Нодавлат ва хорижий олийгоҳлар талабалари учун грант танлови бошланди

Ўзбекистондаги нодавлат олийгоҳлар ва хорижий университетлар филиалларида таҳсил олаётган талабалар учун мақсадли давлат гранти танловига аризалар қабул қилинмоқда. Рўйхатдан ўтиш 17 октябрга қадар my.uzbmb.uz платформаси орқали давом этади.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, танловда грант квотаси ажратилган таълим соҳаларида бакалавриатнинг кундузги шаклида ўқиётган талабалар иштирок этиши мумкин.
Саралаш тегишли фанлар мажмуаси бўйича тест синовлари орқали ўтказилади. 2026 йилда давлат олийгоҳларига кириш имтиҳонларида мос фанлардан тест топширган талабалар аввалги натижалари билан ҳам қатнашиши мумкин.
Грантлар минимал ўтиш балини тўплаган талабалар ўртасида белгиланган квоталар доирасида тақсимланади. Грантни қўлга киритганларга у бутун ўқиш даври учун ажратилади. Бироқ улар ўқишни тамомлагач, давлат ёки давлат улуши мавжуд ташкилотларда камида уч йил ишлаб беришлари шарт.







