ТАНОСУХ ЖУМБОҒИ
Сиз у ҳақда нималарни биласиз?
Онаизор илтижоларининг ижобати
1910 йил Италиянинг Палермо музофотида яшовчи Адел Самоа учун ҳам ўта қайғули, ҳам беҳад қувончли келди. Бундай дейишимиз бежиз эмас. 15 март куни унинг 5 яшар қизи Александрина ўпка силидан вафот этди. Онаизор фарзанд доғида қаттиқ куюнди. Тез-тез ибодатхонага бориб, Худога илтижо қилишга, ўзига яна фарзанд ато этишини сўрашга одатланди.
Ана шундай кунларнинг бирида хаста дилга росмана таскин-тасалли берувчи мўъжиза рўй берди. Унинг тушига Александрина кириб, ҳадемай қўлида чақалоқ билан оила бағрига қайтажагини айтди. Эртаси эрталаб эса Адел ҳомиладор бўлганини қалбан ҳис этди. Ҳис этди-ю, бу янгиликка ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билолмай боши қотди. Чунки бултур оналик безини операция қилдирганди. Ўшанда жарроҳлар унга бошқа фарзанд кўриши даргумонлигини эслатишганди. Энди эса...
Хайрият, бояқиш янглишмаган, бўйида бўлгани рост экан. Буни у Худонинг инояти, илтижоларининг ижобати деб билди. Янги йил арафасида эса орзуси том маънода ушалди. У бирйўла қўш фарзандли бўлди. Эгизакларнинг иккиси ҳам қиз эди. Олдинроқ туғилганининг чап юзида худди Александринаники сингари чиройли холи бор эди. Шу боис эр-хотин унга марҳума қизлари исмини қўйдилар.
Қизалоқ катта бўлгани сайин умри жуда эрта хазон бўлган опасига ўхшаб бораверди. Боз устига, у ёқтирган ўйинларни ўйнар, у хуш кўрган таомларни севиб тановул қиларди. Қилиқлари ҳам уникидан қолишмасди. Аделнинг наздида олдинги Александринаси янгича қиёфада қайта туғилгандай эди. Бироқ мутахассислиги шифокор бўлмиш турмуш ўртоғи унинг тушини ҳам, кейинги гапларини ҳам тўнғичининг ўлими туфайли чеккан узлуксиз қайғу-изтироблари асорати деб билди. Мулойимлик билан Аделга бир вужудни тарк этган руҳ бошқасига кўчиб ўтиши ҳақидаги фикрларидан воз кечиши лозимлигини, бунақа ҳодисалар рўй бериши ҳақидаги гап-сўзлар қуруқ сафсата эканлигини тушунтиришга уринди. Илло, кейинчалик хотини ҳақ эканлигига, унинг тахминларида жон борлигига ўзи ҳам тан берди.
1921 йил арафасида эгизаклар 10 ёшга тўлди. Бу пайтда кичик Александрина худди қуйиб қўйгандай марҳума опасига ўхшар, ундан ва синглисидан битта фарқи – чапақайлиги эди. Қолаверса, у ниҳоятда ҳозиржавоб эди. Масалан, эрта кўклам чоғи Адел қизларига келаси ҳафта уларни Монреалга олиб бориш ниятида эканлигини айтади. Шунда Александрина бу шаҳарда аллақачон бўлганини таъкидлайди ва унинг манзарасини завқ-шавқ билан батафсил тасвирлаб беради. Охирида у ерда қизил кийимли одамларни кўрганини ҳам қўшимча қилади.
Адел қизининг гапларидан ҳайратга тушиб, бу гапларни кимдан эшитганини сўрайди. Иккинчи Александрина эса “И-е, эсингиздан чиқдими, ойижон, мени ўша шаҳарга ўзингиз оборгандингиз-ку! Манглайида чандиғи бор қўшни аёл ҳам биз билан бирга эди-ку!” дейди.
Аслида-чи?.. Адел эгизаклари билан Монреалга бирон мартаям саёҳат қилмаганди. Аммо анча йиллар бурун кўз очиб кўрган қизи ва пешонасидаги сафроли шишдан азоб чекаётган дугонаси билан у ерда бўлганди. Ўшанда шаҳар бош майдонида тўқ қизил жубба – кенг енгли устки либос кийган юнон руҳонийларини учратишганди. Жажжи қизалоғи уларга ҳайрат билан боққанди. Демак, иккинчи Александринанинг гаплари баайни ҳақиқат эди. Инчунин, Адел катта қизининг руҳи кичигининг жуссасига кўчиб ўтганига яна бир бор қатъий ишонч ҳосил қилди. Бу сафар унинг хулосасига ҳеч ким, ҳатто эри ҳам эътироз билдирмади.
