«ОСОН»НИНГ ШЎРВАСИ ТАТИМАС
Кредит ва микроқарзлар рекламасида молиявий хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантириш бўлиши зарурлиги хусусида

Ўғлим ўртоғининг «Бизнес қиламиз», деган гапларига учиб, 30 миллион сўм кредит олибди. Буни иши ўхшамаганидан кейин, аниқроғи, кредитнинг тўлов муддати ўтиб кетгач, банк ундирувчиси ва МИБ ходими мени сўраб келган куни билиб қолдим.
Уларга фарзандим Самарқанд шаҳрида ижарада туриб, новвойлик қилаётгани, топгани ўзидан ортмаётганлигини тушунтира олмадим. «Нега розилигимсиз ёш болага шунча пул бериб, энди мени безовта қиляпсизлар», деган саволимга «Болангизни Самарқанддан қидириб юрамизми?», «Менга нима дейсиз, қонун бор, жавобгарлик бор» қабилидаги жавобларни олдим.
Қисқаси, охири қарз ҳисобига уйимдаги мулкни мусодара қилиш тўғрисида суддан қоғоз кўтариб келишди. Ҳовлимга киритмагандим, улар мени уялтириш учун қўшниларим ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раисини чақиришди. Қизиғи, раис ҳам ўғлим 2 йилдан бери Самарқанд шаҳрида яшашини билса-да, «Қонунни қўйинг, ўзбекмиз-ку, ота бўлганингиздан кейин тўлайсиз» деб туриб олди.
Ноиложликдан 30 миллион сўмлик кредитни фоиз, пеня, жарима, суд харажатлари билан 55 миллион сўм қилиб, тўлашга мажбур бўлдим. Алам қилгани, қарзни ёпиш учун бошқа банкдан кредит олишимга тўғри келди. Бу жараёнда уйда қанча жанжал бўлганини кўз олдингизга келтираверинг. Ҳозир ўғлим мени кўрса, қочадиган бўлган.
Бу ҳам етмаганидек, ўтган йили узатган қизим уч кун олдин кўзида ёш билан келди. Айтишича, Россияга ишлашга кетган эри «Патент тўғрилайман» деган важ билан қизимни 20 миллион сўм кредит олишга ундабди. Бошимизга тушган ташвишлардан хабари бўлгани учун у дастлаб кўнмаган. Аммо куёв, қайнона ва қайнотасининг босими билан рози бўлибди. Энди эри пул жўнатмаётганмиш. Банк ундирувчиси кунда-кунора қўнғироқ қилавергани учун қайнонаси: «Отанг ёрдам берсин», деб қизимни уйимга юборибди. Ишонасанми, жаҳлдан юрагим тўхташига оз қолди. Шароитимни тушунтириб, жўнатиб юбордим, бироқ болам учун кўнглим ҳадикда.
Шу, банкдагиларга ҳам ҳайронман. Иши битмаса, мени безовта қилиш ниятида экан, ўғлимга кредит беришдан олдин нега ўзимга қўнғироқ қилмайди? Қайтара оладими, йўқми, суриштирмайди? Биласизми, бугунгача кредит олиб, барака топган бирор одамни кўрмадим...
Янгиланган яра
Дўстим дардини тўкиб, бироз енгил тортди. Аммо унинг юрагидаги оғирлик меникига кўчганди. Зеро ўзим ҳам бир йилча илгари танишимнинг кредитига кафил бўлиб, тоза адабимни егандим.
Қизиқ, одамлар шунақа қаллоб бўлиб кетганми ёки молия муассасалари фойда илинжида ҳеч қандай шартларсиз пул беравериб, ҳаммани тузоққа туширяптими? Тўғри, молиячилар аҳолининг тўлов қобилияти пастлигини яхши англайди. Сўнгги олти йилда фуқароларнинг банклар олдидаги қарзи беш баравардан кўпроққа ошиб, қарийб 231 триллион сўмга етган. Бизнес қарзлари йиллик 12 фоизга ортган бўлса, аҳоли қарздорлиги 21,2 фоизгача кўпайган.
Ачинарлиси, бу вазиятдан айрим банклар фойдаланиб қолишга интиляпти. Чунончи, молия муассасалари фуқароларнинг бошқа банклардан олган кредитларини сўндириш учун пастроқ фоизли кредитлар таклиф қилишаётир. Мутахассислар таъкидига кўра, бундай йўл тутиш нотўғри.
Чунки аксар ҳолларда кам фоизли кредитларнинг тўлов муддати узоқ бўлади. Бундай шартга кўнсангиз, жами тўлайдиган суммангиз сезиларли даражада ортади. Тўланадиган умумий пул миқдорини қиёсласангиз, ҳақлигимизга амин бўласиз. Қолаверса, комиссия, суғурта каби бошқа қўшимча харажатларга тайёр туринг. Шартномадаги тўловни кечиктиришга оид шартларни ҳам диққат билан ўқинг.
Хулоса
Кредит олиб, орзуларни амалга оширмасангиз, ҳорғин ва тушкун кампир ёки чолга айланасиз, қабилидаги реклама тайёрлагувчиларга ҳам икки оғиз гапимиз бор. Қарзни осонгина олаётганлар тўлолмай қолгач, қандай кўргуликларни бошидан кечириши – астрономик фоизлар, жарима ва пенялар ҳақида ҳам аҳолига тушунча беринглар!
Ваҳоланки, жорий йилнинг 7 августида Сенат томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, кредитлар ва микроқарзлар рекламасида молиявий хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантириш бўлиши шарт. Бироқ негадир қонуннинг мазкур қисми ижро этилмаяпти. Буни биз узлуксиз кўришга мажбур бўлаётганимиз кредитларга доир рекламалар ҳам тасдиқлайди.
Аслида энг яхшиси, қарз бўлмаслик. Хотиржам ухлайсиз, бировни бойитиш учун, хусусан, олганингиз устига баланд фоизларни қўшиб тўлаш учун елиб, югуриб, умрингизни, соғлиғингизни сарфлаб юбормайсиз.
Халқимизда пурмаъно нақл бор: арзоннинг шўрваси татимас. Биз эса бугунги ҳолатлардан келиб чиқиб, айтамизки, «осон»нинг ҳам шўрваси татимайди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ
Ishonch.uz







