Миянгизни “фастфуд”лар билан заҳарламанг!
Кейинги йилларда нафақат кексалар, ёшлар ҳам хотира пастлигидан шикоят қилади. “Ёдимда йўқ”, “Эсимдан чиқибди” каби баҳоналарни кўп эшитамиз. Бунинг сабаби нимада? Ростдан ҳам хотира пасайиши барчага баравар хавф соляптими? Алцгеймердан ҳимояланиш имкониятлари камайиб боряптими?
Мутахассисларга кўра, муаммо миямизни “фастфуд”лар билан заҳарлаётганимизда. Маълумки “fast food” атамаси тезкор овқатланиш маъносида таржима қилинади. Фастфуд тайёрлаш ва тановул қилиш кам вақт талаб қилади, ҳатто махсус стол ёки приборларга ҳам эҳтиёж йўқ. Улар мазали, лекин зарарли. Нафақат ошқозонимиз, миямиз ҳам озиққа эҳтиёж сезади. Бу биз унга тақдим қилаётган ахборотлар, юкламалардир. Бугунги кунда ҳаммамиз уни енгил елпи, керакли кераксиз ахборотлар билан тўйдириб юборяпмиз. Китоб ўқиймаймиз, чуқур мушоҳада юритмаймиз. Вақтимизни ижтимоий тармоқларда маза матрасиз вайнларга сарфлаб, исроф қиламиз. “Ошқозон миядан ақллироқдир, чунки қайт қилиб ташлашни билади, мия эса ҳар қандай ахлатни ҳам ютаверади” деганида Чингиз Айтматов даҳоси нақадар ҳақ. Охир оқибат эса бош оғриғидан, хотира пастлигидан, ишимиз юришмаётганидан, замон носозлигидан шикоят қиламиз.
Инсон соғлом ва узоқ яшаши учун жисмоний ҳаракат қанчалик муҳим бўлса, миямизнинг фаоллиги ҳам шунчалик аҳамиятли. Ишлатилмаган пичоқ занглайди. Мия ҳам озиқлантирилмаса, фикрламаса, хасталикка маҳкум бўлади. Китоб, газета ўқиш ҳақида гапирсангиз, “Ҳамма нарса интернетда бор-ку” деб баҳона қиладиганлар кўпайгандан кўпаймоқда. Ваҳоланки, китоб миямиз учун соғлом овқат, ижтимоий тармоқ эса “фастфуд” вазифасини ўтамоқда. Бунинг оқибатлари эса ўзини узоқ куттирмаяпти. Паришонхотирлик, икки гапни тўғри ифодалай олмаслик, асабийлашиш, жиззакилик, оилавий можаролар, болалар руҳиятининг бузилиши кўринишида ўзини намоён қилмоқда. Унданда ёмони сунъий интеллект инсонни маҳв этмоқда. Калькуляторсиз иккига иккини кўпайтира олмаймиз. Киримизни машина чаяди. Идиш-товоқимизни машина ювади. Касалимизни УТТ, ЭКГ ва бошқалар аниқлайди. Мавзуни хорижий тилдан гугл тоға ўзи таржима қилиб беради. Ўзи юрар машиналар ҳаётимизга кириб келиш арафасида. Бу кетишда инсон ҳаётдаги ўрнини ва мақсадини йўқотиб қўймайдими?
Мутахассислар, мия ҳеч нарсани унутмайди дейдилар. Демак, хотирамиз пасайишига сабаб уни ахборотлар билан тўлдириб ташлаганимизда. Шкафга ҳамма нарсани пала-партиш тиқиб ташласангиз, зарур нарсангизни тополмай, қанча овора бўласиз. Керак сўзни эслаб айтолмаслигимиз ҳам пала-партишлигимиз оқибатидир. Ижтимоий тармоқдан бирон ахборотни қабул қилаётганда унинг аҳамияти, фаолиятимизда қанчалик асқотиши ҳақида ҳам ўйласак ёмон бўлмасди. Йўқса, фантастик фильмлардаги каби роботларга таслим бўлишимиз ҳеч гап эмас.
Паришонхотирлик инсон ҳаётини издан чиқаради. Бош бўлмаса, гавда лош дейдилар. Аянчли оқибатларнинг олдини олиш учун эса ҳозирдан ҳаракат қилишимиз керак.
Мутахассислар хотирани мустаҳкамлаш учун аввало олдимизга мақсадлар қўйишимиз, уларни амалга ошириш учун ҳаракат қилишимиз зарурлигини уқтирадилар. Янги билимлар олишдан тўхтамаслигимиз керак. Шеър ёдлашимиз, хорижий тилларни, мусиқа чалишни ўрганишимиз, математик амаллар, кроссвордлар ечишимиз... умуман миямизни қийин вазифаларни бажаришга мажбурлашимиз зарур. Ғийбатдан узоқ бўлиб, фозил инсонлар суҳбатини олишга кўпроқ вақт ажратиш лозим. Миямизни ахлат билан тўлдириб ташламайлик. У чиқиндихона эмас, фирдавс боғига ўхшасин.
Хотирани мустаҳкамлашнинг яна бир усули ёзишдир. Ҳар биримиз кундалик ёзишга одатлансак, ҳам хотирамиз яхшиланади, ҳам фикрлаймиз, ҳам авлодларга муносиб мерос қолдирамиз.
Демоқчимизки, нафақат танамизни, балки миямизни ҳам асрайлик, тарбиялайлик. Шунда атрофдагиларга дардисар бўлмаймиз. Шунда узоқ ва бахтли турмуш кечиришимиз мумкин.
Муҳаббат Тўрабоева
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0