Марказий Осиёда иқлим муҳожирлари ортиб бормоқда
Бутун дунёда кузатилаётган глобал иқлим ўзгаришлари нафақат атроф-муҳит, балки инсонлар ҳаётига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Иқлим ўзгариши натижасида табиий офатлар, қурғоқчилик, сел, кўчки ва денгиз сатҳининг кўтарилиши кўплаб ҳудудларда яшаш шароитларини кескин ёмонлаштирмоқда. Ушбу жараён натижасида яшаш жойини ўзгартираётган инсонларга нисбатан “иқлим муҳожирлари” атамаси пайдо бўлди. Иқлим муҳожирлари феномени глобал миқёсда мураккаб ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Иқлим ўзгариши ортидаги муҳожирлик…
Иқлим ўзгариши натижасида келиб чиқадиган табиий офатлар сони ва интенсивлиги ортиб бормоқда. Бу ҳодисалар кўп ҳолларда аҳоли миграциясини кўпайтиради. Масалан, сув ресурсларининг танқислиги ёки ҳаддан ташқари қурғоқчилик қишлоқ хўжалиги фаолиятини ёмонлаштиради, натижада одамлар қишлоқ ҳудудларидан шаҳар ёки бошқа давлатларга кўчиб ўтишга мажбур бўладилар.
Қурғоқчилик ва ернинг деградацияси Африка ва Марказий Осиё давлатларида иқлим муҳожирларининг ортишига сабаб бўлмоқда. Денгиз сатҳининг кўтарилиши эса, Тинч океани ороллари, Бангладеш, Малдив ороллари каби мамлакатларда бутун аҳоли қишлоқлари ва ҳатто шаҳарлари хавф остида қолмоқда. Ушбу жойлар аҳолиси доимий равишда кўчишга мажбур бўлиши мумкин, чунки табиий офатлар уларнинг уй-жойлари ва яшаш шароитларини яроқсиз ҳолатга келтиради.
Ўзбекистондаги иқлим муҳожирлари
Ўзбекистон каби қуруқ иқлим шароитида жойлашган мамлакатларга ҳам иқлим ўзгариши катта таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда сув ресурслари танқислиги ва ерларнинг шўрланиши долзарб муаммога айланган. Қишлоқ хўжалиги ва сувга боғлиқ ҳудудларда яшовчи аҳоли ушбу шароитда яшашни давом эттириши қийинлашмоқда. Шу сабабли, қишлоқ жойлардан шаҳарларга ёки хорижга, асосан Россия ва Қозоғистон каби давлатларга вақтинчалик ёки доимий равишда кўчиб кетишга мажбур бўлмоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистоннинг Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув ресурсларининг камайиши бутун минтақа учун катта таҳдид яратмоқда. Бу жараён натижасида Орол денгизининг қуриши ва атрофидаги экотизимнинг деградацияси нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам аҳолини кўчишга мажбур қилмоқда. Ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли кўпинча экологик муаммолар ва иқтисодий қийинчиликлар сабабли катта шаҳарларга ёки чет элга кўчиб кетмоқда.
Иқлим муҳожирларининг ҳуқуқий мақоми
Иқлим муҳожирлари халқаро ҳуқуқда мураккаб мавзу ҳисобланади. Айни пайтда, иқлим ўзгариши сабабли миграция қилаётганлар халқаро даражада қочоқ сифатида тан олинмаган. Шу сабабли, иқлим муҳожирлари кўпинча ўзга юртда ҳуқуқий ҳимоя остида бўлмайди. Бу улар олиши керак бўлган ёрдамни қийинлаштиради.
Мутахасиссларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб иқлим ўзгариши туфайли дунёнинг олти минтақасида 216 миллион киши ўзи яшаётган мамлакат ичидаги бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлиши мумкин.
Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги вазият
Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5,1 миллионгача иқлим муҳожирлари пайдо бўлиши мумкин, бу умумий прогноз қилинаётган аҳолининг 2,3 фоизини ташкил қилади. Улардан 2,4 миллионгача бўлгани Марказий Осиёда яшайди.
Мутахассислар Қозоғистоннинг жанубий чегараси бўйлаб, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсига туташ ҳудудлари, шунингдек, Бишкек атрофидаги ерлар иқлим муҳожирларининг чиқиб кетиш зонасига айланишини прогноз қилмоқда. Ҳисоботга кўра, бу минтақанинг ушбу қисмларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши билан боғлиқ.
Халқаро экспертларнинг фикрича, минтақамизда ҳаво ҳарорати ўртача жаҳон даражасидан анча тез кўтарилмоқда. Бу Орол денгизи ҳавзасидаги асосий сув манбаи бўлган музликлар майдонининг қисқаришига олиб келади. Охирги 50 йил ичида уларнинг ҳажми 30 фоизга камайган. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёдаги қурғоқчилик йилига ялпи ички маҳсулотнинг 1,3 фоизига зарар етказиши мумкин. Бу эса 5 миллионга яқин ички иқлим муҳожирларининг пайдо бўлишига олиб келади.
Марказий Осиёда ички иқлим миграциясининг “ўчоқлари” 2030 йилга келиб шаклланиши мумкин. 2050 йилга келиб эса бу жараённинг кўлами ва интенсивлиги ошади. Ички иқлим муҳожирлари бу йил Африка давлатларида Саҳрои Кабирдан жанубга кўчадиганлар 86 миллионга, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида 49 миллионга, Жанубий Осиёда 40 миллионга, Шимолий Африкада 19 миллионга, Лотин Америкасида 17 миллионга, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5 миллионга етиши мумкин.
Эксперт тавсиялари
Мутахассислар иқлим миграцияси таъсирини камайтириш ва кутилаётган миграция оқимига тайёргарлик кўриш учун зарур бир қатор сиёсий тавсияларини берди. Жумладан:
- глобал миқёсда чиқиндиларни камайтириш ва ҳароратга нисбатан Париж битими (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атмосферадаги карбонат ангидрид газини камайтириш бўйича чора-тадбирларни тартибга солувчи иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси доирасида тузилган шартнома) мақсадларига эришиш учун бор имкониятни ишга солиш;
- экологик тоза, барқарор ва инклюзив ривожланиш бўйича узоқ муддатли режа тузишда ички иқлим миграцияси омили ҳисобга олинишини тўлиқ таъминлаш;
- ички иқлим миграцияси мослашиш стратегияларидан бирига айланиши ва ривожланишнинг ижобий натижаларини бериши учун миграциянинг ҳар бир босқичига тайёргарлик кўриш;
- мақсадли сиёсатни оқилона шакллантириш учун ички иқлим миграцияси сабабларини чуқур ўрганишга сармоя киритиш.
Феруза Раҳимова,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0