Санъат халқни бирлаштиради, миллатни юксалтиради!
Ўзбекистондан ташқари яна саккизта республика халқ артисти, бир қанча унвонлар соҳиби, салкам 55 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Ялла” ансамблининг бадиий раҳбари, ўзбек эстрада санъатида мактаб яратган, ўз ижоди билан дунёга танилган, Зокировлар сулоласининг ёрқин вакили, қўшиқларида бетакрор оҳанглар билан она юртни улуғлаган, эл суйган санъаткор, Ўзбекистон фахри Фаррух ЗОКИРОВ билан мусиқа, ижод ва замон ҳақида гурунглашдик.
Суҳбатимиз қисқа саволлардан бошланди.
Энг севимли ичимлиги – аччиқ қора чой
Энг севимли таоми – мошкичири
Энг севимли ранги – қизил
Энг севимли бадиий асари – “Ўткан кунлар”
Энг севимли киноси – “Насриддин Бухорода”
Энг севимли актёри – Шукур Бурҳонов
Энг севимли актрисаси – Лутфихоним Саримсоқова
Энг севимли спорт тури – бокс
Энг севимли маскани – Тошкент (шу саволга жавоб ўрнида “Тошканим онам” қўшиғидан хиргойи қилиб берди).
Хоббиси – сукунатни тинглаш...
(Суҳбатдошимнинг фикрича, сукунат ҳам сўзлайди, фақат уни эшита билиш керак... Қойил лекин!)
– Фаррух Каримович, суҳбатга тайёрланиш жараёнида “Ялла” ансамбли, хусусан, сиз яратган қўшиқларни яна бир сидра тинглаб чиқдим ва маза қилдим. Болалигим, ёшлигим ёдимга тушди.
Сиз, мана, салкам қутлуғ саксон ёшни қаршилаяпсиз. Умрнинг шу палласида кимлар ва нималар сизга олисларда қолган беғубор даврларни ёдга солади?
– Эҳ, қай бирини айтай. Биласизми, ёш ўтгани сайин одам боласи қайтадан болага айланиб қоларкан – ҳиссиётлари нозиклашиб, таъсирчанлиги ортаркан. Болаликни эслатадиган хотиралар эса қадрдон маҳаллада, ҳар бир ифорда жонланади.
Болалигимизда ҳар шанба ва якшанба кунлари театрга борардик. Бу оилавий анъана эди. Театрдаги саҳна ва унинг ортидаги ижодий муҳитни, улуғ инсонларни кўп кузатганман. Лутфихоним Саримсоқова, Ҳалима Носирова каби буюк санъаткорлар меҳр билан эркалашарди...
Театрга борсам, тўй ёки тадбирларда ёшликда кўча чангитиб улғайган қадрдонларимни кўрсам, ўз-ўзидан болалик билан боғлиқ ширин хотиралар ёдга тушади. Эски шаҳардаги ҳовлимизни, боғимизни, оилавий йиғинларимизни, жигарларимни кўп ва хўп қўмсайман. Ўша йиғинларга Ботир акамнинг келинойим ва ўғиллари билан меҳмон бўлиб келишларини соғинаман. У давраларнинг гашти, файзи бошқача эди. Шунақанги ажойиб дамлар эдики, ҳалигача энтикиб эслайман.
“Ялла”га келсак, у мен учун ҳароратли хотиралар силсиласининг давомидир. Ёшлигим “Ялла” билан ўтди, бугуним ҳам шу гуруҳ билан кечяпти.
– Фаррух ака, сиз “Ялла” гуруҳи билан бутун бир мактаб ва даврни яратдингиз. Бугун ортга қараганда, ўша йиллар сиз учун нимани англатади?
– “Ялла” мен учун гуруҳ эмас, орзуларим ижобати, умрим баҳори, ёшлигим нафаси, халқимнинг муҳаббати. Биз “Ялла”ни ташкил қилганимизда, ҳеч ким тарих яратамиз деб ўйламаган. Ҳар бир концерт, ҳар бир сафар мен учун имтиҳон бўларди: “Юртимнинг гўзаллиги, халқимнинг буюклигини муносиб ифодалай олаяпманми?” деган доимий саволимга ич-ичимдан жавоб излардим. Биз ҳамиша ўз ижодимиз билан халқнинг юрагидан жой олишга ва қўшиқларимиз орқали Ўзбекистонни, унинг овозини дунёга етказишга ҳаракат қилардик. Ўша туйғулар бугун ҳам юрагимни тўлқинлантириб туради.
– “Ялла”нинг машҳурлиги совет даврида ҳам, мустақилликдан кейин ҳам сўнмади. Сизнингча, бу барқарорликнинг сири нимада?
– Албатта, ҳамжиҳатлик ва ижодий ҳамкорликда. Биз ҳеч қачон шунчаки машҳур бўлишни мақсад қилмаганмиз. Шунчаки юракдан куйлаганмиз, холос. Қўшиқларимиз эса халқимиз руҳиятидан туғилган.
Ботир акам санъатни миллий маданиятнинг элчиси сифатида кўрарди. Мен ҳам фаолиятимни шу руҳда давом эттиришга ҳаракат қилдим.
– Акангиз Ботир Зокиров 1970 йилларда Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Учқун Назаров каби ижодкорлар билан гап-гаштак еган экан. Уларнинг суҳбатига кўп гувоҳ бўлган чиқарсиз...
– Ҳа, ҳаммаси ёдимда. Эсласам, энтикаман. Улар сигарета ҳидига тўйинган хонада турли мавзуларда бир-бирининг суҳбатига тўймасдан гурунглашарди. Ўша давралар мен учун ҳаётимнинг энг бебаҳо саҳифаларидан бири. Мен ўзбекнинг икки буюк фарзанди – Ботир Зокиров билан Абдулла Ориповнинг баҳс-мунозаралари, суҳбатларига гувоҳ бўлган бахтли инсонман.
Улар ўзбек халқининг тарихи, адабиёти, санъати ҳақида соатлаб гурунглашар ва бу шунчаки оддий суҳбат эмас эди. Баъзан баҳс шундай тус олардики, мен ўзимни гўё виждон мажлисида ўтиргандек ҳис қилардим. Уларнинг ҳар бир сўзи ва мулоҳазасида юртга меҳр-муҳаббат, миллат тақдири учун қайғуриш ва шу билан бирга, гўзалликка мафтунлик бор эди.
Адашмасам, 1985 йил эди, Москвадаги меҳмонхонада Ботир акам билан Абдулла ака жадидлар ҳақида роса гурунг қилишди. У пайтлар бу мавзуда гаплашишга ҳамма ҳам ботинолмасди.
Эҳ, ўша суҳбатлар ёзиб қўйилгандами, миллат учун бебаҳо хазина бўларди.
– Юрий Гагариндан “Энг севимли қўшиқчингиз ким?” деб сўрашганда, Ботир Зокиров, деб жавоб берган экан. Қаердадир ўқигандим, кўп қиррали ижодкор (ёзувчи, сценарист, киноактёр, кинорежиссёр) Василий Шукшин бир куни Юрий Гагаринга “Юра, энг яхши кўрган қўшиқчинг Ботир Зокировми? Ахир Россияда ҳам қўшиқчилар кўп-ку...” деб сўрайди. Гагарин бу саволга қисқа ва лўнда жавоб беради: “Мендан сўрашди, мен эса бор гапни айтдим”. Шунда Шукшин “Ҳазиллашдим, сен ҳақсан...” дейди.
Менимча, Шукшин бу гапи билан ўзига ўхшаган яна бир кўп қиррали ижодкор (қўшиқчи, бастакор, рассом, ёзувчи, киноактёр...) Ботир Зокировга ич-ичидан тан бериб, унга ўз ҳурмат ва эҳтиромини билдирган. Шундай эмасми?
– Сиз айтган бу воқеани эшитганман ва у ҳақда кўп ўйлаганман ҳам. Ботир акам шундай санъаткор эдики, унинг қўшиқлари чегара билмасди. Унинг овозида умуминсоний бир дард, муҳаббат ва шодлик мавжланиб турарди. Шу боис Гагарин каби бутун оламга машҳур шахсларнинг акамга меҳр қўйиши табиий эди.
Шукшиннинг “Сен ҳақсан” дейишида ҳам катта маъно бор. Бу фақат тан олиш эмас, ижодкорнинг ижодкорни таний олиши, яъни унинг юрагидаги нурни кўра олишдир. Шукшин ҳам, Ботир акам ҳам халқнинг оғриғини, дардини юракдан ҳис қилишган.
Эсимда, Гагарин вафот этганида, Ботир акам кўзи ёшланиб, “У фақат космосга чиқмаганди, у одамларнинг қалбини ҳам кенгайтирганди”, деган эди. Шукшин ҳаётдан кўз юмганда ҳам роса куйинганди.
– Акангиздан нималарни ўргангансиз?
– Ботир акам мен учун фақат ака эмас, устоз, йўлимни ёритувчи нур эди. У менга куйни эмас, сўзни ҳис қилишни ўргатган. “Қўшиқ фақат овоз ва мусиқадан иборат эмас, унинг юраги шеър”, дерди. Ҳалигача ҳар бир асарни яратаётганда, унинг ўгитларини эслаб ёндашаман
Шеъриятга бўлган ҳурмат ҳам акамдан ўтган энг катта мерос. У киши: “Қўшиқда сўзнинг мағзи чиқмаса, у шунчаки товуш бўлади, холос”, дерди.
Акам шеърни куйга солмасди, суҳбат қиларди. Мен ҳам шу йўлни тутдим...
– “Ялла” гуруҳи аъзолари қаерда бўлмасин, ҳамиша саҳнага ўзбекона, миллий либосларда чиққан. Бетакрор саҳна либослари тарихи ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Бир куни Ботир акам «Нега Камолиддин Беҳзод чизган расмларни саҳнага олиб чиқиш мумкин эмас?» деб қолдилар. У киши Беҳзод миниатюраларидаги кийимларга бироз замонавий сайқал бериб чизиб берганди. Уларнинг бу ғоясидан ҳамкасбларимиз, либос рассомлари ҳайратланганди.
Шу-шу, катта-катта концертларда, хориж саҳналарида шарқона, миллий либослар эгнимиздан тушмай келяпти ва бундан ғурурланамиз. Чунки либослар фақат матодан иборат эмас, унинг қатларида юрт рамзи, маданиятимиз ва миллат тарихидан сўзловчи инжа сирлар акс этган.
– Санъатда миллийлик ва замонавийликни қандай уйғунлаштириш керак, деб ўйлайсиз?
– Илдизи миллий бўлмаган санъат узоққа бормайди. Буни ҳаётнинг ўзи кўп бор исботлаган. Агар санъаткор ўз замини, ўз тупроғини ҳис этмаса, унинг ижоди гўё сувсиз дарахтдек қуриб қолади. Миллийликдан қалб роҳатланади. Лекин фақат ўтмишга ёпишиб олиш ҳам хато.
Мен учун замонавийлик шакл, миллийлик эса, руҳдир. Улар бир-бирини тўлдиради. Ҳар иккаласини уйғунлаштира олган ижодкор эса, ҳақиқий санъаткордир.
– Сиз учун “муваффақият” сўзи нимани англатади?
– Менинг назаримда, бу халқинг муҳаббатини қозониш демак. Саҳнага чиққанингда томошабинларнингмеҳрли нигоҳи ва олқишидан юрагинг тошса – шу муваффақият. Олқиш олиш эса, осон эмас...
– Ҳаёт фақат ёруғликдан иборат эмас, оғир кунлар ҳам бўлади. Уларни қандай енггансиз?
– Ҳа, ҳаёт синовлардан иборат. 1976 йилнинг кузида... Навфал акамнинг вафоти оиламиз кўксидаги беғубор кулгини, ширин қаҳқаҳани ўғирлади. Ўша дамгача айрилиқ азобини, ўлим мусибатини билмас эдим...
