Молдовалик касабачи ўзбекистонлик ҳамкасбларини табриклади
Айни кунларда бир гуруҳ Молдова касаба уюшмалари вакиллари юртимизда бўлиб туришибди. Айни пайтда Касаба уюшмалари саройида ўтаётган байрам тадбирида улар ҳам қатнашмоқда.

Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Молдова Республикаси Энергетика ходимлари федерацияси раиси Виктория Ница байрам тадбирида иштирок этиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларини Касаба уюшмалари куни билан табриклади.
У илк бор юртимизга ташриф буюрганини таъкидлаб, Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, халқимизнинг меҳмондўстлиги, миллий қадриятларимиз ва ислоҳотлар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, Молдова ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги алоқалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Касаба етакчиси Молдова Республикасида ҳар йили 7 июнь — Касаба уюшмалари куни нишонланиши, ушбу сана муносабати билан турли тадбирлар ўтказилиб, касаба уюшмалари фаоллари ва аъзолари кенг жалб этилишини билдирди.
Виктория Ница ўз табригида ҳамкасбларига муносиб меҳнат шароитлари, муносиб иш ҳақи ва мустаҳкам бирдамлик тилаб, шундай деди:
«Бизнинг умумий мақсадимиз бир — меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш. Биргаликда биз кучмиз!»







