Ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда нималарга аҳамият бериш лозим?
Баъзан ходимлар иш жойида юзага келган турли муаммо ёки зиддиятлар сабаб иш берувчи томонидан босим ўтказилаётгани, улар ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбурланаётгани ҳақида шикоят қилишади. Айрим ҳолларда эса иш берувчилар ходимлар ариза ёзиб, шу заҳоти иш жойини ўзбошимчалик билан тарк этаётганидан норозилик билдиришади.
Хўш, бундай ҳолатлар қонунчиликка қай даражада мувофиқ? Умуман, ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда тарафлар нималарни инобатга олиши лозим?
Мазкур масала юзасидан «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази етакчи маслаҳатчиси Наргиза Шарипова ishonch.uz нашрига тушунтириш берди.
1. Ходим иш берувчини 14 календарь кун олдин огоҳлантириши лозим!
Ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда огоҳлантириш муддати умумий қоидага кўра 14 календарь кунни ташкил этади.
Бироқ меҳнат қонунчилигида айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг иши хусусиятидан келиб чиққан ҳолда огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари белгиланган:
— ташкилот раҳбари – 2 ой олдин;
— раҳбар ўринбосарлари, ташкилотнинг бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмасининг раҳбари – 1 ой олдин;
— мавсумий ходимлар ҳамда вақтинчалик ишларда банд бўлган шахслар – 3 календарь кун олдин;
— микрофирмалар, якка тартибдаги тадбиркорлар ходимлари ҳамда уй ишчилари – 7 календарь кун олдин огоҳлантиришлари лозим
Лекин агар тарафлар келишса, огоҳлантириш муддатини қисқартириш, яъни меҳнат шартномасини огоҳлантириш муддати тугашини кутмасдан ҳам бекор қилиш мумкин.
2. Айрим ҳолатларда иш берувчи ходим айтган муддатда шартномани бекор қилиши лозим!
Агар ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризада у томонидан ишни давом эттиришнинг имконияти йўқлиги асослантирилган бўлса, масалан, ходим таълим ташкилотига қабул қилинган, пенсияга чиққан, сайланадиган лавозимга сайланган ёки бошқа узрли сабаблар бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши шарт.
3. Ходим огоҳлантириш муддати давомида ўз аризасини қайтариб олишга ҳақли!
Ходим томонидан ариза иш берувчига тақдим этилган куннинг эртасидан тегишли огоҳлантириш муддатининг ўтиши бошланади. Огоҳлантириш муддатининг сўнгги кунига қадар ходим шартномани бекор қилиш истагидан воз кечиши ҳамда аризасини чақириб олиши мумкин.
Масалан, ходим томонидан 2025 йил 23 январь санасида ариза тақдим этилди. Муддат ўтиши 24 январь санасидан бошланади. 2025 йил 6 февраль санаси огоҳлантириш муддатининг сўнгги куни ҳисобланади. Мазкур сана иш вақти тугагунга қадар ходим аризасини қайтариб олиши мумкин. Иш берувчи томонидан бунга тўсқинлик қилиниши мумкин эмас.
4. Огоҳлантириш муддати тугагач, меҳнат шартномаси бекор қилинмаса, ариза кучини йўқотади!
Агар огоҳлантириш муддати тугаган кунда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ қабул қилинмаса ҳамда ходим иш жойида ўз ишини давом эттираверса, ходим томонидан ёзилган ариза ўз кучини йўқотади ва мазкур ариза асосида меҳнат шартномасини бекор қилиб бўлмайди.
Огоҳлантириш муддати тугаган куни буйруқ расмийлаштирилиши лозим. Шу сабабли иш берувчиларга муддатлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади.
5. Ходим огоҳлантириш муддати тугамасдан ишни ташлаб кетиши мумкин эмас!
Амалиётда айрим ҳолатларда ходимлар томонидан ариза ёзиб, шу заҳоти ўзбошимчалик билан ишни ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилади. Бироқ огоҳлантириш муддати давомида ҳам ходимга ташкилотнинг барча ички локал ҳужжатлари амал қилади. Улар доирасида ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши лозим.
Юқорида келтирилганидек, агар узрли сабаблар мавжуд бўлмаса, ходим иш берувчи билан келишган ҳолатда огоҳлантириш муддатини қисқартириши мумкин. Иш берувчи рози бўлмаса, 14 кун ишлаб бериши лозим.
Агар ходим томонидан меҳнат мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаса, иш берувчи огоҳлантириш муддати давомида ходимга интизомий жазо чораларини қўллаши ҳамда етарли асослар мавжуд бўлса, ўз ташаббусига кўра, ходим меҳнат интизомини бузганлиги асослари билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.
6. Ходимни ариза ёзишга мажбурлаш қонунга зид!
Ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ходимнинг шу ташкилотдаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан амалга оширилиши лозим. Иш берувчи ходимни ариза ёзишга мажбурлаши мумкин эмас.
Агар мазкур ҳолатда низо юзага келган тақдирда, судларга аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларни синчковлик билан текшириш ҳамда ходимни ариза ёзишга нафақат мажбурлаш, босим ёки тазйиқ ўтказиш, балки ходимда меҳнат муносабатларини тугатиш истаги бўлмай туриб, иш берувчи томонидан уни ариза ёзишга фаол равишда ундаш ҳаракатлари ҳам қистов сифатида баҳоланиши лозимлиги тўғрисида кўрсатма берилган.
Шу сабабли ходимлардан иш берувчи томонидан мажбурланган ҳолатда ҳам, агар ишни ташлаб кетиш истаги бўлмаса, ариза ёзмаслик сўралади. Агар ташкилотда меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса, туманингиздаги меҳнат инспекторига, адлия бўлимига, прокуратура органларига ёки тегишлича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0