Менинг кичик Ватаним

14:46 | 28.10.2026
•
24
 Менинг кичик Ватаним
Катталаштириш

Биз, журналистлар, баъзан яхшиликлар ҳақида ёзишга тортинамиз. Кимдир мақтовга йўймасмикан, маддоҳликда айбламасмикан, деган ўй билан кўпроқ камчиликларни кўрсатишга уринамиз. Гўё журналистнинг вазифаси фақат танқид қилишдан иборатдек…

Яқинда маҳалламизда раис бўлиб ишлаган қишлоқдошим бу борада мендан анча хафа бўлиб гапирди.

«Пойтахтдай жойда журналистман, дейсан. Нега маҳалламиз ҳақида, биз қилган ишлар ҳақда ҳеч ёзмайсан? Маҳалламизни ҳам ёзсанг-чи, қизим!» – деди у.
Ўйлаб қарасам, гапида жон бор эди. Мен туғилиб ўсган Ўрта Овул сўнгги йилларда анча ўзгарди.

Бу ўзгаришларни ўз кўзим билан кўриб туриб, улар ҳақида ёзмаслигим тўғри эмасдек туюлди.

Шундай қилиб, кимдир маддоҳликка йўйишидан чўчимай, ўзим гувоҳ бўлган ҳақиқатларни қоғозга туширишга қарор қилдим.
Сешанбада қолган хотира
Мен Ўрта Чирчиқ туманидаги Ўрта Овул маҳалласида туғилиб ўсганман. Бир вақтлар бу ерда кундалик турмушимиз ҳозиргидан фарқ қиларди.

2008 йил. Еттинчи синфларда ўқирдим. Маҳалламизда деярли ҳар кеча чироқ ўчарди. Электр қачон ўчиб, қачон ёниши соатбай белгиланганди. Дарсларимни милтиллаб ёнган шам ёруғида тайёрлардим. Сешанба кунлари эса кун бўйи умуман электр бўлмасди.

Бунга шу қадар кўникиб кетгандикки, бир кун олдин уйдаги телефонларни қувватлаб, сувни идишларга ғамлаб қўярдик. Ҳатто маҳалламиздаги ягона дўконда баъзан шам ҳам қолмасди. Шунда тунни зимистонда ўтказардик.

Ўша пайтларда телевизорда хориж фильмларини кўриб, кўп нарсага ҳавас қилардим. Масалан, бирор кишининг мазаси қочса, тез ёрдам дарров етиб келарди. Бир куни тунда онамнинг тоби қочди. Уйда чироқ йўқ, ташқари зимистон. Фильмларда кўрганларим ёдимга тушиб, довдираб:

— Онажон, тез ёрдам чақирсак-чи? — дедим.

Онамнинг жавоби эса ҳамон ёдимда:

— Тез ёрдам ишламайди-ку болам.. Ўша пайтдаги ожизлик ва ноиложлик ҳисси ҳамон юрагимда.

Бугун уйимизда чироқ ўчмайди. Тез ёрдам чақириш ҳам фильмлардагина кўрадиган ҳодиса эмас, кундалик ҳаётимизнинг оддий бир қисмига айланган.

Аммо ҳар сешанбада негадир ҳамон бир ноқулайлик ҳис қиламан. Муҳим ишларимни бу кунга режалаштирмасликка ҳаракат қиламан.

Ҳаёт ўзгараркан. Лекин болаликдаги айрим хотиралар инсонни тарк этмас экан...Одамларни бирлаштирган мақсад
Сўнгги йилларда Ўрта Овул маҳалласи «Опен бюджет» ташаббуси доирасида кетма-кет беш марта ғолиб бўлди. Бу натижа ўз-ўзидан қўлга киритилмади. Бунинг ортида маҳалламиз аҳлининг бирдамлиги ва жонкуярлиги турибди.

Одамларни умумий мақсад атрофида бирлаштириш, овоз тўплашга сафарбар қилиш ва курашиш осон эмас. Бизнинг ҳудудимизда турли миллат вакиллари яшайди. Бир вақтлар турклар истиқомат қиладиган маҳалла, ҳозирда қозоқлар яшайдиган маҳалла ва ўзбеклар яшайдиган бизнинг маҳалла...

«Опен бюджет» мавсумларида шу уч маҳалланинг бир мақсад йўлида бирлашганига, биргаликда овоз тўплаганига, ғалабани бирга нишонлаганига гувоҳ бўлдим.

Ваҳоланки, илгари бу маҳаллалар ўртасида тўй-ҳашамларда ҳам жанжаллар чиқиб турар, одамлар бир-бири билан унча қўшилмасди.

Энди эса умумий манфаат одамларни бирлаштира бошлади. Менимча, бу бирлашиш ҳам эътиборга лойиқ ютуқ.
Маҳалламиз натижалари
«Опен бюджет»даги ғолибликлардан кейин қарийб 30 йил хароба ҳолда ётган эски боғча капитал таъмирланиб, болалар фойдаланишига топширилди. Кейинги ютуқлардан сўнг тупроқ ва лой кўчалар ўрнини асфальт йўллар эгаллади. Аввалги чанг кўчалардан асар ҳам қолмади.

Тор ва шароити оғир бўлган оилавий поликлиникамиз ўрнида икки қаватли замонавий бино қад ростлади.

Маънавий ўзгариш
Халқимизда «Одамларнинг моддий аҳволини билмоқчи бўлсанг, бозорига, маънавиятини билмоқчи бўлсанг, мозорига боқ», деган ҳикмат бор.

Бизнинг қабристонимиз ҳам маҳалла аҳлининг ҳашари ва жонкуярлиги билан обод бўлди. Йўллари текисланиб, панжара ва деворлари янгиланди.

Маҳалламиздаги яна бир муҳим ўзгариш — яқин йилларда бу ерда «Ўрта Овул жоме масжиди» қад ростлади. Илк бор бизни ҳам кўчаларда азон садолари янграй бошлади.

Бу воқеа мен учун шунчаки янги бино қурилганини англатмайди. Чунки бундан ўн йигирма йиллар аввалги хотираларимда диний эътиқод билан боғлиқ оғир кечинмалар бор. Ўшанда уйимизда ота-боболаримиздан қолган муқаддас китоб — Қуръон сақланарди. Онам Қуръон тиловат қилар, рўмолда юрарди. Давлат идораси ходимлари онамни қайта -қайта чақириб, нима мақсадда Қуръон ўқиши ва нега рўмол ўраши ҳақида саволга тутишди.

Ўшанда биз хавотирга тушиб, уйдаги китобларни ерга кўмиб, яшириб қўйдик. Орадан йиллар ўтиб, уларни қайта олиб чиқдик.

Бугун онам ибодатини эркин адо этяпти. Бир вақтлар муқаддас китобларни яширишга мажбур бўлган оила бугун уларни очиқ сақламоқда.
Ҳашар билан қурилган уй
Бу йил қишлоқдошларимиздан бирининг уйи ёниб кетди. Оила бошпанасиз қолди.

Шунда маҳалладошларимизнинг қандай инсонлар экани яна бир бор намоён бўлди. Улар оғир вазиятда қолган оилага бефарқ қараб турмади. Ҳашар йўли билан ёниб кетган уй ўрнига каттагина, шинам уй қуриб берди. Бундай ҳамжиҳатлик акс этган воқеалар кичик ватанимизда аслида жуда кўп..

Бироқ барини ёзсам, матн зерикарли бўлиб қолади деб қўрқаман..
Табиат...
Бугун қишлоғимизга кириб келар экансиз, йўлнинг икки четида бўй чўзаётган яшил дарахтларни кўрасиз. Улар яқин йилларда экилган ниҳоллар. Энди-энди бақувват бўлиб, қишлоғимиз кўркига кўрк қўшмоқда.

Маҳаллада янги дўконлар, тамаддихоналар, автохизмат шохобчалари ва новвойхоналар пайдо бўлди. Хонадонларнинг эски, қийшиқ деворлари ўрнини чиройли дарвозалар эгаллади.

Кўчаларимизда замонавий автомобиллар ҳам кўпайди.

Буларнинг барчаси маҳалламиз қиёфаси ўзгараётганидан дарак беради.
Маҳалланинг кўринмас қаҳрамони
Кичик ватаним ҳақида ёзар эканман, яна бир инсонни алоҳида тилга олмасам бўлмайди. У — қишлоқдошимиз Абдурасул ака.

Уруш бўлмаган замонда Ватан учун жон беришга эҳтиёж йўқдир. Аммо Ватанга муҳаббат фақат жанг майдонида намоён бўлмайди. Ўз юрти, маҳалласи учун жон куйдириш ҳам бугун катта жасорат талаб қилади.

Абдурасул ака ана шундай инсонлардан.

У «Опен бюджет» танловларида одамларни фаол бўлишга чорлади. Ҳашарларда ташаббус кўрсатиб, таъсирчан сўзлари ва саъй-ҳаракатлари билан одамларни руҳлантирди. Беш карра ғолибликни қўлга киритишимизда, кўчаларимизнинг обод бўлишида Абдурасул аканинг алоҳида ҳиссаси борлигини қишлоқдошларимиз ҳар сафар таъкидлайди. Қолаверса, Асанбаева Бувайда опа, Умурзовоқ Улуғбек ака, Собит Мустафоев каби бошқа фаоллар саййи -ҳаракатини ҳам шу ўринда эътироф қилиш керак.

Кимдир бу мақоламни маддоҳликка йўйиши мумкин. Аммо бу менинг кичик Ватаним, туғилиб ўсган маҳаллам ҳақидаги ҳикоям ва кўрган ҳақиқатларим...

Мафтуна Каримова

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади