Узун, қадимий ва ўзига хос: Конституция ҳақида муҳим фактлар

Ўзбекистон ушбу йил ўз конституциясининг 33 йиллигини нишонламоқда. Бош қомус давлатнинг энг асосий белгиларидан бири бўлиб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, асосий қонун-қоидалар акс этади. конституция кенг ва қадимий тушунча. Ҳозирги конституцияларга ўхшаш биринчи ҳуқуқий кодекслар ҳозирги Ироқ ҳудудидаги қадимги қулдорлик давлатлари бўлган Шумер, Аккад ва Бобилда пайдо бўлган. Кейинчалик Қадимги Юнонистоннинг шаҳар-давлатларида қонун ва тартибга солиш кодекслари ёзилган ва бу ташаббус кейинчалик Рим цивилизацияси томонидан қабул қилинган. Қуйида конституцияга муҳим ва қизиқарли фактлар билан танишамиз.

09:36 | 07.12.2025
•
1,464
Узун, қадимий ва ўзига хос: Конституция ҳақида муҳим фактлар
Катталаштириш

Дунё бўйича нисбатан ёши улуғ қомус 1600 йилдаги Сан-Маринонинг Қонунчилик низоми ва асосий тамойиллари (Leges Statutae Republicae Sancti Marini) бўлиб, энг қадимги ёзма конституция саналади.

АҚШ конституцияси эса ҳозирги пайтда ҳам амалда бўлиб турган қадимий ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

У 1787 йилда Филаделфияда Конституциявий конвенция томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган. Эътиборлиси, у қисқа, тахминан 4500 сўздан иборат ва деярли ҳеч қандай тузатишларни ўз ичига олмайди. Бунинг сабаби, АҚШ конституцияси унга ўзгартириш киритиш имкониятини максимал равишда чеклайди, ўзгартириш киритиши жараёни жуда мураккаб саналади. конституцияга киритилган тузатишлар биринчи навбатда Конгресснинг учдан икки қисми ёки махсус чақирилган конституциявий конвенция томонидан қўллаб-қувватланиши, сўнгра қонун чиқарувчи орган ёки штат конвенцияларининг тўртдан уч қисми томонидан маъқулланиши керак. Шу сабабли, АҚШ конституциясининг бутун тарихи давомида 10 000 дан ортиқ тузатишлардан фақат 27 таси қабул қилинган.

Қанчалик қадимийлиги ва демократик тузуми билан мақтанмасин, бугунги кунга қадар Буюк Британияда бир дона ҳам конституциявий матн мавжуд эмас. Бироқ, Британия фуқароларининг ҳуқуқлари бошқа юридик ҳужжатлар, жумладан, қадимги низомлар ва турли конституциявий битимлар билан тартибга солинади. Буюк Британияда суд амалиёти норма ҳисобланади; судда ишни кўриб чиқаётганда, адвокатлар ушбу масала инглиз ҳуқуқ тарихида қандай ҳал қилинганига эътибор беришади.

Япония конституцияси эса тарихда энг тинчликсевар дея тарифланади. У урушдан воз кечишни давлат сиёсатини юритиш воситаси сифатида белгилайди. Бу милитирастик Япониянинг мағлубияти ва унинг сиёсати оқибатида вужудга келган оғир жароҳатлар натижасида вужудга келди. Конституция 1947 йилда Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан сўнг дарҳол қабул қилинди, бу эса ушбу қоидани киритишга туртки бўлди. Япония конституцияси қабул қилинганидан бери унга ўзгартиришлар киритилмаган.

Европадаги митти давлатлардан бири бўлган Малта конституцияси уни тинчлик тарафдори бўлган нейтрал давлат деб эълон қилади. Конституция, шунингдек, ҳарбий иттифоқларда қатнашмасликни белгилайди ва Малта ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштиришни тақиқлайди. У 1964 йилда қабул қилинган. Мазкур жиҳати билан Малта Швейцария, Туркманистон каби мамлакатларга ўхшаб кетади.

