Ҳокимларнинг бир йиллик иш ҳақи давлатга қайтарилиши қонунга зид
Cавол: Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, бугун лавозимидан олинган ҳоким ва ўринбосарлар бир йиллик маошини давлатга қайтариши керак экан. Қонунчиликда шундай бўлиши мумкинми?
Ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов бу ҳақда ishonch.uz га маълум қилди.
– Бу меҳнат қонунчилигига мутлақо зид ҳисобланади. Иш ҳақи — бажарилган меҳнат учун тўланадиган мажбурий тўлов. Ҳатто ходим кутилганидек ишламаган бўлса ҳам, у ўша вақт давомида меҳнат қилган бўлса, иш ҳақини қайтариш мажбурияти йўқ. Ҳаттоки, ходимга ортиқча тўланган иш ҳақи ҳам ундан ундирилиши мумкин эмас.
Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра, ходимга ортиқча тўланган иш ҳақи (шу жумладан, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар нотўғри қўлланилганда) ундан ундирилиши мумкин эмас, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:
- ҳисоблашдаги хатолик;
- агар якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган томонидан ходимнинг меҳнат нормаларини бажармаганликдаги айби эътироф этилган бўлса;
- ходимнинг суд томонидан белгиланган ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) сабабли ходимга ортиқча иш ҳақи тўланган бўлса.
Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 1030-моддасига кўра, қуйидагилар асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтариб берилмайди:
- ижро этиш муддати тўлгунга қадар мажбуриятни бажариш юзасидан топширилган мол-мулк, агар мажбуриятда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса;
- даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятни бажариш юзасидан топширилган мол-мулк;
- иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0