“Карвон бозори”даги аланга: нега Ўзбекистонда бозорлар ёнаверади?

Бундан бир неча кун аввал, 4 октябрга ўтар кечаси Бухоро шаҳридаги “Карвон бозори”да катта ёнғин юз берди.

13:49 | 09.10.2026
•
16
“Карвон бозори”даги аланга: нега Ўзбекистонда бозорлар ёнаверади?
Катталаштириш

Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, ёнғинни ўчириш мақсадида Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қарашли жами 35 та экипаж, 375 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди. Қўшни Навоий вилоятидан ФВБ томонидан ҳам тезкор равишда ёнғин-қутқарув экипажлари етиб келган. Шунинг ўзиёқ, ёнғин кўламининг катта бўлгани ва талофотлар улканлигини кўрсатади. 2200 метр квадрат майдон зарарланди, тадбиркорлар катта зарар кўришди. Фақат битта таскин берадиган томони, одамлар жароҳатланмаган. Бироқ, Ўзбекистонда сўнгги йилларда кўплаб бозорлар ёнаётгани, шу турдаги ҳодисалар кўпайиб бораётгани дилни хира қилади.

Йил бошида Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов лавозимга тайинлангандан буён Ўзбекистонда ёнғинлар кўпайгани хусусида мақола эълон қилгандик. Ўшандан буён вазир ва у бошчилик қилаётган тизим жиддий синовлардан ўтмоқда. Айниқса, бозорларда юз бераётган ёнғинлар тадбиркорларни оғир аҳволга тушириб қўймоқда.

Гулистон

Масалан, ўтган йили декабр ойида Гулистондаги бозор ичида овқатланиш шохобчасида ёнғин чиққанди. Ёнғин газ баллони портлаши оқибатида юзага келган. Умумий овқатланиш шохобчаси ошхонасида ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газ баллонидан углеводород гази сизиб чиққан. Сўнгра ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш юзага келган.Оқибатда жами 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафар фуқаро вафот этди. Мазкур масала ҳатто Президентгача етиб борди, Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оилаларига 100 млн сўмдан моддий ёрдам беришни топширди.

Тошкент, Авиатор

Навбатдаги дилни хира қиладиган ҳодиса Aviator мажмуасида юз берди. Ёнғин 31 январь куни тушдан кейин савдо марказининг иккинчи қаватида содир бўлди. У ерда Pixel номли болалар майдончаси ва бир қатор умумий овқатланиш шохобчалари жойлашган бўлган. Биринчи қаватдаги Korzinka супермаркети ёнғиндан зарар кўрмаган. Ҳодиса оқибатида вайроналар остида 3 ёшли қизалоқнинг жасади топилган. ФВВ маълумотларига кўра, бошқа жабрланганлар аниқланмаган.

Ўрганишлар жараёнида ёнғин вақтида иккинчи қаватдаги ёнғин сигнализацияси ва пуркагичлар ишламаган, шунингдек, зинапояли ёнғин чиқиш жойи ёпиқ бўлган. Сигнализация фақат биринчи қаватда ишлаган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент, “Изза” бозори

21 февраль соат Тошкент шаҳар, Учтепа туманида, халқ тилида “Изза” бозори деб аталадиган қурилиш маҳсулотлари сотиш бозорида ёнғин содир бўлди. Вазият жойига Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икрамов етиб борган. Ёнғин натижасида бозор ҳудудидаги 200 кв.м майдонда жойлашган ром ва эшик маҳсулотлари ёниб зарарланган. Қутқарувчиларнинг ёнғинни тезкорлик билан бартараф этиши натижасида бозорнинг 2000 кв.м майдони сақлаб қолингани айтилди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 16 февраль куни мазкур бозор Давлат ёнғин назорати органи томонидан тегишли тартибда текширувдан ўтказилган. Текширув давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бир қатор бузилиш ҳолатлари аниқлангани сабабли, камчиликлар бартараф этилгунига қадар бозорнинг иш фаолияти тўхтатилиб, 3 кун муддатга электр таъминотидан узилган. Бозор маъмурияти туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига аниқланган барча камчиликларни бартараф этиш юзасидан кафолат хати тақдим этган. Бироқ, афсуски, ушбу қоидабузарликлар ўз вақтида тўлиқ бартараф этилмагани оқибатида ёнғин келиб чиққан.

Тошкент, “Бешқўрғон” бозори

Шу йилнинг 5 апрель куни эса Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Тошкент катта халқа автомобил йўли кўчасида жойлашган “Бешқўрғон” бозорида ёнғин юз берди. Ёнғин оқибатида тан-жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган. Ушбу ёнғин жойига ҳам Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икромов етиб борган.

Қизиғи, биз юқорида тилга олган “Карвон бозори”да шу йилнинг июль ойида ҳам ёнғин юз берган экан. Ёнғин оқибатида бозор ичидаги умумий овқатланиш ошхонасининг 36 квадрат метр майдони ёниб зарарланган. Қутқарувчиларнинг тезкор ва самарали ҳаракатлари туфайли ошхонанинг 150 квадрат метр қисми ҳамда атрофда жойлашган савдо дўконлари ёнғиндан сақлаб қолинган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар йўқлиги маълум қилинган. Афсуски, бозор масъуллари ва бошқа мутасаддилар ўша пайтдаги бироз кичик ёнғиндан етарлича хулоса чиқармагани яқинда юз берган катта бахтсиз ҳодисада ўз аксини топди.

Август ойи бошида эса Тошкент вилояти, Зангиота тумани Токзор маҳалласида, “Изза” бозори яқинида жойлашган аксессуарлар дўконларида катта ёнғин кузатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида дўконларнинг 400 квадрат метр қисми ёниб зарарланган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаганини билдирди. Ушбу ҳодиса ҳам бир неча тадбиркорларга йирик зарар келтиргани маълум бўлди, бу ҳатто тармоқларда тарқалган видеоларда ҳам акс этди.

Олмалиқ, “Ойдин деҳқон бозори”

30 август куни тонгида эса Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин деҳқон бозори”да йирик ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари ушбу ёнғинни икки соатга яқин вақт давомида ўчиришди. Дастлабки расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ва қурбонлар қайд этилмаган бўлса-да, бозордаги кўплаб тадбиркорларнинг мулкига жиддий шикаст етган ва катта зарар кўрилган.

​
Сурхондарё, Ангор дўконлари

3 сентябрь куни Сурхондарё вилояти ФВБга, Ангор туманида жойлашган дўконлар ёнаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарга асосан 3 та қутқарув бўлинмаси ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин ўраб олинган ва ўчирилган. Ҳодиса сабаб жами 2 та кийим-кечак савдо дўкони ёниб зарарлангани маълум қилинди. Шу ўринда айтиш мумкинки, биргина 2025 йилда мамлакатда 11 минг 241 та ёнғин содир бўлган. Оқибатда 249,2 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган, 82 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

“Нега бозорлар ёнаверади?” ёки “Бозорларни атайлаб ёқиб юборганлар кимлар?!” деган савол бот-бот қалқиб чиқади. Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари полковник Хуршид Сотиевнинг айтишича, мамлакат бозорларига қасддан ёки атайлаб ўт қўйиш ҳолатлари бирор марта ҳам қайд этилмаган. Унинг сўзларига кўра, бозорлардаги тизимли ёнғинларга аслида иккита асосий омил сабаб бўлмоқда: электр тармоқларига тушаётган ортиқча юклама ҳамда газ мосламаларидан фойдаланиш жараёнида оддий хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик.

Биринчи ва энг кенг тарқалган сабаб — бу электр инфратузилмасининг меъёрдан ортиқ ишлаши. Бозорлар лойиҳалаштирилиб қурилаётган дастлабки вақтда у ердаги электр симлари ва кабеллари маълум бир стандарт қувватни ва юкламани кўтаришга мўлжаллаб тортилади. Бироқ кейинчалик дўконларни ижарага олган ёки сотиб олган тадбиркорлар ўзбошимчалик билан қўшимча совиткичлар, музлатгичлар, кондиционерлар ва бошқа турли хил юқори энергия истеъмол қилувчи қурилмаларни тармоққа улайдилар. Натижада электр тармоқларида кучли юклама юзага келиб, кабеллар қизий бошлайди ва уларнинг ҳимоя қобиқлари эрийди. Бу ҳолат, айниқса, ёз фаслида ҳаво ҳарорати ҳаддан ташқари кўтарилиб кетган иссиқ кунларда янада хавфли тус олади ва қисқа туташув орқали йирик ёнғинларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Иккинчи хавфли омил эса суюлтирилган газ баллонларидан нотўғри фойдаланиш ва кундалик техник талабларни менсимаслик билан боғлиқ. ФВВ таҳлилларига кўра, бозорларда ишлатиладиган газ баллонлари кўп ҳолларда тегишли йиллик техник синовлардан ўтказилмайди, уларнинг ичида вақт ўтиши билан йиғилиб қолган хавфли конденсат суюқлиги тозаланмайди. Энг ачинарлиси, тадбиркорлар газ баллонларини уларнинг умумий техник ҳолатини текширмасдан туриб, ўзбошимчалик билан қайта тўлдирадилар.

Қоидаларга кўра, бундай баллонларни хусусий автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида (АГҚШ) тўлдириш қатъиян ман этилади, бироқ амалда бу тақиқ тез-тез бузилади. Бундан ташқари, тўлдирилган газ баллонларини бевосита иссиқлик манбалари ёки очиқ олов яқинида сақлаш ҳолатлари ҳам учраб туради ва бу портлаш хавфини бир неча баробар оширади.

Айримлар ФВВ мутасаддилари шу сабабларни билиб туриб, чора кўрмаяптими, деган саволни қўйиши мумкин. Фавқулодда вазиятлар соҳаси масъуллари айрим бозорларни текшириб, ёнғин хавфи сабаб чора кўриш ҳолатлари хам кузатилган. Масалан, шу йилнинг август ойида “Қўйлиқ” деҳқон бозори фаолияти ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани сабабли қисман чекланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси хабар қилганди. Маълум қилинишича, 5 август куни давлат ёнғин назорати доирасида ўтказилган текширувлар давомида бозорда ёнғин хавфсизлиги талабларининг қатор бузилиш ҳолатлари аниқланган. Шу муносабат билан бозор ҳудудининг бир қисми электр таъминотидан узилган.

Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади