Нюренберг маҳакамасига 80 йил
1946 йил1 октябрь куни Нюрнбергдаги Халқаро ҳарбий трибунал залига чўккан сукунат инсоният тарихида янги эранинг бошланиши эди. Тўрт забардаст давлат – СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Франция вакиллари бўлган судьялар нацистлар Германияси олий раҳбарияти устидан чиқарилган тарихий ҳукмни эълон қилишди.

Деярли бир йил давом этган ва жаҳон ҳуқуқшунослигида чинакам бурилиш нуқтасига айланган «аср суди» айнан шу куни расман якунига етди. Уруш ҳали бутунлай тугамаган, аммо Европада жанглар якунланган бир пайтда – 1945 йил 8 августда ғолиб давлатлар Лондон битимини имзолаб, Халқаро ҳарбий трибунални ташкил этиш ва унинг Уставини тасдиқлаш тўғрисида келишиб оладилар.
Суд ўтказиладиган жой сифатида Нюрнберг шаҳрининг танланишида ҳам чуқур рамзий, ҳам амалий маъно бор эди. Биринчидан, бу шаҳар Гитлер ва унинг Немис миллийсоциалистик ишчилар партиясининг дабдабали съездлари ўтказиладиган жой бўлган. Айнан шу ерда 1935 йилда машъум ирқий «Нюрнберг қонунлари» қабул қилиниб, яҳудийлар ва бошқа миллат вакиллари барча фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, келажакдаги Холокост ва қирғинбаротга ҳуқуқий замин яратилган.
Иккинчидан, шаҳардаги Адлия саройи биноси иттифоқчиларнинг вайронкор бомбардимонларидан мўъжиза туфайли омон қолган ва хавфсизликни таъминлаш учун тергов қамоқхонаси билан бевосита туташган эди.
Суд мажлислари 11 ойдан ортиқ давом этди. Бу вақт ичида немис архивларининг минглаб саҳифалик махфий ҳужжатлари, концлагерлардаги даҳшатларни акс эттирган фото ва кинохроникалар синчиклаб ўрганилди.
Суд амалиёти тарихида илк бор жараён бир вақтнинг ўзида тўртта – рус, инглиз, француз ва немис тилларида олиб борилди.
Жорий этилган синхрон таржима тизими мажлисларнинг тўхтовсиз ва самарали ўтишини таъминлаб, халқаро мулоқотнинг мукаммал намунасини кўрсатди. 1946 йил 1 октябрда эълон қилинган ҳукм эса нацизм режимига берилган якуний баҳо бўлди. 12 нафар асосий айбдор (улар орасида Герман Геринг, Иоахим фон Риббентроп, Вильгельм Кейтель ва бошқалар) дорга осиш орқали ўлим жазосига ҳукм қилинди (Мартин Борманга нисбатан сиртдан).
3 киши (Рудольф Гесс, Вальтер Функ, Эрих Редер) умрбод қамоқ жазосини олди, 4 киши 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилди, 3 киши оқланди. Ўлим ҳукмлари 1946 йилнинг 16 октябрига ўтар кечаси ижро этилди. Трибунал шахслардан ташқари, нацистларнинг асосий жазолаш ва террор органлари – СС, СД, Гестапо ҳамда Адольф Гитлер раҳбарлик қилган ультраўнг НСДАП (Немис миллийсоциалистик ишчилар партияси)ни жиноий ташкилотлар деб эълон қилди.
Ҳуқуқшуносларнинг эътироф этишича, Нюрнберг суди жараёнида жаҳон амалиётида илк бор замонавий халқаро ҳуқуқнинг фундаментал категориялари мустаҳкамлаб қўйилди. Улар сирасига агрессив урушни режалаштириш ва олиб бориш, уруш қоидаларини бузган ҳолда асирларни қийнаш ҳамда шаҳарларни вайрон қилиш киритилди. Тинч аҳолига нисбатан ирқий, диний ёки сиёсий мотивлар бўйича содир этилган шафқатсизликлар – инсониятга қарши жиноятлар сифатида баҳоланди ва бу каби ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган тизимли фитналар илк бор жиноят деб топилди.
Нюрнберг трибуналининг бош тарихий хизмати шундаки, айбдорлар курсисида алоҳида ижрочилар эмас, балки давлат террори ва агрессиясининг бутун бир тизими пайдо бўлди. Трибунал томонидан яратилган ва кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган прецедент келажак авлодлар учун абадий огоҳлантириш бўлиб янгради: эгаллаб турган лавозими, дип ломатик мақом ёки «юқорининг буйруғини бажариш»ни рўкач қилиш энди ҳеч қачон тинчлик ҳамда инсониятга қарши жиноятлар учун шахсни жиноий жавобгарликдан озод этмайди.
Орадан саксон йил ўтиб ҳам Нюрнберг мероси ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. У бугунги халқаро жиноий суд тизими ва глобал хавфсизлик архитектурасининг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Аброр ХОН
Ishonch.uz







