Оммавий баҳолаш сабабли энди одамлар уйини ўзи истаган нархда сотолмайдими?
Куни кеча Миллий матбуот марказида кўчмас мулкни оммавий баҳолаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуман ортидан аҳоли орасида “Оммавий баҳолаш жорий этилса, шахсий уй-жойимизни эндиликда ўзимиз белгилаган нархда сотолмаймизми?” деган саволларни пайдо қилмоқда.
Ishonch.uz сўровига кўра, мазкур масала юзасидан Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази бош мутахассиси Носир Абдураҳмонов қуйидагича изоҳ берди.
– Йўқ, оммавий баҳолашнинг жорий этилиши уй эгалари ўз мулкини исталган нархда сотиш ҳуқуқини бекор қилмайди. Аксинча, бу фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни адолатли амалга ошириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, харидор ва сотувчи ўртасидаги виждонсиз воситачилар томонидан сунъий равишда оширилган нархларнинг олдини олиш имконини яратади.
Бу амалиёт бугунги кунда 140 дан ортиқ давлат томонидан қўлланилмоқда. Оммавий баҳолаш — бу ўхшаш хусусиятларга эга бўлган обектларни гуруҳлаштириб, уларнинг бир квадрат метр қиймати асосида бозорга яқин қийматини аниқлаш жараёнидир.
– Баҳолаш жараёни қандай амалга оширилади?
– Керакли маълумотлар ва бозор таҳлили йиғилади. Обектлар гуруҳланади. Ҳудудлар нарх зоналарига ажратилади. Нарх шакллантирувчи омиллар коеффициентлари белгиланади.
Обектларнинг бозорга яқин қийматлари аниқланади. Натижалар тасдиқланади. Маълумотлар Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Мулкдорлар кадастр рақамини киритган ҳолда ўз обектлари қиймати билан танишиш имконига эга бўлади.
– Ўзи оммавий баҳолаш нега керак?
– Кўчмас мулк қийматидаги кескин фарқларни бартараф этиб, ягона қийматни шакллантиради. Нархларни сунъий ошириш ёки пасайтириш ҳолатларини камайтиради. Гаров қийматларини адолатли белгилашга ёрдам беради. Жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйиладиган мулклар бўйича компенсация жараёнини соддалаштиради. Ҳудудлар инвестицион жозибадорлиги ҳақида ишончли маълумот тақдим этади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0