Панд бермаган ботиний туйғулар
Қарийб ярим асрдан сўнг, аниқроғи, 1957 йили англиялик Жон Поллок бошига тушган мусибат ҳам юқорида тилга олинган фожиага ўхшаб кетади. Негаки, унинг бирданига икки зурриёти – 11 ёшли Жоанна ва 6 яшар Жаклин исмли қизлари Гексэме шаҳридаги автофалокат оқибатида ҳалок бўлишади. Вақти ўтиши билан Жон тақдир ҳукмига бўйсунади. Бироқ сабабини ўзи билмаган ҳолда, “Хотиним кейинги сафар эгизак қизлар туғади. Уларнинг жисмига фалокатга йўлиққан қизларимнинг руҳлари ва жонлари кўчиб ўтади”, деган алланечук ўй-хаёллар гирдобида қолади. Хотини яна бошқоронғи бўлганида ҳам у фикрида собит туради. Ўзига ишончи жуда кучли бўлгани сабабли, “Рафиқангиз битта бола туғади!” деган гинеколог врач билан анча вақт қаттиқ тортишади.
Ва ниҳоят, у ғолиб чиқади. 4 октябрда икки қизли бўлади. Янги чақалоқлар бахтсиз ҳодиса туфайли жувонмарг бўлган опаларининг айнан ўзгинаси эди. Чунончи, Женни исмли каттасининг манглайида узун чизиқсимон чуқурча кўриниб турар, бошида холга монанд доғ бор эди. Буни қарангки, мурғаклигида вафот этган Жаклин ҳам велосипеддан йиқилиб, пешонаси жароҳатланганди. Шунингдек, унинг бошида доғ кўзга ташланиб турарди.
Қисқаси, бу хонадонда ҳам италиялик Адел Самоа оиласидаги сингари “хотирлаш” воқеаси такрорланди. Жон ва умр йўлдоши таносухга ишониб, астойдил ихлос қўйишди. Қизалоқлари тўрт ойлик бўлганида Гексэмедан кўчиб кетиб, анча наридаги Бей шаҳарчасида яшай бошладилар. Кейинчалик марҳума қизлари Жоанна ва Жаклин тез-тез ўйнагани борган истироҳат боғи ва ўйингоҳларда бўлишганида, эгизаклар бу жойларни олдин ҳам кўришганини таъкидладилар. Улар бир пайтлар Жоанна мактабга қатнаган йўлни ҳам осонгина танидилар.
Бора-бора қизалоқлар тун чоғи уй атрофида аллақандай даҳшатли шарпалар жавлон ураётганини ички туйғулари ила илғай бошладилар. Тушларида эса опалари умрига зомин бўлган воқеани кўрдилар. Уйғонгач, фалокат жойини ва жараёнини аниқ таърифлаб бердилар.
Бундай ҳолатлар бир неча йил давом этди. Эгизаклар баъзан ҳафталаб-ойлаб тинч ухлолмадилар, баъзан алоқ-чалоқ тушлару босинқирашлардан безор бўлдилар. Катта опалари Жоанна вафот этган ёшга етганларидан кейингина хотиржам тортиб, ортиқча безовталанмайдиган бўлиб қолдилар. Эр-хотин эса марҳума қизлари ҳаётга қайтганига ҳеч қачон шак келтирмадилар. Айниқса, Жон ботиний туйғулари панд бермагани учун Яратганга беадад шукроналар келтириб яшади.
Ҳар кимнинг кори аъмоли ўзига
Табиийки, таносух билан боғлиқ сир-синоатлар одам бош миясининг муайян қисмларида тормозланиш туфайли рўй берадиган ўзига хос уйқу ҳолатини юзага келтирадиган, сўнгра гап-сўз, авраш ва муайян руҳий ҳолат ёки таъсир ўтказиш йўли билан инсонни ўз инон-ихтиёридан айирадиган, шунингдек, беморларни айни усулда даволайдиган гипнозчиларни ҳам қизиқтириб қўйди.
Жумладан, таниқли гипнозчи Мори Бернстайн 1952 йили фавқулодда ишга қўл урди. Колорадо штатининг Пуэбло шаҳрида яшовчи 29 ёшли уй бекаси Виржиния Тайни гипнотик уйқу ҳолатига тушириб, тажриба ўтказди. Дебочасига уни болалигига қайтарди, кейин ўзга замон ва ўзга макон сари “саёҳат”га ундади. Мияси карахтлашган Виржиния гипнозчининг барча саволларига тўлиқ жавоб қайтарди. Гўёки 1799 йили Ирландиянинг Кокс шаҳарчасида яшовчи адвокат хонадонида туғилганини, оилада кенжа қиз ҳисобланганини, 66 ёшида сон суягини синдириб олиб вафот этганини бафуржа сўзлаб берди. Аммо у ўша даврдаги ирланд тилининг қишлоқликларга хос аллақандай тўпори лаҳжасида гапиргани учун айрим гапларини Мори Бернстайн тушунмади.