Ҳиндистон конституцияси энг мураккаб ва кенг қамровли дея топилган. Ушбу қомус 1950 йилда қабул қилинган, у нисбатан оддий тузатиш тартибига эга, шунинг учун кўплаб тузатишларга дуч келди.

Ҳиндистон конституцияси ўзининг узунлиги ва кўп сонли тузатишларига қўшимча равишда ўзининг мураккаб тили билан машҳур бўлиб, баъзи қоидалар бошқа мамлакатлар конституцияларидан олинган. Бу қонун ҳам изчиллик йўқлиги билан машҳур; бирор нарсани топиш қийин бўлиши мумкин ёки бир хил мавзудаги қоидалар турли жойларда жойлашган бўлиши мумкин.

Шунингдек, Исроил ҳам Буюк Британия каби конституцияси йўқлиги билан ҳам машҳур. Бироқ, бир ҳуқуқий ҳужжатда конституция 1948 йилда, Исроил давлатчилиги эълон қилингандан сўнг дарҳол қабул қилиниши назарда тутилган эди. Конституцияни қабул қилишнинг кечикишига ҳукумат амалдорлари ва диний вакиллар ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб бўлган. Ҳозирги вақтда мазкур давлатда конституциянинг бир қисми бўлиши керак бўлган бир нечта бўлимларгина мавжуд.

Дунёдаги энг кичик давлат бўлмиш Ватикан конституцияси дунёнинг аксарият конституцияларидан бироз фарқ қилади. У қисқа ва биринчи навбатда Папанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига қаратилган. Мазкур ҳужжат 2001 йилда қабул қилинган. Эквадор эса табиат ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаган дунёдаги биринчи давлатдир. Аслини олганда, конституция табиатга тикланиш, яшаш ва бошқа ҳуқуқларни беради. Эквадорда табиат ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи суд амалиёти аллақачон мавжуд. У 2008 йилда кучга кирди.

Бразилия ўз конституциясида маҳаллий халқларга катта урғу берган. “Ҳиндулар ҳақида” деб номланган бутун бир боб уларга бағишланган. Бу қоида уларнинг урф-одатлари, анъаналари, тили, эгаллаб турган ерларига бўлган ҳуқуқларини тан олиш ва ҳимоя қилишни назарда тутади. 1988 йилда қабул қилинган. Ливия Қуръони каримни ўзининг асосий қонуни деб эълон қилди. Бу мусулмон мамлакатларида мутлақо стандарт амалиётдир. Шунга ўхшаш амалиётлар Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони ва Покистонда мавжуд. Шунга кўра, ҳар бир фуқаро ушбу китоб қоидалари асосида ҳаракат қилиши ва яшаши керак.

Франция конституцияни тез-тез ўзгартиришга олиб келадиган мунтазам инқилоблари билан машҳур. Ўтган йиллар давомида ушбу давлатда 15 та конституция қабул қилинди. Амалдаги конституция 1958 йилда қабул қилинган. Дарвоқе, унинг диққатга сазовор хусусиятларидан бири республика шиори — “Озодлик, тенглик, биродарлик” деган машҳур иборанинг киритилганлигидир. Исландия қомусини эса халқ томонидан ёзилган дея тарифлаш мумкин. Чунки уни ёзишда халқ орасидан мин нафарга яқин киши лотерея ёрдамида танлаб олинган.

Хўш, Ўзбекистоннинг бош қомуси саналган ўз конституциямизнинг қандай ўзига хос жиҳатлари бор? Масалан, унда оилавий масалаларга кенг ўрин берилган. Бунга мисол тариқасида фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлари келтирса бўлади. Яъни, конституциямизда “фарзандлар ўз ота-оналари қариганда уларга ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дея белгилаб қўйилган. Ота-оналарнинг ҳам фарзанд вояга етгунга қадар тарбиялаши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, сўнгги киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон ижтимоий давлат дея белгилаб қўйилган ва бу ҳам жаҳон тажрибаси кам учрайдиган амалиёт саналади.

Аброр Зоҳидов

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади