Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 687.70-7.17

  • EUR

    13 790.2623.94

  • RUB

    140.030.55

+17C

+17C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+17c

  • Hozir

    +17 C

  • 23:00

    +17 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Seshanba, 21-May

+17C

  • Hozir

    +17 C

  • 23:00

    +17 C

  • Seshanba, 21

    +17 +20

  • Chorshanba, 22

    +18 +20

  • Payshanba, 23

    +20 +20

  • Juma, 24

    +19 +20

  • Shanba, 25

    +18 +20

  • Yakshanba, 26

    +13 +20

  • Dushanba, 27

    +17 +20

  • Seshanba, 28

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Оилапарварликка даъвогармиз, аммо…

15 май – «Халқаро оила куни» экан. Бу балки бошқа давлатларда байрам ўлароқ қабул қилинар. Кимлардир шу кунни оила даврасида тантанаю асъаса билан нишонлар ҳам. Аммо бу сана бизда нечоғли қадр-қийматга эга? Ҳар ҳолда, азал-азалдан оилапарварликка, болажон халқликка даъво қилиб келамиз. Демак, мазкур кунни нишонлаш учун оз бўлса-да, ҳақ-ҳуқуқимиз бор.
292 11:45 | 15.05.2024 11:45

Шубҳа йўқки, буни асослашга сабаблар изласак, истаганча топамиз. Бироқ, масаланинг бир «аммоси» борки, ундан кўз юмишнинг сира иложи йўқ!


Яқинда ижтимоий тармоқларда самарқандлик мактаб ўқувчиси она бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аён бўлишича, чақалоқнинг отаси бошқа мактаб ўқувчиси экан.


Бош прокуратура берган статистикага кўра эса жорий йилнинг ўтган даврида 22 нафар мактаб ўқувчиси оила қурган. 13 ёшдан 16 ёшгача бўлган никоҳлар эрта ҳомиладорлик билан боғлиқ бўлган.


Яна бир статистика: 2024 йил январь-март ойларида 11,5 мингта оила қонуний тартибда ажрашган. Тегишли тартибда ажрашмай, бир-бири билан яшамаётган оилалар сони ҳам мингдан ортиқ бўлса, ажаб эмас…


Бир қарашда рақамлар бирикмасидан таркиб топган оддий маълумот. Аммо-лекин ушбу статистиканинг ортида жуда катта фожеа мужассам. Фожеаки, бутун бошли миллат учун, жамият учун зарари, заҳмати катта мусибат. Ахир, биз бундай миллат эмас эдик-ку! Уят, ор-номус, ибо-ҳаё, иффат учун жонидан кечишга тайёр аждодларнинг авлодлари эмасмидик?


Юқоридаги ҳолат айнан ёш оилалар хиссасига тўғри келмоқда ва ёшлар билан боғлиқ ачинарли вазиятлар тобора аянчлашиб бормоқда. Ваҳоланки, бизда оила институтини тартибга солувчи, қўпол қилиб айтганда, оламшумул вазифаларни қоғозда дўндириб, ўринлатиб, қойиллатиб бажарадиган ташкилотлар бор. Ҳатто керагидан ортиқ. Натижа эса… афсус, минг афсус…


Хўп, бу масаланинг бир жиҳати, холос. Унинг яна бир муҳим тарафи борки, ундан кўз юмиш маҳол. У ҳам бўлса, ҳозирги авлоднинг танлаган йўли, ўй-хаёллари, ташвишлари, қизиқишлари…


Қизиқ, ҳозирги ёшлар ҳали вояга етмасдан оила қуришга ошиқишяпти. Кутилмаганда ота-онага айланиб қолаётганларини эса нима деб изоҳлашга тил ожиз. Нима, улар барча илмлар, соҳалар, ҳаётнинг сир-асрорларини шу даражада хатм қилиб бўлишдимикан? Ахир, фарзандли бўлиш, оила қуриш дегани шунчаки икки вужуддаги моддаларнинг алмашинуви эмас-ку! Унинг ўзига яраша масъулияти, машаққати бор, ҳарқалай. Энг ачинарлиси, мана шундай калтабинлар туфайли оила аталмиш муқаддас қадриятга тобора путур етмоқда. Оиланинг таназзулга йўл тутиши алал-оқибат, жамиятни издан чиқаради ва чиқаряпти ҳам.


Хўш, бу каби аянчли ҳодисаларнинг туб илдизи қаерга бориб тақалади? Соддаликками ёки илмсизликка?


Назаримизда, бунинг ортида илмсизлик, тарбиясизлик ётади.


Физиканинг олтин қоидаси бор: бордан йўқ бўлмас, йўқдан бор. Шундай экан, ота-она ўзида йўқ илм ва тарбияни боласига қандай қилиб бериши мумкин? Тагини суриштирсангиз, мана шу ҳолатга дучор бўлаётганларнинг деярли ҳаммаси носоғлом муҳитда, оилада ўсиб-унаётганлар бўлиб чиқади.


Хўп, бу каби иллатларни таг-томири билан қўпориб ташлаш учун нима қилмоқ керак? Шудир масала!


Сир эмас, бугун орамизда моддий таъминотни энг муҳим омил ҳисоблайдиганлар истаганча топилади. Шу важ билан ота ёки она четга ишлашга кетади. Афсуски, бирон қариндош-уруғининг қўлида, падари ва волидасининг йўлига кўз тикиб, кун санаётган болалар ҳам йўқ эмас. Ўз вақтида ота-она меҳрига тўймаган, улардан тарбия олмаган йигит-қиздан эса оламшумул бир ишни кутиш булутсиз осмондан ёмғир тилашдек гап.


Тўғри, бундай вазиятда ота-онани ҳам айблаб бўлмайди. Бинобарин, турмуш мушт, рўзғор ғор. Уни бутлашнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, ишсизлик ҳукмрон бўлган олис қишлоғу овулларда бу икки ҳисса оғир масала. Бироқ бу моддий манфаат ҳар нарсадан устун дегани эмас. Ота-онанинг фарзанд олдида моддиятдан икки ҳисса ортиқ бошқа – маънавий мажбуриятлари ҳам бор. Зотан, қорин тўқ, уст-боши бутун бўлгани билан ақлий салоҳияти, тарбияси, илми маромида бўлмаса, бари бекор, беҳуда…


Аслида сабабсиз оқибат бўлмайди. Бугун маиший, ижтимоий муаммолар катта кўргуликларни олиб келмоқда. Тарбиясизлик, маънавиятсизлик, илмсизлик кун сайин ортиб бораётгандек. Ор-номус арзонгаров матоҳга айланиб улгураётгандек… Одамларнинг дарди-хаёли, мақсади битта – қандай қилиб бўлса-да, пул топиш.


Лекин бундай бўлиши керак эмас. Одамзоднинг яшашдан мақсади бу қадар юпун бўлмаслиги лозим. Эшакка миниб оёқ остини эмас, аксинча туяга миниб, узоқни кўзлашимиз жоиз. Бунинг учун эса шак-шубҳасизки, ўқиш, ўрганиш, уқиш лозим.


Юқорида таъкидлаганимиз масаланинг «аммо»си ҳам шунда-да… Хуллас, бу борада гапирсак, гап кўп, аммо кўмир оз! Эшитадиган қулоқ, амал қиладиган мардум борлиги эса жумбоқли масала…


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид