Ярим миллиард долларлик зарар: АҚШ тарихида ҳали очилмаган энг йирик ўғрилик
1990 йил март ойида АҚШ тарихидаги энг йирик ўғирликлардан бири юз берди.

Икки номаълум шахс Бостондаги Изабелла Стюарт Гарднер музейидан умумий қиймати 500 миллион долларга тенг 13 та санъат асарини ўғирлаб кетишди. ФҚБ терговга бошчилик қилиб, йўқотилган асарларни топишга ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар мукофот пули ваъда қилди, аммо ҳалигача ҳам ҳеч қандай натижага эришилмади. Баъзи далиллар эса тушунарсиз равишда йўқолиб қолди.
Санъат фаоли ва коллекциячи Изабелла Стюарт Гарднер галереяни 1903 йилда очган. Очилганидан бери у кўплаб ноёб ва жуда қиммат асарларнинг уйига айланди – бу асарларни ихлосмандлар ҳурмат билан “бебаҳо” деб аташади. Улар орасида Дега, Мане, Вермеер, Рембрандт ва барча даврларнинг бошқа буюк рассомларининг асл асарлари бор эди. 1990 йил 18 март кечаси ўғрилар айнан шу асарларни нишонга олишган.
Бинода сақланган асарларнинг улкан қийматига қарамасдан, хавфсизлик мўрт эди: ўша куни тун бўйи атиги иккита қўриқчи турган эди. Кўринишидан, режа ҳеч кимнинг бундай асарларни ўғирлашига йўл қўймаслик эди – улар жуда кўзга ташланарди ва ҳатто қора бозорда ҳам бундай расмлар бўйича ишга тайёр бўлганлар кам эди. Аммо бу икки ўғрини тўхтата олмади. Музей ёнида қизил Dodge Daytona автомобили тўхтаб турарди. Унда полиция формасидаги икки киши ўтиришарди. Улар кеч бўлишини кутиб, бинога яқинлашишди, сўнгра эшик қўнғироғини босишди. Эркаклар қўриқчи Рик Абатга шовқин ҳақидаги сўровга жавоб бераётганликларини айтишди. Қўриқчи ҳамма нарса жойида эканини билдирди. Аммо полиция формаси уни нотаниш одамларни ичкарига киритишга мажбур қилди. “Полициячилар” қўриқчига шубҳали кўринадиган одам қидирилаётганини, шунинг учун улар билан бирга сўроқ қилиш учун бўлимга боришлари кераклигини даъво қилишди. Абатнинг довдираб қолганидан фойдаланиб, сохта полициячилар уни маҳкам боғлаб қўйишди.
“Улар мени етти соат давомида электр қутисига занжирбанд қилишди. Аввалига ваҳимага тушдим, кейин эса Боб Диланнинг “Мен озод бўлишим керак” қўшиғини куйлай бошладим. Ўша лаънати қўшиқни қанча вақт куйлаганимни билмайман, лекин орадан анча вақт ўтганди”, деб эслайди кейинчалик Рик Абат. Қўриқчи ўғрилик учун қаттиқ жазо олишидан хавотирда эди: ахир ҳийла-найрангни пайқамай, ўғриларни музейга киритган айнан у эди. Вазиятни аниқлашга келган иккинчи қўриқчи ҳам талончилар томонидан қўлга олинди. Қароқчилар энди хавф остида эмас эдилар: уларнинг ихтиёрида миллиардлаб долларлик экспонатларга эга бутун музей бор эди. Жиноятчилар бетартиб ҳаракат қилишмади, чунки улар қайси асарларни хоҳлашларини аниқ билишарди. Экспонатларнинг қиймати жиноятчиларнинг улардан жуда қўпол фойдаланишига тўсқинлик қилмади: иккита расм рамкаларидан кесиб олинганди. Бутун жараён тахминан бир ярим соат давом этди. Ўғрилар 11 та расм (Рембрант, Мане, Дега, Вермеер, Гувер асарлари) бронза бургут ва қадимги хитой вазасини ўғирлашди. Ўғирланган буюмларнинг умумий қиймати тахминан 500 миллион долларни ташкил этди. Бу Қўшма Штатлардаги энг йирик музей талончилиги эди.
ФҚБ терговни ўз назоратига олди. Расмлар АҚШ ташқарисига олиб кетилишидан хавотир бор эди, бу уларни топишни янада қийинлаштирди. Терговчилар дастлаб ўғрилик ортида Янги Англиядан – АҚШнинг шимоли-шарқидаги олтита штатдан иборат ҳудуддан келган жиноий гуруҳ турган деган хулосага келишди. ФҚБ асарлар қандай танланганини аниқлай олмади: агар қиймати бўйича бўлса, унда нима учун баъзи қимматроқ асарларга тегилмаган? Мутахассислар ҳали ҳам аниқ хулосага кела олмадилар. Бундан ташқари, қароқчиларда кўпроқ расмларни ўғирлаш учун етарли вақт бор эди, аммо улар бундан фойдаланмадилар. Бу ўғриларнинг малакаси ҳақида ҳам саволлар туғдирди: ўғриликни буюрганлар баъзи расмларнинг шунчаки кесиб ташланганини кўриб хурсанд бўлишлари эҳтимолдан йироқ. Бу ўғрилар шунчаки яхши тайёрланган ёлланма жиноятчилар бўлганидан далолат беради. Уларнинг санъатни ёки экспонатларнинг асл қийматини яхши тушунишлари аниқ эмас. “Банкни ёки нақд пул олиб ўтиладиган транспорт воситасини ўмаришда, ниятларни тушуниш осонроқ. Улар пул истайдилар. Санъат асарларини ўғирлашда ниятни аниқлаш анча қийинроқ”, деб таъкидлади терговчи. Ахир, талончиликни махфий коллекциясини кенгайтиришни истаган санъат ихлосманди буюртма қилган бўлиши мумкин.
