Ўриндош ходимга ҳам мукофот пули бериладими?

— Менга ўриндошлик асосида ишлайдиган жойимдан байрам учун мукофот пули бериладими? Ҳисобчидан сўрасам, байрам пули фақат асосий штатдаги ходимлар учун берилади, деди. Шу тўғрими?
Д. Холиқназаров, Бухоро вилояти
Ушбу саволга меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперт Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ жавоб беради:
— Меҳнат кодексининг 438-моддаси 6-қисмига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига илова “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 15-бандига кўра, агар жамоа шартномасида ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ўзга ички ҳужжатда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошлик асосида ишловчилар меҳнатига ҳақ тўлаш шакллари ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча ҳақ, устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш мазкур иш ўзи учун асосий иш бўлган ходимларга белгиланган тартибда амалга оширилади.
Демак, агар жамоа шартномасида ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган бошқа ички ҳужжатда алоҳида тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошлик асосида ишловчиларга меҳнат ҳақи, мукофот, қўшимча ҳақ, устама, рағбатлантириш тўловлари шакли ва тизими ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.







