Мамлакатдан чиқариб юбориладиган хорижликлар қаерда сақланади?

Ўзбекистонда ватанига қайтарилиши лозим бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун вақтинча сақлаш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

14:55 | 20.11.2026
•
7
Мамлакатдан чиқариб юбориладиган хорижликлар қаерда сақланади?
Катталаштириш

Лойиҳага кўра, марказлар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти тизимида босқичма-босқич очилади. Дастлаб 2027 йилда Тошкент шаҳрида, 2028–2030 йилларда эса Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ташкил этилиши режалаштирилган.

Марказларнинг асосий вазифаси мамлакатдан чиқариб юборилиши лозим бўлган шахслар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этилиши, шунингдек, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишининг олдини олишдан иборат. Уларнинг марказда сақланиш муддати бир йилдан ошмаслиги керак.

Марказга қабул қилинган шахсларнинг шахси аниқланиб, тегишли электрон базалар орқали текширилади. Зарур ҳолларда уларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига сўров юборилади. Қабул қилинган ҳар бир шахс билан 24 соат ичида суҳбат ўтказилиб, натижаси баённома билан расмийлаштирилади. Кейин улар халқаро шартномаларда белгиланган тартибда ўз юртига қайтарилади.

Лойиҳада сақлаш шароитларига ҳам талаблар белгиланган. Хоналар иситиш, вентиляция ва ёритиш тизимлари билан таъминланиши, бир киши учун камида 2,5 квадрат метр, аёллар ва вояга етмаганлар учун 3 квадрат метр, айрим тиббий ҳолатларда эса 4 квадрат метр жой ажратилиши лозим.

Эркаклар ва аёллар, шунингдек, юқумли касалликка чалинганлар алоҳида жойлаштирилади. Шахсий гигиена воситалари бўлмаганларга улар марказ ҳисобидан берилади.

Чет эл элчихоналари ва ваколатхоналари вакиллари марказда сақланаётган фуқаролар билан Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилган ҳолда учрашиши мумкин. Омбудсман, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази вакиллари эса марказга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 20 ноябрга қадар давом этади.

Маълумот учун, ноябрь ойи бошида эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда узоқ муддат яшаётган хорижликлар сони 250 мингга яқинлашган. Уларнинг 36 минг нафари ишлаш рухсатномасини олган, 24 минг нафари эса талабалардир. Президент қолган хорижликларнинг машғулоти ва даромад манбалари ҳақида ҳам аниқ маълумот бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади
Мамлакатдан чиқариб юбориладиган хорижликлар қаерда сақланади? | Ishonch.uz