Ҳеч ким фарзанд доғини кўрмасин экан. Отам 35 ёшида оламдан ўтган акамдан сўнг кўп яшамади. Мазаси қочган отамни касалхонага олиб бордик. Шифокорлар “обширний инфаркт...” дейишди. Мен “обширний нима дегани?” деб, ёнимдаги Туроб Тўлага юзландим. У: “Фаррух, юраги тилка-пора деган гапни эшитганмисан, шу...” дея уҳ тортиб қўйганди...
Ҳаётимда йўқотишлар кўп бўлди. Ўтганларнинг ҳаммасини Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Оғир дамларда мен мусиқа эшитаман, сукунатга суянаман...
– Агар вақт машинаси бўлса, қайси даврга қайтган бўлардингиз?
– Албатта, болаликка!
– Сиз учун саҳна нима?
– У муқаддас жой! Афсуски, санъатни ва саҳнани қадрламайдиганлар ҳам кўпайиб кетяпти. Мен саҳнага жинси шим, кроссовка кийиб чиқадиганларни тушунмайман. Ярим яланғоч чиқадиганларни эса, ҳазм қилолмайман. Баъзан саҳнадаги енгиллик, беандишалик, “замонавийлик” ниқоби остидаги маънавий бўшлиқни кўриб, юрагим оғрийди. Майли, мени замондан ортда қолган дейишсин, лекин фикрим шу!
– Ҳозирги замонда санъат кўпроқ шоу-бизнесга айланиб бораётгандек...
– Аслида шоу ёмон нарса эмас. Лекин у мақсад эмас, восита бўлиши керак. Агар саҳнада кўзбўямачилик қилинса, у ҳақиқий санъат эмас. Санъат инсонни ўйлантириши, ҳис қилдириши лозим. Қўшиқ қулоққа эмас, қалбга сингиши керак.
– Бугун санъат оламида нималар йўқотилаяпти?
– Самимият ва Сўз! Ҳозир кўпчилик имиж яратиш билан овора. Лекин халқимиз ҳақиқий сўзни фарқлай олади.
– Ижоддаги энг катта қийинчилик нимада?
– Ўзингни такрорламаслик. Яъни ҳар бир янги қўшиқ ҳар жиҳатдан янги бўлиши керак.
– “Ялла” шунчаки бир гуруҳ эмас, балки маданий дипломатиянинг ҳам рамзи бўлган. Шундай эмасми?
– Ҳа, биз “Ўзбекистон”, “ўзбек” деган номни қўшиқларимиз билан дунёга танитишга ҳаракат қилдик. Париж, Токио, Москва, Берлин... Ҳамма жойда юртимиз ва халқимиз номидан куйлаганмиз, куйлаймиз ҳам.
– Қўшиқ учун нима бирламчи – шеърми, куйми ёки овоз?
– Албатта, учаласи ҳам жуда муҳим. Қачонки, шу учта унсур уйғун бўлсагина, ҳақиқий қўшиқ яратилади.
– Сизнингча, санъаткорнинг юраги нимадан кўпроқ эзилади?
– Сохталик ва ёлғондан. Ёлғон сўз, сохта муносабат, ёлғон муҳаббат... Буларнинг бари юракни эзади. Санъатда энг оғриқли нарса – ўзликни унутиш.
– Фаррух ака, совет замонида ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам бадиий ижод, мусиқа ва умуман, маданият ва санъатнинг деярли барча турларида сиёсатга "дастёрлик" асосий принципга айланган эди. Аммо ижодингизни кузатган одам сиз тортган "холст"да бу рангни деярли сезмайди... Аксинча, сиёсат, даврий ва мавсумий мавзулардан кўра, Ватан, она юрт табиати, халқимизнинг тарихи ҳамда маданиятини ифодаловчи қўшиқлар яратишга кўпроқ эътибор бергандайсиз. Масалан, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Учқудуқ, Шаҳрисабз каби шаҳарларга бағишланган қўшиқларингиз бутун мамлакатни қамраб олган ва ҳозирги тил билан айтганда, хит бўлганди. “Бойчечагим бойланди...” билан миллатнинг бир неча авлоди улғайди.
