Компартияси Октябрь туман қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. Бу Рафиқ Нишонов эгаллаган биринчи йирик лавозим эди. Ўша пайтда қўмита котиби тумани ҳокими сифатида кўриларди.
1962 йилдан бошлаб у Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси бўлган. 1963 йилдан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси котиби ва бюроси аъзоси бўлган. 70-йилларга келиб, Нишоновнинг фаолиятида ўзгаришлар рўй беради ва дипломатликка ўтади. 1970 йилда у дипломатик хизматга ўтган ва СССРнинг Шри-Ланкадаги ва бир вақтнинг ўзида Мальдив Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган (ҳозирда Россия ташқи ишлар вазири бўлган Сергей Лавров бу элчихонада иш юритувчи бўлиб ишлаган). 1978 йилдан СССРнинг Иорданиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб ишлаган. Ниҳоят 1985 йилга келиб Рафиқ Нишонов ўз ватанига қайтиб, у ерда Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлади.
Совет даврида одамлар орасида фил тасвири туширилган чой машҳур эди. Бу ҳам Рафиқ Нишонов номи билан боғлиқ.
У Шри-Ланка (ўша пайтда Цейлон деб ҳам аталган) элчи бўлганида у ердан собиқ иттифоққа чой етказиб беришни ташкил этиш топшириғини олади. Элчихона вакиллари ишлаб чиқарувчилар ва савдогарлар билан учрашишди ва сотиб олишни маҳаллий вазирликлар билан муҳокама қилишди. Ушбу танловнинг кутилмаган ғолиби маҳаллий кичик компания раҳбари Мэррилл Фернандо бўлди. Кейинчалик унинг компанияси ўн йиллар давомида СССРга чой экспорт қилишни йўлга қўйди.
Рафиқ Нишонов советларнинг сўнгги раҳбари бўлган Михаил Горбачёв билан ижобий муносабатларга эга эди. Горбачёв ҳокимият тизгинини олгач, Нишонов ҳам тезкорлик билан кўтарилиб боради. Вазирликдан сўнг 1986 йил 9 декабрдан 1988 йил 9 апрелгача Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Президиуми раиси, шу билан бирга, 1987 йил 29 июньдан 1988 йил 24 майгача СССР Олий Кенгаши Президиуми раисининг ўринбосари лавозимларида ишлади.1988 йил 12 январдан 1989 йил 23 июнгача Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби ва шу билан бирга, 1988 йил 24 майдан 1989 йил 25 майгача СССР Олий Кенгаши Президиуми аъзоси бўлиб ишлади.
Афсуски, Рафиқ Нишонов республикага раҳбарлик даврда мамлакат гуллаб-яшнаган, шодон ва хуррам эмасди. Магазинларда маҳсулотлар танқис, “ўзбек иши” каби воқеалар уйдириб чиқарилганди.

Фарғона воқеалари, Наврўз байрамининг тақиқланиши каби воқеалар айнан унинг қўл остига рўй берганди.
Нишонов даврида айниқса Наврўз байрами билан боғлиқ тортишувлар партия раҳбарияти даражасига чиқади. У 2015 йил март ойида BBC Ўзбек хизмати нашрига берган интервюсида Наврўзни тақиқлаш ташаббуси билан чиққанини қатъиян рад этган ва Ўзбекистон компартиясининг мафкура бўйича котибаси Раъно Абдуллаева номи билан боғлайди. “Бир вақтлар Совет ҳукумати даврида айрим раҳбарлар Наврўзни диний байрам, уни йўқотиш керак, деб аҳмоқлик қилишган. Катта бир мажлисда Наврўзни Шарқ халқлари аввалдан байрам қилиб келган деб бу фикрни йўқ қилганмиз. Муҳокама вақтида айтганман, мен яқинда Шарқдан келдим, у ерда Наврўзни катта байрам қилиб ўтказишади, деб. Наврўзга диний тус бериш хато бўлган”, дея фикрини баён этган Нишонов.
Рафиқ Нишонов даврида, 1989 йилда Фарғонада водийсида қонли тўқнашувлар содир бўлган. Унда 100дан зиёд киши ҳалок бўлгани айтилади. Таъкидлаш жоизки, айрим тарихчилар фикрича, Нишоновнинг вазиятдан оператив хабардор эмаслиги ва сиёсий ирода кўрсата олмагани, можаронинг авж олишига сабаб бўлади. Айни шу воқеадан кейин Нишонов лавозимдан кетди, унинг ўрнига Ислом Каримов иқтидорга келди.
Совет Иттифоқи қулагач ва Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Нишонов сиёсий саҳналардан тушиб қолди. 90-йиллардан бошлаб токи ўлимигача, ундан фақатгина интернетдаги бир қанча интервью ва чиқишлар қолди холос. Жумладан, Нишонов 2020 йилда ЎзАга катта интервю берганди. Унда сиёсий арбоб қатор масалалардаги саволларга жавоб берган. Унда иттифоқдаги пахта сиёсати, қўшиб ёзиш, Шароф Рашидов шахсияти борасида қизиқарли фирклар билдирилганди. Масалан, Шароф Рашидов Марказнинг катта босими остида пахта сиёсатини олиб боргани айтилади.
“Аслида, айб Москвада эканлиги кўпчиликка аён. Брежневнинг ўзи Рашидовни мажбурлаб турган бўлса, у нима қила оларди?! Ўтган аср 60-йиллари охирида Москвадан қайтиб келаётган Рашидов менга: “Пахта кўрсаткичларини яна ошириб кўрсатиш керак. Сиёсий бюро аъзоларининг тушлиги пайтида Леонид Ильич мендан “Нега тўрт миллион тўққиз юз минг тонна пахта ёзилган, деб, режани беш миллионга етказиш кераклигини айтди. Мен шунчаки хўрсиниб, ҳамманинг олдида Брежневга эътироз билдиролмадим”, деган эди”, деб хотирлайди Рафиқ Нишонов интервьюда.

Сиёсий арбоб 2023 йил 11 январ куни, 97 ёшга тўлишига 4 кун қолганида вафот этди. Айни кунларда Тошкентда “Рафик Нишонов замондошлари хотирасида” китоби нашр этилди. Унинг нашри таниқли давлат ва жамоат арбоби, дипломат таваллудининг 100 йиллигига бағишланган.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0