Ҳарбий хизматдан қайтган ходим аввалги лавозимига тикланадими?
Савол: Бир йиллик ҳарбий хизматга чақирилган ходим хизматни ўтаб қайтса, унга аввалги лавозими берилиши шартми?

Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
Жавоб: Ходимнинг ҳарбий хизматга чақирилганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 168-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан бекор қилинади. Бунда ходимга Меҳнат кодексининг 173-моддасида белгиланган тартибда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилади.
Бироқ бу ерда муҳим жиҳат бор. Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат, содда қилиб айтганда, бир ойлик ҳарбий хизмат даврида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади. Бундай ҳолатда меҳнат шартномаси бекор қилинмайди.
Меҳнат кодексининг 102-моддаси 3-қисмига кўра, ҳарбий хизматга чақирилган (киришган) ходим зaxирага бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, агар ишга жойлашиш масаласи бўйича иш берувчига Қуролли Кучлар, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ёки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинлари сафидан бўшатилган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай мурожаат қилса, аввалги иш жойида ишга жойлашишда устувор ҳуқуққа эга бўлади.
Устувор ҳуқуқ дегани — иш берувчида бўш иш ўрни мавжуд бўлса, ушбу ходимни бошқа номзодларга нисбатан биринчи навбатда ишга қабул қилиши керак. Агар бўш иш ўрни мавжуд бўлмаса, иш берувчининг ходимни иш билан таъминлаш мажбурияти юзага келмайди.
Аммо Меҳнат кодекси 102-моддасининг 4-қисмида бошқа ҳолат назарда тутилган. Унга кўра, ҳарбий хизматга чақирилган (киришган), кейинчалик захирага бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар ҳарбий хизматга чақирилган (киришган) кундан эътиборан уч ой ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиш ҳуқуқига эга.
Демак, бу икки ҳолатни фарқлаш муҳим: 102-модданинг 3-қисмида — бўш иш ўрни мавжуд бўлганда устуворлик ҳуқуқи, 4-қисмида эса — аввалги иш жойига тўғридан-тўғри қайтиш ҳуқуқи назарда тутилган. Иккинчи ҳолатда иш берувчи ходимни аввалги ишига қабул қилиши шарт.
Агар ушбу лавозимда бошқа ходим ишлаб турган бўлса, унга Меҳнат кодексининг 144-моддаси талаблари асосида бошқа иш таклиф қилинади. Агар бўш иш ўрни бўлмаса ёки ходим таклиф этилган ишни рад этса, унинг меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 168-моддаси биринчи қисми 2-бандига асосан — мазкур ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишига тикланганлиги муносабати билан бекор қилиниши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сон қарори 49-бандига кўра, судлар меҳнат шартномасининг ушбу асос билан бекор қилинганлиги қонунийлигини баҳолашда «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонун нормаларига ҳам эътибор қаратиши лозим.
Судлар, хусусан, ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганини тасдиқловчи ҳужжатлар — чақирув комиссиясининг маълумотномаси ва бошқа тегишли ҳужжатлар мавжудлиги, шунингдек, ишдан бўшатиш нафақаси тўланган-тўланмаганини текширади.
Хулоса: бир йиллик ҳарбий хизматдан қайтган ходимнинг аввалги лавозимига тикланиши хизматдан қайтганидан кейин қанча вақт ўтганига ва Меҳнат кодекси 102-моддасининг қайси қисми татбиқ этилишига боғлиқ. Агар қонунда белгиланган уч ойлик муддат доирасида мурожаат қилинган бўлса, 102-модданинг 4-қисми асосида ходимнинг аввалги ишига қайтиш ҳуқуқи мавжуд.






