Лал Баҳодир Шастри – 60 йил олдин Тошкентда вафот этган тарихий шахсни хотирлаб

Баъзи тарихий шахслар борки, уларнинг номи фақат ўз ватанида эмас, балки бутун дунёда ҳурмат билан тилга олинади. Ана шундай буюк инсонлардан бири Ҳиндистоннинг иккинчи Бош вазири Лал Баҳодир Шастридир. Бугун – 11 январь санасида унинг Тошкент шаҳрида вафот этганига роппа-роса 60 йил тўлди. ishonch.uz сиёсий арбобнинг ҳаёти ва Ўзбекистон билан боғлиқ тарихий ўрнини эслашни жоиз топди.

10:29 | 11.01.2026
•
806
Лал Баҳодир Шастри – 60 йил олдин Тошкентда вафот этган тарихий шахсни хотирлаб
Катталаштириш

Лал Баҳодир Шастри 1904 йил Ҳиндистонда туғилган. У камтарлик, ҳалоллик ва халқпарварликни ҳаёт мазмунига айлантирган давлат арбоби эди. 1964 йилда Ҳиндистон Бош вазири лавозимига келгач, у мамлакатда тинчлик, адолат ва меҳнатга таянган тараққиёт ғоясини илгари сурди. Унинг бутун дунёга машҳур бўлган шиори бор эди: “Жай жаван, жай кисан” – “Аскарга ҳам, деҳқонга ҳам тасанно”. Бу сўзлар мамлакат хавфсизлиги ва озиқ-овқат мустақиллиги унинг учун қанчалик муҳим бўлганини яққол кўрсатади.

Лал Баҳодир Шастри номи Ўзбекистон тарихида ҳам алоҳида ўрин тутади. 1965 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Кашмир ҳудудини талашиш ортидан кучли норозилик ва зиддиятлар келиб чиқади. Воқеалар ривожи шундай тус олаётган эдики, бу икки атом бомбаси бор давлат ўртасида катта урушни келтириб чиқариши мумкин эди. Дунё жамоатчилиги уларни музокара столига таклиф этаётган, аммо буни уддалай олмаётганди. Бироқ айнан 1966 йилнинг 11 январь куни Тошкент шаҳрида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида тинчлик музокаралари бўлиб ўтди. Бу тарихга “Тошкент декларацияси” номи билан кирган муҳим сиёсий ҳужжатдир. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишида ўша пайтдаги давлат раҳбари Шароф Рашидовнинг ҳам хизматлари катта бўлган.
Мазкур келишув икки давлат ўртасидаги қуролли тўқнашувларга чек қўйишга хизмат қилди. Ўша пайтда Тошкент халқаро тинчлик майдони сифатида танилди, Ўзбекистон эса жаҳон сиёсатида ишончли воситачи сифатида эътироф этилди. Аммо 1966 йил 11 январь куни, тинчлик келишуви имзоланганидан сўнг, Лал Баҳодир Шастри Тошкент шаҳрида тўсатдан вафот этади.

Расмий маълумотларга кўра, унинг ўлими юрак хуружи билан боғлиқ бўлган. Бу воқеа Ҳиндистон халқи ва бутун дунё жамоатчилиги учун катта йўқотиш бўлди.

Шастри ҳаётининг сўнгги дамлари айнан тинчлик ғояси билан боғлиқ бўлгани унинг тарихий шахс сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди. Шу сабабли ҳам унинг номи Тошкент шаҳри билан узвий боғланиб қолган. Яъни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги марказий кўчалардан бирига Лал Баҳодир Шастри номи берилган ва айнан шу кўчадаги хиёбонда давлат арбоби хотирасига монумент ҳам ўрнатилган. Ушбу кўча номи орқали Тошкент ўз тарихидаги муҳим сиёсий воқеани ва инсонпарварлик ғоясини асраб келмоқда.

Бугун Лал Баҳодир Шастри вафот этганига 60 йил тўлар экан, унинг номи бизга яна бир бор муҳим ҳақиқатни эслатади: тинчлик – энг буюк ғалаба.

Маълумот учун: Шастри кўчаси Тошкент шаҳри марказида бўлиб, у ерда кўплаб корхона ва ташкилотлар жойлашган. Жумладан, бу кўчада Республика болалар кутубхонаси, Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Мирзо Улуғбек туманига қарашли 5-сонли оилавий поликлиника ва яна бошқа кўплаб ташкилотлар бор. Юртимизга келган ҳар бир ҳиндистонлик, албатта, бу кўчада жойлашган Лал Баҳодир Шастри хиёбони ва унинг монументини зиёрат қилади.

Зебо Намозова
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади