“Ҳа, кўпчилигимизда маданият етишмайди"...
Бугун қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлдим. Бир киши пиёдалар йўлагига териб қўйилган автомашиналарни айланиб ўтар экан, ўзига ўзи: “Э ланъатилар, йўловчиларни бир чақага олмайди, автоуловинг бўлса, ҳеч кимни писанд қилмайсанларми?”, деди. Очиғи, бунақа ҳолатларга эътибор қилмайман, айланиб ўтавераман, тўғри, сал ноқулайлик туғдиради...
Аммо ўша кишининг астойдил жаҳли чиқаётганлигини кўриб тилим қичиди: “Асабни бузманг, барибир фойдаси йўқ, улар бизни, биз эса ҳайдовчиларни ҳурмат қилмаймиз...”. Қисқаси, икковимизнинг суҳбатимиз қизиб кетди. Автомашиналарнинг пиёдалар йўлагига қўйилиши ортидан баъзида тупроқ, лой ёки ободонлаштириш ходимлари эккан чимни босишга тўғри келаётгани, автомашиналар оғирлигидан брусчатка терилган пиёдалар йўлагининг бузилиб кетаётганидан нолидик.
Кейин йўлдошим ҳар куни ишга яёв бориб келишини, бўлар-бўлмасга сигнал чалаверадиган, пиёдалар ўтиш жойигача баланд тезликда келиб, чийиллатиб тормозни босадиган “ўпкаси тешик” ҳайдовчилардан роса тўйганлигини аччиқ билан баён қилди. Ўз навбатида мен пиёдалар йўлнинг тўғри келган жойидан кесиб ўтиши туфайли ҳайдовчилар асабийлашишини билдирдим.
У гапимга қўшилди: “Ҳа, кўпчилигимизда маданият етишмайди, қонунларни ҳурмат қилмаймиз, мана, кўчаларда радарлар кўпайиб қолди, ҳаммаси жойига тушиб кетар”. Шу пайт яна пиёдалар йўлагини эгаллаган автоуловларга дуч келдик ва катта йўл чеккасидан ҳаракатлана бошладик. Ўша чоғда катта тезликда келган автомашина ариқдан тошиб чиқаётган сувни сачратиб ўтди.
Сал олдинроқда бўлганим учун кийимларимга ҳеч нарса қилмади. Аммо лойқа сув шеригимнинг оч кулранг плашининг олд қисмини ҳарбийларнинг ола-була кийимига ўхшатиб қўйди. У бир зум жим турди ва алам билан ҳақорат аралаш қарғанди. Агарда қарғиши амалга ошгудек бўлса, автомашина аллақачон пачоқланиб, газ баллони портлаб кетиши керак эди.
Кейин йиғлагудек бўлиб рўмолчаси билан кийимларини артишга тутинди ва деди: “Сизга тегмабди”. Мен хижолат тортдим. Яна бироз бирга кетдик, аммо ҳангомамиз бошқа қовушмади.
Алижон АБДУСАТТОРОВ
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0