Айтинг-чи, буларнинг бари аввалдан режалаштирилган ижодий лойиҳамиди ёки табиий жараён?
– Йўқ, ҳеч қанақа лойиҳа қилинмаган, ҳаммаси табиий кечган. Ҳар бир қўшиқнинг ўз тарихи бор. Масалан, “Учқудуқ” бир соатда яратилиб, кейин кечки дастурда ижро этилган. Биз бу шаҳарда кўп концерт берганмиз. Бир сафар борганимизда, шоир Юрий Энтин “Йигитлар, Учқудуққа атаб шеър ёздим, шуни қўшиқ қилмаймизми?” деди. Шеърни ўқидик, ҳаммага ёқди. Лекин йигитлар Тошкентга боргач, қўшиқни студияда яратиш кераклигини айтишди. Ҳамма тушликка кетди, мен эса шоир билан қолдим ва унинг кўнгли учун гитарада куй чалиб, қўшиқни хиргойи қилдим. Йигитлар қайтгач, шоирнинг илтимоси билан уларга ҳам ижро этиб бердим. Юрий Энтин “Ҳеч нарсани ўзгартирмасдан шу қўшиқни кечки дастурда айтсаларингиз, яхши бўларди”, деди. Бу фикрга Ботир акам ҳам қўшилди. Хуллас, кечки дастурда қўшиқ мухлисларга тақдим этилди. Одатда концертдан сўнг аёллар ва қизлар дастхат олиш ёки суратга тушиш учун кутиб туришарди. Бу сафар эса, фақат эркаклар келиб, янги қўшиқ билан табриклаб, қўлимизни сиқиб кетишганди...
“Шаҳрисабз”нинг ҳам тарихи қизиқ. Шаҳарнинг ўша вақтдаги амалдорларидан бири, ажойиб адиб Евгений Березиков қўлимга шеър тутқазиб, кулимсираганча, “Ҳамма ёқда “Учқудуқ” янграяпти, илтимос, бизнинг шаҳар ҳам қолиб кетмасин” деганди. У кишининг Шаҳрисабзга муносабати, меҳри туфайли ҳам бу илтимосни рад этиб бўлмасди. Хуллас, юрт ҳақидаги қўшиқлар юртни севган инсонлар билан ҳамкорликда яратилган.
– Вақти келиб, “Ялла” ансамблининг 100 йиллик юбилейи нишонланса, сиз уни қандай тасаввур қиласиз?
– Илоҳим, ҳаммамизни ўша кунларга етказсин. Тишларим тўкилиб, мункайиб қолсам-да, ҳеч бўлмаса, ликопча билан “Тошканим онам”ни айтардим. Аввало, тадбирнинг бетакрор ўтишини истардим. Кейин яна бир гап: бир куни кечки пайт уйга қайтаётсам, маҳалладаги болаларнинг “Ялла, ялла, японская калла...” деб хиргойи қилишаётганини эшитиб қолдим. Аввалига жаҳлим чиқди, сўнг ёнларига бориб, қўшиқни нега бузиб айтишаётгани сабабини сўрадим. Улар бу қўшиқнинг сўзи ва оҳангидан фойдаланиб, ўзларича болаларбоп янги қўшиқ яратишибди. Кулиб қўйдим.
“Ялла”нинг юбилейига ўша “яллачилар”ни ҳам таклиф этардим.
– Бугун сунъий интеллект ёрдамида куй-қўшиқ ҳам яратиляпти. Сиз бунга қандай қарайсиз?
– Сунъий интеллект кўп соҳалар учун фойдали бўлиши мумкин. Лекин ҳеч қачон инсонга ўхшаб куй-қўшиқ яратолмайди. Чунки у ҳолат, кайфият, туйғу ва руҳиятни одамчалик ҳис қилолмайди.
– Адашмасам, ҳалигача отангиз Карим Зокиров репертуаридан биронта қўшиқни ижро этмагансиз? Сабаб...
– Тўғриси, журъат қилолмайман. Навоий бобомиз айтганларидек, “Осон эмас бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасиға панжа урмоқ”.
– Машҳурлик сизга нима берди ва нималардан чеклади?
– Аввало, халқимнинг меҳрини, ишончини берди. Қолаверса, дунё кездим, дунёни танидим. Чекловларга келсак, эл қатори эмин-эркин юролмайман, яъни “рамка”дан чиқолмайман.
– Саҳнадаги Фаррух Зокиров билан шахсий ҳаётдаги Фаррух Зокиров орасида қандай фарқ бор?
– Саҳнага санъаткор бўлиб чиқаман, ҳаётда эса, ҳамма қатори оддий одамман.
– Дейлик, ёшлик пайтингиздаги ўзингиз билан учрашсангиз, унга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Кимлигингни, кимнинг фарзанди, кимнинг укаси эканингни унутма, дердим.
– Тасаввур қилинг, агар чолғу асбоблари инсоннинг характери, дунёқараши, руҳиятини ифодалайдиган бўлса, сиз қайси чолғу асбобини танлаган бўлардингиз?
– Танбур ва сатони.
– Сизнингча, санъат нима ва бугун у қай даражада?
– Санъат – миллатнинг юраги. У ҳар қандай ҳолатда, яъни қайғули дамларда ҳам, қувончли кунларда ҳам уриб туради. Шу юракни асраб-авайлаш эса, эътибор ва меҳрга боғлиқ, албатта.
Узоқ йиллардан бери ижод қилиб келяпман, турли даврларни, турли раҳбарларни кўрдим. Аммо бугунги кундагидек давлат даражасида санъат ва ижодкорга бўлган самимий муносабат ҳамда меҳрни кузатмагандим. Илгари миллий маданият фақат саҳналарда яшаган бўлса, бугун у давлат сиёсатининг маънавий марказига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг маданият ва санъат аҳли билан учрашувлари, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаши, муаммоларига бевосита ечим излаши, ҳамма-ҳаммаси юксак эътибор намунаси, албатта.
Менимча, соҳага ажратилаётган моддий ёрдамлардан кўра, унга қаратилган маънавий эътиборнинг қадри баланд. Чунки бу меҳр, бу ишонч пул билан ўлчанмайди.
Санъаткор учун меҳнати қадрланса, ижоди қалбларга етиб борса – шу катта бахт. Буни сўнгги йилларда ҳар бир ижодкор юракдан ҳис этмоқда. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли бугун ўзбек санъати ўзгача шакл ва ифор билан гулламоқда. Бу гул – меҳрдан сув ичяпти, илдизи эътибордан бақувватлашяпти, новдаси эса ишончдан кўкариб кўтарилмоқда.
Миллий маданият равнақи учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз миқёси ва мазмуни билан бутун жамиятда янги руҳ, янги нафас уйғотди. Бу ўзгаришлар марказида бир ҳақиқат бор – санъат халқни бирлаштиради, миллатни юксалтиради!
– Фаррух Каримович, қимматли вақтингизни аямаганингиз ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!.. Ҳа, айтганча, сиз учун вақт нима?
– Вақт шундай нарсаки, унинг дақиқалардаги қадрини беморлар, сониялардаги аҳамиятини спортчилар жуда яхши билишади. Афсуски, кўпчилигимиз телефон ва гаджетларга ёпишиб, вақтни “ўлдиряпмиз”. Анча бўлди, кундалик ҳаётимизда қумсоатларни ишлатмай қўйдик...
– Фаррух ака, яна бир бор самимий суҳбат учун раҳмат! Ҳамиша худди ҳозиргидек – нон ва сувдек азиз бўлинг!
Суҳбатдош:
Алижон АБДУРАҲМОНОВ




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0