Педагогларга халқаро стандартлар асосида малака сертификати берилади
Бу эса келгусида ушбу синовлардан 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар учун қўшимча 70 фоиз устама олишда асос бўлади.
Таълим сифатини янги босқичга кўтариш учун 7 та йўналишда иш олиб борилади. Бу ҳақда айни пайтда таълим соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтаётган мулоқотда маълум қилинди.
“Бугунги очиқ мулоқотимиз салкам бир асрлик тарихга эга бўлган Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институтида ўтаётгани албатта бежиз эмас.
Мен йиғилишдан олдин ҳозирги кунда мутлақо янгича қиёфага эга бўлган институтда яратилган шароитлар, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича янги тизим тақдимоти билан танишдим.
Бундан буён таълим сифатини янги босқичга кўтариш учун ишни 7 та йўналишда ташкил этамиз”, - деди Президент.
Йиғилишда, шунингдек, Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлиши белгиланди. Қайд этилишича, институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади.
Шу билан бирга ҳокимларга жойлардаги барча малака ошириш марказларини замонавий қиёфага келтириш топширилди.
Малака оширишда вазирлик, малака ошириш маркази, мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизим йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, улардаги етакчи ўқитувчилар ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”ни ташкил этади. Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.
Қолаверса, муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш албатта давом эттирилиши таъкидланди. Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.
Мисол учун, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса – 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса, яна 70 фоиз устама олади.
Шу тариқа унинг умумий ойлик маоши 4 миллион 500 минг сўмдан 12 миллион сўмга етади.
Ўқитувчилар учун 1 минг доллар маош бугун реал ҳодисага айланиб бораётганини шу мисолда яққол кўриш мумкин.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0