Оғир жиноятга нега енгил жазо?
Яқинда Жиззах вилоятида содир бўлган воқеа кўпчиликни ларзага солди. Маълум бўлишича, бир аёл қайнонаси ва эрининг опа-сингиллари томонидан бир неча ой давомида қийноққа солиб келинган. Унинг беш ойлик фарзанди тортиб олинган, ўзи эса хонага қамаб қўйилиб, овқат ва сувдан маҳрум қилинган. Қайнсингиллари жабрдийданинг устига туз ва сода аралаштирилган қайноқ сув сепишгани айтиляпти. Айни пайтда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур ҳодисани ҳар ким ўзича таҳлил қиляпти. Кимдир хотини ва фарзандини онаси ҳамда опа-сингилларига ишониб ташлаб, ўзи Россияга ишлаш учун кетган эрни, яна биров шу қабиҳ ишга қўл урган аёлларни қоралаяпти.
Статистик маълумотларга кўра, масалан, 2024 йилда Ўзбекистонда аёллар томонидан 4 минг 167 та жиноят содир этилган бўлса, 2025 йил якунига келиб, бу кўрсаткич 3 минг 214 тага тушган.
Тўғри, профилактик чора-тадбирлар натижасида хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони йил сайин камайиб бормоқда. Аммо аслида аёллар жинояти битта бўлса ҳам кўп.
Ижтимоий тармоқларда аёллар билан боғлиқ жиноятлар ҳақида яна баҳс кетаркан, фурсатдан фойдаланиб, бир таклифни илгари сурмоқчиман.
Бугун хотин-қизлар борасида гап кетганда, «тенглик» деган сўзни кўп эшитяпмиз. Бу бежиз эмас. Ҳақиқатан ҳам, опа-сингилларимиз барча соҳаларда эркаклар билан баравар имкониятларга эга бўлиб боришяпти. Илгари кўпроқ эркаклар зиммасида бўлган вазифаларни бугун улар ҳам бемалол бажаришяпти. Ўқишда, ишда, тадбиркорликда, давлат бошқарувида, раҳбарлик лавозимларида аёллар учун эшиклар очиляпти. Қисқаси, аёлнинг жамиятдаги ўрни фақат оила ва рўзғор билан чекланиб қолмаяпти. Албатта, уларнинг фикри эшитилиши, меҳнати қадрланиши, ўз тақдирини ўзи белгилаши – тараққиётнинг талаби.
Бу – яхши! Чунки аёл ҳам инсон. У эркак билан тенг имкониятга эга шахс. Аммо ҳар бир ҳақ-ҳуқуқ ортида масъулият ҳам борлигини унутмаслик лозим. Тенглик деган тушунчанинг кўпинча биз эътибор бермайдиган яна бир томони бор. У ҳам бўлса – жавобгарлик.
Хўш, ожизалар томонидан жиноят содир этилганда-чи? Бу ерда ҳам эркак ва аёл ўртасида фарқ бўлмаслиги, яъни иккисига ҳам қонун устувор – жазо муқаррар, қилмишга муносиб бўлиши керак эмасми? Масалан, Жиноят кодексининг 50-моддасига кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган хотин-қизларга, шунингдек, 60 ёшдан ошган эркакларга тайинланадиган жазо муддати тегишли жиноят учун белгиланган озодликдан маҳрум қилишнинг энг кўп муддати учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Демак, қонуннинг ўзи айрим ҳолатларда жазонинг юқори чегарасини чеклаб қўйган. Энди ҳақли эътироз туғилади.
Аёлга ўқишда, ишда, раҳбарликда тенг ҳуқуқ ва имконият берилаётган бир пайтда жиноят содир этганида унинг жинси жазо масаласида алоҳида имтиёзга айланиши адолатнинг қайси мезонига тўғри келади?
Тўғри, бу ерда инсонпарварлик деган тамойиллар ҳам бор. Жиноятга қасддан ёки билмай қўл урган ожизанинг вояга етмаган фарзанди, оиласи, унинг жамиятда тутган ўрни ҳисобга олиниши лозимдир… Лекин биз енгиллик бераётган аёл жабр етказган шахснинг ортида ҳам оиласи, яқинлари борлигини унутиб бўладими? Ахир, унинг қилмиши туфайли бир инсон бошига катта мусибат тушяпти-ку!? Фирибгарлик ёки бошқа оғир жиноят ортидан ҳаёти издан чиққан одамнинг ҳам оиласи бор.
Шундай экан, нима учун жиноятчининг жинси ҳақида ўйлаганимизда, жиноятдан жабрланган шахснинг кейинги тақдирини ҳисобга олмаймиз?
Мен аёлларга нисбатан шафқатсиз бўлиш керак, демоқчи эмасман. Аксинча, жазо ҳам адолатли бўлиши жоиз, деяпман. Аммо адолат дегани кимгадир жинси учун имтиёз беришни англатмайди. Одам оғир жиноятга қўл урдими, жазо унинг аёл ёки эркак эканига қараб тайинланиши мантиқсизлик, назаримда...
Бугун аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни жамият тараққиётининг муҳим белгиси сифатида кўряпмиз. Аёллар ҳам эркаклар билан бир қаторда, катта масъулиятларни зиммасига олишяпти. У ҳолда жавобгарлик масаласида уларни доимо «ҳимояга муҳтож» шахс сифатида кўришнинг ўзи қанчалик тўғри? Жавобгарликнинг асосий мезони жинс эмас, қилмиш ва унинг оқибатлари бўлиши адолатли эмасми?
Албатта, бу «эркакка қанча йил берилса, аёлга ҳам айнан шунча йил берилиши шарт», дегани эмас. Чунончи, суд жазо тайинлаётганда жиноятнинг оғирлиги, унинг оқибати, айбдорнинг роли, жиноят содир этиш ҳолатлари, шахси ва бошқа муҳим жиҳатларни ҳисобга олади.
Ўзбекистон қонунчилигида энг оғир жазо – умрбод озодликдан маҳрум қилиш аёлларга нисбатан қўлланилмайди. Нега? Аёл бўлгани учун!
Хўш, жиноят қанчалик оғир бўлса ҳам, жинс доимо ҳимоя воситаси бўлиб қолавериши нечоғлиқ тўғри? Масалан, оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ёки терроризм каби жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Борди-ю, шундай жиноятни аёл содир этса-чи? Табиийки, унга маълум даражада имтиёз берилади. Чунки амалдаги қонун талаби шундай.
Хуллас, жиноятга нисбатан муросасиз бўлишимиз зарур. Бироқ муросасизлик жиноятчининг эркак ёки аёл эканига қараб ўзгармаслиги лозим. Балки жиноят содир этган аёлларга «тенглик» тамойили остида жазо қўллаш масаласини кўриб чиқиш фурсати етгандир…
Мутасаддилар қонунчиликнинг шу қисмини қайта кўриб, мазкур масалани адолатли ҳал қилишади, деган умиддамиз.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ИШОНЧ»
"Ishonch" газетасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 116- сонидан олинди.