Аммо тахминлар ўзини оқламади. Тергов деярли ҳеч қандай натижа бермади ва иш атрофида миш-мишлар тарқала бошлади. Бир муддат Бостоннинг энг машҳур гангстери Жеймс Булгер талончиликка алоқадорликда гумон қилинаётган эди. У шунингдек, ФҚБ хабарчиси ҳам эди. Кейин Ирландия Республика Армияси (IRA) гумон қилинди, улар гўёки расмларни сотишдан тушган маблағдан фойдаланган бўлиши мумкин. Чинакам фавқулодда шахс бўлган Майлз Коннор кичик ҳам бюронинг эътиборига тушди. У рок қўшиқчиси, гиёҳванд моддалар сотувчиси ва санъат ўғриси эди. 1960-йилларнинг ўрталарида Коннор бир нечта галереяларни талон-тарож қилди ва кўплаб қимматбаҳо асарларни ўғирлади. Изабелла Стюарт Гарднер музейини талон-тарож қилиш пайтида қамоқда бўлган бўлса-да, унинг аввалги жиноятлардаги танишлари ҳам бунга алоқадор бўлиши мумкин. Бироқ, назариялар ҳибсга олишлар ва расмий айбловларга олиб келиш учун етарли эмас эди. Музей раҳбарияти тез орада йўқолган асарлар ҳақида маълумот учун 1 миллион доллар мукофот таклиф қилди. Кейинчалик бу сумма 5 миллион, кейинчалик 10 млн долларга оширилди, аммо бу ФҚБ ишини қисман мураккаблаштирди: кўп одамлар терговчиларга ўз назариялари билан мурожаат қила бошладилар, аммо улар бирон бир аниқ далил келтира олмадилар.
Яна бир назарияга кўра, экспонатлар шунчаки йўқ қилинган: эҳтимол, ўғрилар уларни сота олмаган ва бундай асарларни сақлаш жуда хавфли бўлиб қолган. Бундан ташқари, расмларни сақлаш масаласи нозик: улар маълум бир ҳарорат ва намликни сақлашни талаб қилади, акс ҳолда ҳолати ёмонлашади. Терговчилар 2013 йилда катта ютуқларга эришгандек эди: матбуот анжуманида ФҚБ вакиллари ўғриларни аниқлаганликларини эълон қилишди. Терговчиларнинг фикрича, экспонатлар Коннектикут ва Филадельфияга олиб кетилган. Ўғрилар гўёки 2000-йилларнинг бошларида уларни сотишга уринган. Бироқ, гумондорлар бунга алоқадор эмасдек туюлади: ҳеч бўлмаганда, йўқотилган асарлар ҳақида маълумот учун мукофот ҳали ҳам амал қилади ва ҳеч қандай ҳибсга олишлар эълон қилинмаган. Жиноятда жуда нуфузли шахслар - ФҚБ далилларини ўғирлашга қодир бўлганлар - иштирок этган бўлиши мумкин. Терговчилар бир неча йиллар аввал қолган далилларни батафсилроқ ДНК таҳлили учун лабораторияга юборганлиги ва у шунчаки ғойиб бўлганлиги маълум бўлди.
Хусусий терговчи Артур Бранд ишни текширишда давом этди. Унинг фикрича, расмлар Ирландияда. Детективнинг таъкидлашича, нидерландиялик жиноят тўдаси бошлиғи ҳатто асарлар йўқолганидан кейин уларнинг фотосуратларини ҳам кўрсатган. Бироқ, терговчи айбдорларни ёки мукофотни топишдан кўра, санъат асарларининг ўзларини топишга кўпроқ қизиқади. Бошқа бир британиялик терговчи Чарльз Хилл ҳам асарлар Ирландияда эканлигига ишонади: гўёки улар у ерга 1990-йилларнинг биринчи ярмида олиб келинган ва ўғрилик ортида Жеймс Булгер турган. Бошқа тафсилотлар ҳам Европа билан боғлиқликка ишора қилади: қўриқчиларнинг сўзларига кўра, талончилик пайтида қароқчилардан бири “дўст” (mate) сўзини ишлатган — бу атама кўпроқ ирландлар, британияликлар ёки австралияликлар томонидан қўлланилади, америкаликлар эмас. Шунинг учун жиноят маҳаллий бўлмаганлар томонидан содир этилган.
Ўн учта экспонатнинг ҳеч бири ҳеч қачон топилмаган. Ҳеч кимга расман айблов қўйилмаган. Ўғирланган асарларнинг ҳолати қарийб ўттиз йил давомида номаълум бўлиб келди. Санъат асарларининг қаерда эканлиги ҳақида маълумот берганлар учун 10 миллион долларлик мукофот ҳали ҳам эгасиз қолмоқда.
Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz







