Мақомингизга муносибмисиз?
Шерзод яхши мутахассис эди. Қолаверса, камтарлиги, ҳалоллиги ва меҳнатсеварлиги билан ҳамкасбларининг ҳурматини қозонганди. Шу сабабли корхона бошлиғи лавозимига тайинланганда, ҳамма бирдек қувонди. Аммо... орадан кўп ўтмай кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Боиси, Шерзод Шербекович 180 даражага ўзгарди. Ходимларнинг саломига базўр алик оладиган, оддий гапни ҳам баланд овозда, бақириб айтадиган одат чиқарди. Топшириқлар кўпайгани ҳолда, мукофот ва устама пуллари бекор қилинди. Корхона инқирозга юз тутди ва унинг раҳбарлиги бир йилга ҳам бормади.
Уни кузатганлар “Мансаб одамни бузади”, “Яхши мутахассис яхши раҳбар дегани эмас” қабилида кесатиқ қилишди. Мутахассис сифатида ўз ишини мукаммал билиш, жамоани бошқариш, стратегик қарорлар қабул қилиш ва одамлар билан тил топишиш кўникмасини кафолатламаслигига мисоллар талайгина.
Кейинги пайтларда баъзи инсонлар ҳақида “Шу одам мавқеига муносиб эмас” деган гапларни эшитиб қоляпмиз. Балки, кўплаб соҳаларда кадрлар қўнимсизлиги ва тизимлардаги узилишларнинг асл сабаби ҳамма ҳам ўз мақомига лойиқ бўлолмаётганидадир.
Аслида мавқе фақатгина мансаб ёки бойлик эмас. Оила бошлиғи, шифокор, ўқитувчи, маҳалла фаоли — умуман, ҳамманинг жамиятда ўз ўрни ва мақоми бор. Кимдир лавозими, кимдир бойлиги, бошқа биров илми билан ажралиб туради, холос.
Бироқ, кишининг нуфузи қанчалик юксалса, зиммасидаги масъулият ҳам шунчалик ортишини ҳамма ҳам тушунавермайди. Инсон иерархия зинапоясидан юқорига чиққан сари, унга қўйиладиган талаб ва маданият даражаси ҳам ошиши лозим. Зеро, юксак мақом бу бошқалардан устун бўлиш ҳуқуқи эмас, балки бошқаларга кўпроқ хизмат қилиш, жамият ривожига каттароқ ҳисса қўшиш мажбуриятидир.
“Обрў мисқоллаб йиғилади, ботмонлаб тўкилади” дейди халқимиз. Афсуски, бугун айрим инсонларнинг ташқи мақоми билан ички маданияти ва савияси ўртасида катта жарлик пайдо бўлмоқда. Баъзи катта мансаб эгаларининг муомаласи ва қарор қабул қилиш салоҳияти оддий бошқарувчи даражасида ҳам эмаслигини кўриб, кишининг ҳафсаласи пир бўлади. Бошқа бировлар эса чўнтаги қаппайиб, қимматбаҳо машиналарда юргани билан, ички дунёси қашшоқлигича қолаверади.
Бугунги жамиятда кўпчилик статусни масъулият эмас, имтиёз сифатида қабул қилаётгандек. “Мансабдорман, пулдорман, унвоним бор, демак бошқалардан устунман” деб ўйлаш аслида ахлоқий таназзулнинг бошланишидир. "Менга ҳамма нарса мумкин" деган янглиш фикр инсонни ахлоқий чегаралардан чиқишга ундайди ва жамиятда ишончсизлик ҳамда нафратни келтириб чиқаради.
Психологларнинг таъкидлашича, инсон ўзи лойиқ бўлмаган ва билим даражаси етмайдиган мақомни эгаллаб турганда, унда аста-секин ички қўрқув ва агрессия пайдо бўлади. У ўз уқувсизлигини атрофдагиларга тазйиқ ўтказиш, қўполлик ёки такаббурлик ниқоби остига яширишга ҳаракат қилади. Сунъий қиёфа эса илк стресс ёки нафс синовларидаёқ фош бўлади.
Хўш, инсон ўз мақомига муносиб бўлиши учун нима керак?
Камтарлик ва соғлом муомала: ҳақиқий улуғворлик мансаб ёки бойликда эмас, балки одамларга, айниқса, ўзидан қуйи мақомда турганларга бўлган муносабатда намоён бўлади.
Доимий ўз устида ишлаш ва танқидий фикрлаш: эгаллаб турган мақомга мос билим, дунёқараш ва нутқ маданиятини шакллантириб бориш зарур. Савия паст бўлса, энг баланд вазифанинг ҳам қадри қолмайди.
Эмоционал интеллект ва сўз билан амал бирлиги: самимият ва адолат — мақомни тутиб турувчи энг мустаҳкам устундир. Ўзи адолатсиз бўлиб, ўзгаларни ҳалолликка чақириш ишонч занжирини узади.
Бир нарсани унутмаслик керакки, мавқе юксалган сари, хатоларнинг қиймати ҳам, уларнинг жамиятга етказадиган зарари ҳам ортиб боради. Оддий одамнинг хатоси фақат ўзига зиён келтирса, мавқели шахснинг номуносиб хатти-ҳаракати бутун бир тизимни инқирозга учратиши мумкин.
Эҳтимол, ҳар биримиз вақти-вақти билан ўзимизга: "Мен эгаллаб турган ўринга, эришган мавқеимга ва одамларнинг ишончига ҳақиқатан муносибманми?" деган саволни бериб турганимизда, атрофимизда кўп нарса ижобий тарафга ўзгарган бўлармиди.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0