Бундан қатъи назар, гипноз чоғи Бернстайн аёлнинг ўтмиши, унинг кўплаб замондошлари исмлари, жойлар номлари, муҳим саналар, маҳаллий урф-одатлар, шаҳарчада бўлган дўкон ва корхоналар тўғрисидаги талай маълумотларга эга бўлди. Виржиния ҳатто эскича шевада шеър ўқиб, қўшиқлар куйлади. Унинг айтишича, ХХ аср бошида Бриди Мерфи исмли гўзал қиз 20 ёшида суд оқловчисининг ўғли Син Брайан Жозеф Монартига турмушга чиққан. Келин-куёв аввал Коркадаги протестант черковида, кейин Белфастдаги Авлиё Тереза ибодатхонасида католик маросими бўйича никоҳдан ўтади. Бу вазифани руҳоний Жон Жозеф Горман адо этади.
Мори Бернстайн ўзи ўтказган гипнозлар тафсилотини магнит тасмасига ва кундалигига ёзиб борганди. 1954 йилдан эътиборан уларни газеталарда чоп эттирди. Қарабсизки, унинг тажрибаси кўз очиб-юмгунча бутун дунёга шов-шув бўлиб кетди ва таносух мавзуси Ғарб матбуотида кенг муҳокама қилина бошланди. Басма-басига Морининг турли далилларга ва қизиқарли воқеаларга бой “Бриди Мерфини излаб” номли янги китоби яратилди. У қисқа фурсатда 30 дан ортиқ мамлакатда нашр қилинди. Пировардида ўз замонасининг мухлиси энг кўп ва бозори жуда чаққон асарларидан бирига айланди.
Ана шундай бир пайтда Мори Бернстайннинг рақобатчилари ҳам топилди. Улар бунинг учун, аввало, Виржиния Тайнинг гаплари гарчи Ирландияга тааллуқли эса-да, аслида у ҳеч қачон бу мамлакатда бўлмаганини ва унинг маданияти билан танишмаганини дастак қилиб олишди. Иккинчидан, маълум сабабларга кўра, Бриди Мерфига тегишли расмий ҳужжатлар йўқолиб кетгани учун у туғилган, турмуш қурган ва вафот этган саналарни исботлашнинг иложи йўқ эди. Рақобатчилар гипнозчини ёлғончига чиқаришда бу имкониятдан унумли фойдаландилар. Устига-устак, гўёки ирланд тили бугунги америка лаҳжасига ўхшаб кетиши ҳақида миш-миш тарқатдилар.
Бу “мусобақа”га “Чикаго американ” газетаси ҳам қўшилиб, Мори Бернстайн билан Виржиня Тайни қаллобликда айблашдан тап тортмади. Таҳририят ходимлари Тайнинг қилмишларидан ўша кезлар Чикагода истиқомат қилаётган Бриди Коркелл исмли ирланд кампир яхши хабардорлигини зўр бериб уқтиришди. Амалда эса бу хоним маҳаллий газеталардан бирини бошқараётган муҳаррирнинг онаси бўлиб чиқди. Бундан хабар топганлар журналистларга ишончини йўқотдилар. “Чикаго американ” газетаси раҳбарияти эса кимошди савдосида ютқазиб қўйди, унинг рақиби “Чикаго дейли ньюс” Мори Бернстайн китобини чоп этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Бу мағлубиятларнинг сабаби шундаки, Виржиния гипноз чоғи қайд этган далилларнинг аксарияти тўғри эди. Масалан, 1861 йили босилган Корка харитасида Мидоус номли кичик туман борлиги аниқ кўрсатилган. Виржиния эса Бриди Мерфи шу жойда ўсиб-улғайганини харита чиқишидан 9 йил олдин билдирганди. Давомини суриштирсангиз, у маҳаллий дўконлардан айримлари номини ҳам аниқ айтгани, Белфастда Бриди ҳаётининг сўнгги кунларида яшаган коттеж борлиги, Фарр ва Карреген баққол оиласидан эканлиги аниқланди.
Энг муҳими, Мори Бернстайн тақдим этган магнит тасмасига қулоқ тутган гувоҳларнинг барчаси ундан ғалати талаффузда гапираётган аёлнинг овози эшитилганини якдиллик ила эътироф этишди. Ўз навбатида, бу аёл XIX аср бошида Ирландияда мавжуд бўлган урф-одатлар ва кундалик ҳаётни бемалол баён этганидан ҳайратга тушишди. Виржиниянинг ўзи эса гипноз ҳолатидан чиқиб, ҳушёр тортганда ҳеч нарсани эслай олмади. Овози ёзилган лентани тинглагач, ғоят ажабланди ва шунча нарсаларни қаёқдан билиб олганини тушуниб етолмади.
Мана, ҳаш-паш дегунча, орадан 72 йил ўтди. Лекин Мори Бернстайн тажрибасига доир баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0