Омонат қўйганларга янги солиқ: фоиз даромадининг 5 фоизи ушлаб қолиниши мумкин
Ўзбекистонда банк депозитлари бўйича олинадиган фоиз даромадларига солиқ солиш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда 30 июль куни бўлиб ўтган «Фискал мулоқот» тадбирида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти бош мутахассиси Фазлиддин Шамсиев маълум қилди.
Маълум қилинишича, 1998 йилдан бери банк омонатларидан олинадиган фоизлар жисмоний шахслар учун даромад солиғидан озод қилинган. Шу боис депозит фоизлари ҳозиргача солиққа тортилмайдиган пассив даромад турларидан бири ҳисобланади. Айни вақтда дивидендларга 5 фоиз, ижара, роялти ва капитал қиймати ўсишидан олинадиган даромадларга эса, асосан, 12 фоизлик солиқ қўлланади.
Фискал таҳлиллар институти мутахассислари мазкур имтиёзни бекор қилиб, банк омонатлари бўйича фоиз даромадларига ҳам дивидендлар каби 5 фоизлик солиқ жорий этишни таклиф қилмоқда. Бунинг учун Солиқ кодексининг 381-моддасига ўзгартиш киритиш талаб этилади.
Тақдимотда халқаро тажриба ҳам келтирилди. Унга кўра, депозит фоизлари Қозоғистон, Озарбайжон ва Ҳиндистонда 10 фоиз, Таиландда 15 фоиз, Индонезияда 20 фоиз, Германияда 26,4 фоиз, Туркияда эса 15–40 фоиз ставкада солиққа тортилади.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, 5 фоизлик солиқ жорий этилса, давлат бюджетига йилига тахминан 1,4 трлн сўм қўшимча тушум келиши мумкин. Бунда 2026 йил 1 май ҳолатига жисмоний шахсларнинг банк депозитлари ҳажми 170,2 трлн сўм, ўртача фоиз ставкаси эса 16 фоиз экани асос қилиб олинган.
Масалан, фуқаро банкка 200 млн сўмни йиллик 20 фоиз ставкада омонатга қўйса, бир йилда 40 млн сўм фоиз даромади олади. Таклифга кўра, шу даромаднинг 5 фоизи — 2 млн сўм солиқ сифатида ушлаб қолиниши мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0