Президент: 2025 йил аёллар бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи йил бўлади
Шавкат Мирзиёев аёллар бандлиги борасида қатор таклифларни илгари сурди ва ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини вилоят, туман, маҳалла даражасида самарали ташкил этишга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.Рафиқов ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамовани масъул этиб тайинлади.
Ўзбекистонда жорий йилда 2 миллион нафар аёллар бандлигини таъминлаш, шундан 1,3 миллион нафар хотин-қизни тадбиркорликка жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, бунинг учун тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қулай молиявий пакетлар тақдим этилади.
Жумладан, “Миллий банк” хизматлар соҳасида камида 200 минг нафар хотин-қизнинг лойиҳаларига кўмаклашади, “Туронбанк” АТБ эса лимончиликда 150 минг нафар аёллар даромад топиши учун арзон кредитлар тақдим этади.
Шунингдек:
- “Микрокредитбанк” АТБ паррандачиликда – 160 минг нафар;
- “Саноат қурилиш банк” АТБ сабзавот ва кўчатлар етиштиришда – 160 минг;
- “Халқ банки” узум, брокколи ва маҳаллий карам етиштиришда – 150 минг;
- “Агробанк” боғдорчилик йўналишида – 144 минг;
- “Бизнесни ривожлантириш банки” кўкат, булғор қалампири, бақлажон ва помидор етиштиришда – 94 минг;
- “Асакабанк” фармацевтика ва узумчиликда – 82 минг;
- “Алоқабанк” IT, асаларичилик ва мевали экинлар етиштиришда 58 минг нафар аёлларимизни банд этишга кўмаклашади.
Қўшимча қилинишича, юқоридаги мақсадлар учун бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 миллион доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади.
“Ўтган йили ташкил этилган “Ҳамроҳ” компанияси янги тизим асосида Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастурини бошлаган эди. Бу лойиҳага ҳам 100 миллион доллар ажратганмиз.
Кредитини вақтида тўлаган аёл тадбиркорларга ушбу дастур доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит беришни бошлаймиз”, – деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, маҳаллада 5 нафар аёлни бизнесга олиб кирган 1 минг нафар “устоз” тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратилади.
Икки ой муддатда банкларда хотин-қизлар учун янгича ёндашув асосида молиявий хизматларни йўлга қўйиш учун эса Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда масъул этиб белгиланди.
Президент Мирзиёев, бундан ташқари, туғруқ таътилига чиққан аёллар учун банк кредитлари бўйича тўловлар муддати 10 ойгача узайтирилишини ҳам айтиб ўтди.
Ўз навбатида, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 4 босқичли янги тизим ҳам йўлга қўйилади. Биринчи босқичда бизнесга қизиққан, лекин кўникмаси бўлмаган 20 минг нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилади. Бунга Савдо-саноат палатаси масъул бўлади. Иккинчи босқичда “Халқ банки” ўзини ўзи банд қилган 100 минг нафар аёлнинг кичик тадбиркор бўлиши учун кўмаклашади. Учинчи босқичда ҳар бир туманда 2 тадан кичик корхонани намунали ўрта бизнес даражасига олиб чиқишга “Ҳамроҳ” компанияси масъул бўлади. Тўртинчи босқичда эса Савдо-саноат палатаси энг фаол 50 нафар аёл тадбиркорни йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошадиган “чемпион тадбиркор”га айлантиради. |
“Жорий йилда 60 та туманни “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича катта марра олганмиз. Бунга қўшимча равишда ҳокимлар ҳар бир вилоятнинг 2 тадан туманини ишсиз аёллар қолмайдиган ҳудудга айлантириш учун масъул бўлади.
Умуман, 2025 йил аёллар бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи йил бўлади.
Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, ишли қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2 миллион нафар аёлнинг бандлиги таъминланади”, – деди давлат раҳбари.
Бунда Марказий банк тижорат банклари билан 1 миллион 300 минг нафар, Касаба уюшмалари федерацияси “Аёллар дафтари”га киритилган 636 минг, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 100 минг нафар хотин-қизни ўқитиб, иш билан таъминлаш ва бизнесини очишга кўмаклашиш учун масъул бўлади.
Президент Мирзиёев аёллар бандлиги борасидаги сўзларини якунлар экан, З.Маҳкамова (Оила ва хотин-қизлар қўмитаси) ҳамда Қ.Рафиқов (Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси)ни юқорида айтилган ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини вилоят, туман, маҳалла даражасида самарали ташкил этишга масъул этиб белгилади.
Сенат Раиси Т.Норбоевага эса маҳаллий кенгашлар билан бирга бу ишларни тизимли назоратга олиб, масъуллар иштирокида уларни мунтазам муҳокама қилиб бориш вазифаси топширилди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0