Оппоқ қумлар бағридаги яшил кўллар: Жанубий Америкадаги мўъжизавий маскан

Биз яшаб турган Ер сайёраси унча катта бўлмаган самовий жисм саналса ҳам, унда ўзгача ландшафтлар, бир-биридан кескин фарқ қилувчи иқлим шароитлари, географик объектлар бисёр. Шимолий қутбдан Антарктидагача бўлган ҳар бир жой ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Шулардан бири Бразилиядаги Ленсойс-Мараненсес миллий табиат боғи саналади. Унда оппоқ ва чиройли қумтепалар, пастликда эса ёмғир сувларидан ҳосил бўлган зилол, тоза сувли кўллар бор. Айнан шу икки уйғунлик мазкур чўлни гўзал масканга айлантиради.

12:16 | 16.09.2026
11
Оппоқ қумлар бағридаги яшил кўллар: Жанубий Америкадаги мўъжизавий маскан
Катталаштириш

Ленсойс-Мараненсис миллий парки Бразилиянинг шимоли-шарқида, Мараньян штатида жойлашган. Миллий парк 1981 йил июнь ойида ташкил этилган бўлиб, унинг умумий майдони тахминан 155 минг гектарни (шу жумладан 50 километрлик соҳил чизиғини) ташкил қилади. Португал тилидан таржима қилинганда “Lençóis” сўзи “чойшаблар” ёки “тўшак ёпқичлари” маъносини билдиради. Ҳақиқатан ҳам, ҳудудга самолётдан ёки юқоридан назар ташлаган киши чексиз оқ қум тепаликлари шамол таъсирида худди тартибсиз ёйилган оппоқ чойшабларга ўхшаб тўлқинланиб ётганини кўради.

Ҳудуднинг ярмидан кўпини вақтинчалик ва доимий сув ҳавзалариларга эга оқ қирғоқ қумтепалари эгаллаган. Биологик хилма-хилликни сақлашдаги муҳим ролидан ташқари, парк глобал эстетик, геологик ва геоморфологик аҳамиятга эга. 80 километрлик қирғоқ бўйлаб ҳукмрон шамоллар тепаликларни узун қумтепалар занжирларига айлантиради. Ёмғирли мавсумда бу қумтепалар тўлиб, турли ранг, шакл, ўлчам ва чуқурликдаги ҳавзаларни ҳосил қилади. Кўллар максимал сиғимга етганда, ноёб гўзаллик манзаралари очилади. Парк Жанубий Америкадаги энг кўп ҳаракатланувчи ва кўчувчи қумтепаларга эга бўлиб, қирғоқ қумтепаларининг эволюциясининг ёрқин далили бўлиб хизмат қилади. Бу улкан қумтепаликлари шунчаки денгиз бўйидаги оддий қумлар эмас. Олимларнинг фаразига кўра, миллионлаб йиллар давомида Атлантика океанининг кучли шамоллари ва тўлқинлари дарёлар оқизиб келтирган қум заррачаларини қирғоқ бўйлаб ичкарига ҳайдаган. Қумнинг таркиби асосан жуда тоза ва оқ кварцдан иборат бўлиб, у қуёш нурларини жуда кучли акс эттиради. Шунинг учун ҳам қум жуда оқ ва соф кўринади, ҳатто куннинг энг иссиқ пайтларида ҳам оёқни куйдирмайди.

Қумли чўл ва кўллар комбинацияси ноёбдир, чунки у Амазонка дарёси ҳавзасидан олти ой давомида жуда кўп миқдорда ёғингарчилик олади — бу Саҳрои Кабир чўлидан 300 баравар кўп! Табиат боғи чўл сифатида таснифланса ҳам, ёғадиган ёғин миқдори ҳавас қиладиган даражада. Ёмғир суви водийлар ва пасттекисликларда тўпланиб, тиниқ сувли кўк ва яшил кўлларни ҳосил қилади ва чинакам бошқа дунё манзарасини яратади. Бу вақт ичида паркда ҳаёт гуллаб-яшнайди: кайманлар, қуёнлар ва кийиклар яшайдиган чакалакзорлар жонланади; қушлар учиб келишади ва кўллар балиқлар, қисқичбақалар ва бошқа жонзотлар билан тўлади. Қуруқ мавсумда, кўллар деярли бутунлай қуриб қолганда, воҳадаги жониворлар йўқолиб кетиши, фақат ёмғир ёғиши билан қайта пайдо бўлиши ҳам ҳайратланарли жараёндир. Парк ичида жойлашган кичик аҳоли пунктлари аҳолиси бу ҳудудни ўзгача кўриниши туфайли “Маранян чойшаби” деб ҳам аташади. Ленсойс-Мараненсис кўлларидаги сув жуда тоза ва шаффоф бўлиб, унинг ҳарорати йил давомида +27°C дан +31°C гача илиқ бўлади. Бу эса уларда чўмилишни ғоят ёқимли бўлишини таъминлайди. Қизиғи шундаки, бу кўллар ёмғир сувидан ташкил топгани учун уларнинг суви чучук ва минералларга унчалик ҳам бой эмас. Баъзи кўлларнинг ранги қум тубининг чуқурлиги ҳамда қуёш нурларининг тушиш бурчагига қараб мовий, зумрад ёки тўқ кўк рангларга кириб товланади.

Паркнинг яшаш тарзи йил мавсумларига қараб кескин ўзгариб туради. У икки мавсумга бўлинади. Биринчиси қуруқ мавсум (август–декабрь ойларини ўз ичига олади): Ёмғирлар тўхтагач, кучли шамол ва қуёш таъсирида кўллар аста-секин сувсизланади, баъзилари эса бутунлай қуриб, қумликка айланади. Иккинчи давр эса серёмғир мавсум (январь–июнь ойлари). Бу вақтда кўп ҳажмда ёғин ёғиб, қум тепаликлари орасидаги водийларни қайтадан сув билан тўлдиради. Айрим кўлларнинг чуқурлиги 3 метргача етади ва улар бир-бири билан табиий равишда ҳосил бўлган каналлар орқали боғланади.

Қумтепаликлари ва кўлларнинг бундай ўзгарувчан табиатида тирик жонзотларнинг яшаши мумкин эмасликдек кўринади. Аммо Ленсойс-Мараненсис тирик организмларнинг мослашувчанлиги қанчалик юқори эканини исботлайди. Кўлларда юқорида айтганимиздек, майда балиқлар, қисқичбақалар ва сув ҳашаротлари яшайди. Қизиғи шундаки, қуруқ мавсумда кўллар қуриб қолганда, балиқ ва бошқа жонзотларнинг тухумлари қум остида намликни сақлаб, ёки қушлар оёғида бошқа сув ҳавзаларидан олиб келиниб сақланади. Янги ёмғирлар ёғиши билан бу тухумлар жонланиб, қисқа вақт ичида кўллар янги ҳаёт билан тўлиб тошади. Шунингдек, парк ҳудудида митти ўрмонлар, турли буталар ва ўсимликлар ҳам учрайди.

Эсктремал саёҳат ишқибозлари ва ўзгача манзара шайдоларини миллий боғ ўзига оҳанграбодай тортиши табиий. Бу ерга ташриф буюриш учун энг қулай вақт май ва сентябр oйлари оралиғи ҳисобланади. Чунки бу вақтда кўллар сувга тўлиб, сузиш ҳамда гўзал манзаралардан завқланиш учун энг мақбул давр бўлади. Ҳудуднинг экотизимини асраб-арвайлаш мақсадида паркка хусусий автомобиль ёки транспорт воситаларида кириш қатъиян чекланган. Сайёҳлар фақат махсус рухсат этилган тўрт ғилдиракли экскурсия машиналарида (жипларда) ёки пиёда гидлар ҳамроҳлигида саёҳат қилишлари мумкин. Гўзаллик ва ноёб ландшафт сабаб бу ерда бир неча фильм саҳналари ҳам олинган. Жумладан, ҳудудда Бразилиянинг “Қум уйи” фильми, шунингдек, “Клон” сериалининг бир нечта эпизодлари, ҳиндларнинг “Робот” филмидан рақс саҳналари суратга олинган.

Ленсойс-Мараненсис ўзгача гўзаллиги, географик хусусиятлари ва ҳайратланарли табиат уйғунлиги туфайли ҳақли равишда жаҳоннинг энг сирли ва гўзал сайёҳлик манзилларидан бири сифатида эътироф этилади. Айни дамда Бразилия ҳукумати ҳам ҳудуднинг ўзгача экотизимини сақлаб қолиш мақсадида қатъий чоралар кўрмоқда. Хусусан, ҳудудга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг ҳаракатлари жиддий назоратга олинади.

Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

402 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади