Кўчат экишдан мақсад яшилликми ёки?..

Ҳеч эътибор берганмисиз, Тошкентда бир неча дарахт кесилса ёки «яшил» ҳудудлар ўрнини қурилишлар эгалласа, ижтимоий тармоқлар ларзага келади. Масъул идораларнинг телефонлари тинмайди, мутасаддилар изоҳ беришга шошилишади. Бу – пойтахтда жамоатчилик назорати кучли эканлигидан далолат беради.
Аммо вилоятларда экологик муаммоларга афсусланарли даражада хотиржамлик билан ёндашилади. Масалан, Жиззах шаҳрининг марказий кўчалари ёқасидаги кўп йиллик чинорлар кесилганда ҳам, йўллар ўртасидаги «яшил» бўлакларда яшнаб турган арчалар олиб ташлаганда ҳам ҳеч ким муносабат билдирмади. Шунингдек, Шароф Рашидов ва Мирзачўл туманлари оралиғидаги йўл бўйида ўсаётган павловнияларнинг бир қисми қуриб қолгач, кесиб ташланганини ҳам кўпчилик сезмади.
Уч йил илгари Арнасой туманидаги каттагина майдонда павловниялар қовжираб ётгани сабаби билан қизиққанимда «Экишди, лекин тайинли суғоришмади» деган жавоб олгандим. Ташкилотлар ҳовлисида сувсизликдан ёки унсимон ҳашарот туфайли ўтинга айланаётган дарахтлар ҳам ноодатий ҳодиса эмас.
Шу ўринда мавзуга оид воқеа тафсилотига тўхталсам. Икки йилча олдин Шароф Рашидов туманида ўтказилган ҳашарда ОАВ вакили сифатида қатнашдим. Ташкилот раҳбари боғ яратмоққа астойдил киришгани кўриниб турарди: у юз чоғли ходимини бошлаб келган, мевали дарахт кўчатларини харажатига қарамасдан Сурхондарёдан буюртма қилганди.
Бироқ бу меҳнат ҳаммага ҳам маъқул эмаслиги яққол сезилди. Хусусан, ишчилардан бири юк автомашинасидан кўчат боғламларини тушираркан, ниҳоллар томирига кийдирилган плёнка қопчалардаги туп-роқни оёқлари билан эзғилаб, тўка бошлади. У қилмишидан теваракдагилар ажабланаётганини кўриб, илжайганча деди: «Кўтариш осонроқ бўлади».
Чуқурчаларни саёз ковлаб, кўчат илдизларини номига кўмиб қўяётганларга ҳам кўзим тушди. Ўзаро суҳбатлар чоғида эса «Бугун ҳисобот тайёрлашим керак эди, душанбага қоладиган бўлди, дарахт экишимиз мажбурий меҳнат эмасми?» деган гаплар қулоғимга чалинди. Бу гап-сўзлар мени дарахт экиш борасида ҳам ҳашардан воз кечиш керак, шекилли, деган хулосага ундади.
Зеро, инсон бирор вазифани ўз хоҳиши билан бажармас экан, натижадан умид қилмаса ҳам бўлади. Бундан ташқари, кўчатни шунчаки ерга қадаш билан иш битмайди, йил давомида суғориш, ўғитлаш, шакл бериш, зарарли ҳашаротлардан ҳимоялаш каби тизимли агротехник тадбирларни амалга ошириш зарур.
Фикримизни Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси тақдим этган маълумотлар билан давом эттирамиз. Жорий йилнинг ўтган даврида экилган ниҳолларнинг суғорилиши ва парвариш қилинишини таъминламаган 214 та корхона, ташкилот ва муассаса мутасаддиларига мажбурий кўрсатмалар берилган. 167 та ҳолатда огоҳлантиришларга беписандлик билан қараган мансабдорларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
Ушбу рақамлар ҳам дарахтларнинг бир қисми қуриб қолаётгани ҳақидаги фикримизни тасдиқлайди. Яъни кўчат етиштириш ва экишга сарфланаётган миллиардлаб маблағларнинг қанчадир миқдори йўққа чиқмоқда. Яна бир маълумот: «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида шу йил баҳорда Жиззах вилоятида 6 миллион 230 мингта мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазилган.
Кузда эса 10 миллион 821 минг 700 туп ниҳол экиш кўзда тутилган. Рақамлар ҳайратланарли. Қизиқ, бу кўчатларнинг қанчаси келаси йили барг ёзиб, саратондан омон чиқар экан?
– Битта кўчатни сотиш даражасига етказиш учун 1 йилдан 7 йилгача вақт ҳамда яхшигина меҳнат сарфланади, – дейди Жиззах вилояти кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги директорининг ўринбосари Отабек Жабборов. – Тўғри, меҳнатимизга яраша ҳақ оламиз, лекин қовжираб ётган дарахтларни кўрганда одамга алам қилади. Агротехник тадбирларнинг вақтида бажарилмаслиги ортидан 50 фоизгача дарахтлар қуриб қолганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Мисол учун, мактаб жамоаларига ҳар йили кўчат экиш бўйича топшириқ берилади. Ваҳоланки, ўқув муассасаларида ниҳол ўтқазиш учун бўш жойнинг ўзи қолмаган. Шу боис тўғри келган ер танланиб, кўчат экилади ва жараён суратга олинади. Кейин боғ буткул унутилади.
Мутахассис таъкидига кўра, Жиззахнинг ер шароитида соясевар, сув талаб қиладиган дарахтлар ўтқазиш – маблағни ҳавога совуриш билан баробар. Бундай муҳитда шўр ва сувсизликка чидамли тут, қайрағоч, жийда, катальпа, япон сафораси каби дарахт турларини кўпайтириш лозим. Аммо нима учундир қимматбаҳо ва ҳудуд иқлимига мос бўлмаган кўчатлар ўтқазишга ишқибозлар ҳар доим топилади.
Шунингдек, ниҳолни кузда экиш дуруст экан, чунки дарахтнинг табиий сувга тўйиниш, ерга мослашиш ва илдиз отиш имкониятлари ортади. Айтганча, ўрмон хўжалигида етиштирилаётган кўчатларнинг энг арзони 1,5 минг сўм, энг қиммати 600 минг сўм туради. Бу харажатлар миллионлаб экилаётган кўчатлар сонига кўпайтириладиган бўлса, дарахтлар қуриши ортидан иқтисодиётга етказилаётган зарар кўламини тасаввур қилиш қийин эмас.
Демоқчи бўлганимиз, кўчат экиш ва парваришлашни соҳанинг ўз эгаларига топшириш керак. Акс ҳолда, қуриб қолган дарахтлар ва улардан қолган тўнкаларга кўзимиз тушаверади. Пировардида экология ёмонлашганидан, чанг-тўзонлар кўпайиб, турли касалликлар авж олаётганидан нолиб юраверамиз.
Алижон Абдусатторов
Ishonch.uz
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Таҳлил




