Омонатчиларга компенсация тўлаш муддати 7 иш кунига қисқаради–ОКА

Омонатларни кафолатлаш жамғармаси маблағлари 10,3 триллион сўмга етди. 2027 йилдан эса банк омонатчиларига компенсация олиш имкониятини кафолатлаш ҳодисаси юз берганидан кейин 7 иш куни ичида таъминлаш талаб этилади. Бу ҳақда Омонатларни кафолатлаш агентлигининг ОАВ вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотида маълум қилинди.

11:03 | 22.10.2026
•
22
Омонатчиларга компенсация тўлаш муддати 7 иш кунига қисқаради–ОКА
Катталаштириш

2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Омонатларни кафолатлаш жамғармаси маблағлари 10,3 триллион сўмни ташкил этди. Бу йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 37,7 фоиз кўп.

Ҳисобот даврида тижорат банклари томонидан 2,3 триллион сўм календарь бадал тўланди. Инвестиция фаолиятидан олинган даромад эса 977 миллиард сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 42,6 фоиз юқори.

Жамғарма инвестиция портфелининг 91,1 фоизи давлат қимматли қоғозларига, 7,4 фоизи тижорат банклари депозитларига, 1,5 фоизи эса давлат ташкилотининг қимматли қоғозларига жойлаштирилган.

Айни пайтда омонатларни кафолатлаш тизими иштирокчилари реестрида 34 та тижорат банки ва битта микромолия банки мавжуд.
Агентлик томонидан банкларнинг молиявий ҳолати ва таваккалчилик даражасини ҳисобга олган ҳолда бадал сиёсатини такомиллаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу борада Жаҳон банки ва Марказий банк экспертлари билан ҳамкорликда янги модель ишлаб чиқилмоқда.

Компенсация тўловлари рақамлаштирилади

2027 йил 1 январдан кучга кирадиган талабларга мувофиқ, кафолатлаш ҳодисаси юз берганидан кейин 7 иш куни ичида тугатилаётган банк омонатчиларининг камида тўртдан уч қисмига компенсация олиш имконияти таъминланиши шарт.

Ушбу вазифани бажариш учун агентлик банклар билан маълумот алмашинувини такомиллаштириш, омонатчилар тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва аниқлигини таъминлаш ҳамда ҳисоб-китобларни автоматлаштириш устида ишламоқда.

Бу жараёнда рақамлаштириш муҳим ўрин тутади. «Ўзбекистонда омонатчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича рақамли трансформация лойиҳаси» Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштириш учун танлаб олинган.

Уч йил давомида 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа доирасида агентликнинг ягона бошқарув-ахборот тизимини яратиш кўзда тутилган.

Мазкур тизим компенсация тўловларини ташкил этиш, банклар бадалларини ҳисоблаш ва уларнинг тўланишини кузатиш, инвестиция фаолиятини бошқариш, шунингдек, банклар фаолиятини таҳлил ва мониторинг қилиш имконини беради.

Аҳолининг хабардорлигини ошириш зарур
Очиқ мулоқотда омонатларни кафолатлаш тизими ҳақида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Агентлик томонидан республика ҳудудларида ўтказилган сўровномада 2 минг нафар респондент, жумладан, 1 700 нафар жисмоний шахс ва 300 нафар тадбиркорлик субъекти вакили иштирок этди.

Сўровнома методологияси асосида ҳисобланган умумлаштирилган базавий хабардорлик индекси жисмоний шахслар орасида 2,9 фоизни, тадбиркорлик субъектлари орасида эса 5,8 фоизни ташкил этди.
Натижалар кафолатлаш шартлари, компенсация миқдори ва уни олиш тартиби ҳақида аҳолига содда ва тушунарли шаклда маълумот бериш ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатди.

Агентлик Жаҳон банки, Омонатларни суғурталовчилар халқаро ассоциацияси (IADI) ва хорижий ҳамкорлар билан компенсация тўловларига тайёргарлик, бадал сиёсатини такомиллаштириш, рақамлаштириш ҳамда жамоатчилик хабардорлигини ошириш йўналишларида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Хорижий мамлакатларнинг 14 та омонатларни кафолатлаш ташкилоти билан меморандумлар доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

6–9 октябрь кунлари Бухоро шаҳрида Туркия, Малайзия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг омонатларни кафолатлаш ташкилотлари вакиллари иштирокида халқаро ўқув семинари ҳам ўтказилди. Унда таваккалчиликка асосланган бадаллар, жамғармаларнинг мақсадли ҳажми, компенсация тўловларига тайёргарлик ва жамоатчилик билан ишлаш бўйича тажриба алмашилди.

Бундан ташқари, халқаро тажриба ва экспертлар тавсиялари асосида исломий омонатларни кафолатлаш тизими концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Унда мазкур тизимнинг ҳуқуқий, институционал ва молиявий асосларини шакллантириш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Феруза РАҲИМОВА
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади