Унга “бизда бўлмайди...” дейишган, у эса бўлдирди
Хандон писта яхши ҳосил бериши учун жуфти керак экан. Фақат тоғ ёнбағирларидагина ўсадиган бу дарахт уруғини гулистонлик Жамила Мамирова ҳовлисига эккач, у ҳақидаги маълумотлар билан қизиқди. Баъзилар “бу фақат тоғларга мослашган.
Бизнинг чўл шароитимизда ўсмайди” дейишди. Бироқ писта дарахти яхши кўкариб, бўй чўзди. Ҳосили ўн йилдан зиёд кутилди. Ниҳоят кутилган кунлар келди. Ҳовлисида тарвақайлаб кетган улкан дарахт ҳамқишлоқларини ҳайратга солмоқда. Жамила Мамировага ўсимликнинг сув талаб қилмаслиги, ерга мослашганлиги маъқул бўлди. Шу сабаб яна уруғларини экиб, кўчатларини етиштира бошлади. Бугунги кунда кўчат етиштириш Жамила Мамированинг севимли машғулотига, қўшимча даромад манбаига айланган. У хандон пистани қандай парваришлаш, пайвандлаш борасида кўпчиликка ўз билимларини ҳам ўртоқлашмоқда.
Гулистон шаҳар “Ибратли” маҳалласида истиқомад қилаётган Жамила Мамирова қирқ йилдан зиёд мактабда ишлаган. Пенсияга чиққач, боғ яратиш, атрофни яшилликка буркаш севимли машғулотига айланди. Айни пайтда 200 тупдан зиёд олма боғи, томорқасида 200 тупдан зиёд уч йиллик хандон писта кўчатлари бор. Фарзандлари, неваралари ҳам кўчат етиштиришга ишқибоз. Эндиликда улар ёнғоқ, бодом кўчатлари етиштириш билан ҳам шуғулланмоқда.
Баҳор Холбекова




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0