Ректор ва талабалар «Падаркуш» спектаклини томоша қилишди

Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида «Ренессанс» театр-студияси томонидан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмаси асосида яратилган замонавий спектакль намойиш этилди.


Унда бир қатор олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этиб, асарни катта қизиқиш билан томоша қилишди.


Маълумки, «Падаркуш» ўзбек адабиётидаги илк миллий драма. Маҳмудхўжа Беҳбудий мазкур асарда бир оила фожиаси орқали жамиятдаги илмсизлик, тарбиясизлик ва лоқайдлик каби иллатларни очиб берган.


Спектаклнинг замонавий талқини ҳам томошабинлар ва талабаларда катта таассурот қолдирди. Унда фарзанд тарбияси, ота-онанинг масъулияти, билимсизлик ва эътиборсизликнинг аянчли оқибатлари, шунингдек, бугунги жамиятда учраётган долзарб муаммолар таъсирчан саҳна кўринишлари орқали ёритиб берилди.


— Мен тенгдошларим билан тез-тез театр томошаларига бориб тураман. «Падаркуш» асарининг замонавий талқини менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ёшлар орасида учраётган муаммолар маҳорат билан очиб берилгани эътиборимни тортди, — дейди «Зулфия» мукофоти совриндори Висола Турсунова.


Беҳбудий мазкур асари орқали ифодалашга уринган иллатлар бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Шу боис, унинг талабаларга намойиш этилиши алоҳида аҳамиятлидир.






