“Мурожаатларим жавобсиз қолаётганди, 1211 ишонч телефони мушкулимни аритди...”
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг хотин-қизлар муаммолари бўйича ишлайдиган 1211 ишонч телефонига келган мурожаатнинг тақдири билан қизиқиб, фуқаро билан боғландик. Мурожаатчи, 32 ёшли Дилшода Ўринова шундай сўз бошлади:
“Мен Андижон вилояти Избоскан туманида яшайман. Тақдир экан, биринчи турмушим барбод бўлди, битта фарзандим билан ота уйимга қайтиб келдим. Уч йилдан сўнг, мени Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи бир йигитга иккинчи марта узатишди. У ва унинг оиласи билан ҳаётимиз давомида кўп келишмовчиликлар бўлди, аммо энди нима бўлсаям чидашга мажбур эдим. Орада уч нафар фарзандли бўлдик. Начора, барибир тақдиримиз қўшилмаган экан, яна ажрашдим. Тўрт нафар фарзандим билан ота уйимга яна қайтишимга тўғри келди.
Ота-онамнинг ҳам шароитлари яхши эмаслиги, камига биз энди нақ беш киши бўлиб қайтганимиз учун, ўзимни меҳнатга урдим. Болаларимни боқиш, ўқитиш, рўзғор юки дегандай... Турмуш ўртоғим эса, биздан хабар олиш, ёрдам бериш ҳақида ўйламасдиям. Мен болаларимга алимент ундириш бўйича судга мурожаат қилдим. Шу йилнинг май ойида бўлиб ўтган судда ундириладиган маблағ аниқланди: бу 14 млн. сўмни ташкил қилар экан. Бироқ, турмуш ўртоғим пулларни тўламай юраверди. Мен Ўрта Чирчиқ тумани Мажбурий ижро бюросига, Халқ қабулхонасига бир неча марта қўнғироқ қилдим. Ўрта Чирчиқ тумани МИБ ходимлари ҳатто қўнғироқларимга ҳам жавоб бермай қўйишди. Ўзим ўша жойларга борай десам, Тошкентгача масофа олис, йўл харажати, ёш фарзандларимдан узоққа кетишга шароитим ҳам тўғри келмасди.
Ниҳоят, бир дугонам мушкул аҳволга тушган хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи 1211 ишонч телефони борлигини айтиб қолди. Шундан сўнг ўша рақамга мурожаатимни қолдирдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, менинг картамга 5 млн. 700 минг сўм тушириб берилди. Қолгани ҳам тез орада тўлаб берилишини айтишди. Мурожаатимни эътиборсиз қолдирмагани учун Касаба уюшмалари Федерацияси масъулларига катта раҳмат, улардан миннатдорман!
Фуқаронинг яна билдиришича, айни пайтда у яшаётган Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги газ, электр таъминотида узилишлар кўп. Уйлар совуқ бўлганлиги сабабли, кўмир ҳам сотиб олиниши зарур. Энг каттаси 9, энг кичиги 3 ёшли бўлган тўрт нафар фарзандларини вояга етказиш учун ҳам у айни пайтда кунлик меҳнат билан банд. Дилшоданинг яқин орада доимий иш билан таъминланишини ва моддий аҳволи яхшиланишини ҳудуд масъуллари назоратга олишига ишонамиз ва буни кузатишда давом этамиз.
Шунингдек, биз алимент пулларининг қолган қисми қачон тўлаб берилишини билиш учун Ўрта Чирчиқ тумани Мажбурий ижро бюроси раҳбари билан боғландик. Масъул айни пайтда бу масала бюро назоратида эканлигини, жавобгарнинг ойлик маошлари ҳисобидан қолган қисми ҳам босқичма-босқич ундириб берилишини билдирди.
Холида Эгамбердиева,
“ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0